Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:10

Бир гаражим бор эди...



Бир тулпорим бор эди,
Беклар унга зор эди...
Қўшиқдан


Бошқаларни билмадим-у, ҳукумат бирор олижаноб ислоҳот бошласа, қўрқавераман. Чунки доим тескариси бўлади. Бир йили “Оила йили” бўлди, статистикага кўра ўша йили ажрим кўпайиб кетибди. “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”да майиб бўлмаган тадбиркор қолмади ҳисоб.

Марҳум устозимиз Рауф Парфи таъбири билан айтганда, “Қарияларни қадрлаш йили” эса ҳақиқий маънода қарияларимизни қабрладик. “Обод маҳалла йили”да эса маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилди. Ана шу дастур, ободончилик туфайли мен каби гаражига меҳр қўйганларнинг бошига кулфат тушди...

“Кулфат” десам, ажабланманг, чунки гаражимга меҳрим баланд эди.

Биринчидан, гаражни қимматга, 1800 АҚШ долларига сотиб олгандим. Ичига герметик қоплама қилиб, иссиқ-совуқдан ҳимояли тизим ўрнатгандим. Электр сими тортиб, ичини ҳатто “келин тушса” уялмайдиган қилиб қўйгандим.

Ҳандағини кенгайтириб, кинолардагидек автоуловларнинг расмларини ёпиштиргандим. Тошкент шаҳар Ҳамза тумани ИИБнинг “Қўриқлаш бирлашмаси” билан гаплашиб, назорат тизими ўрнатмоқчийдим.

Бирданига гаражларни бузиш кампанияси бошланиб кетди. Тошкентда 20 та маҳалла шаҳардаги ”Намунали маҳалла”га айлантирилиши, бу маҳаллаларда замонавий автотураргоҳлар қурилиши лозим экан. Суриштирдим, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қарори бор экан. Қаршилигим ўтмади, 3 кун муддат беришди, гаражимдан қолган металломни эса лўлиларга 150 долларга пуллашга улгурдим, холос.

Ҳокимиятдагиларнинг фикрича, баъзи яшовчиларнинг меники каби машиналари йўқ, бироқ рўйхатдан ўтказилмаган гаражи бор экан. Бу гаражлар ичида темир-терсак, эски-туски кийимлар, дераза ва ойна синиқлари, қишга деб тайёрланадиган мураббо, компотлар сақланаркан. Ҳатто шундай антисанитария ҳолатидаги гаражларнинг кўпида ёнғин чиққан, айримларида террорчилар ҳам яшириниб олган ҳоллар ҳам бўлган экан.

Хуллас, ҳукуматимиз гаражларни бузиш олдидан бизнинг, аҳолининг ғамини еган. Маҳалла, кўнгиллар обод бўлсин, деган. Лекин маҳалла ҳам, кўнгил ҳам обод бўлмади-да. Гаражим ўрнида ҳозирги кунда кўп қаватли уй эгалари томонидан ташланган ахлат уюми, унинг олдидаги симёғочда лўлиларнинг “Металлом оламиз” деган эълони қолган. Икки йил аввал бошланган гараж бузиш ислоҳоти деярли охирига етиб қолди, бошқалар ҳам мен каби гаражини хотирлаб ўтиргандир.

Гараж бузилганидан сўнг туман ҳокимлигининг гаражлар бошқармаси қўлимга “G-2312” рақами ёзилган бир парча қоғоз берди. Бу маҳаллада қурилажак автотураргоҳдаги менинг жойимга кафиллик ҳужжати эмиш. Лекин икки йилдан бери на тураргоҳ, на ҳокимият вакилидан дарак бор...

Президент 2013 йилни “Обод турмуш йили” деб эълон қилди. Яна қўрқаман...

Тилла Бола
XS
SM
MD
LG