Линклар

“Москвада АҚШ жосусининг ушланиши нўноқ комедиядан бошқа нарса эмас!”


Россия телеканаллари намойиш этган бу тасвирда¸ АҚШ дипломати Фоглнинг Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан сўроқ қилинаëтгани акс этган.

Россия телеканаллари намойиш этган бу тасвирда¸ АҚШ дипломати Фоглнинг Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан сўроқ қилинаëтгани акс этган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати сешанба куни Москвадаги АҚШ дипломатининг россиялик аксил-террор офицерини жосусликка ëллашга уринаëтган пайтда қўлга олинганини иддао қилди. Россия ва АҚШ ўртасида тез-тез содир бўладиган жосус-жосус сериалининг навбатдаги қисми сифатида кўрилаëтган бу воқеага муносабат билдирган кекса рус разведкачиси унга шундай баҳо берди.


Борис Володарский ўз умрининг аксар қисмини Россия Бош разведка бошқармасида ҳарбий разведка маълумотлари йиғиш ва таҳлил қилиш билан ўтказган кекса мутахассис.

Ҳозирда Лондонда истиқомат қиладиган Володарский Озодлик мухбири билан суҳбатда сешанба кунги воқеанинг ўта нопрофессионал тарзда уюштирилган комедия ва масхарабозлик дея баҳолади.

Россия Федерал хизматининг матбуотга билдиришича¸ Москвадаги АҚШ элчихонаси дипломати Райн Кристофер Фогл россиялик хавфсизлик хизмати офицерини ëллашга уринаëтган пайтда қўлга олинган. Россия давлат телеканаллари намойиш қилган махфий камера орқали ëзилгани иддао қилинаëтган тасвирда Фоглнинг парик кийган ҳолда¸ ëнида Москва харитаси¸ компасс¸ пичоқ ва катта миқдордаги нақд пул билан ушлангани намойиш этилди.

Аммо АҚШ жосуси деб тақдим этилаëтган дипломат ëнидан бундай ўта примитив ашëлар топилгани профессионал разведкачилар кулгисини қистамай қолмаëтир..
Собиқ ГРУ офицери Володарский ҳам шундай мутахассислар жумласидан:

- Бирор разведка мутахассиси бу воқеанинг ҳақиқатда содир бўлганига ишонмайди. Бугунги кунда разведка операциялари мутлақо бошқача услубда амалга оширилади. Бундай амалиëтлар махфийлиги ўта мураккаб шаклда қўриқланади¸ бунга узоқ ҳозирлик кўрилади ва Фогл воқеасида кўрсатилаëтган каби алмисоқдан қолган пичоқ ва компасс эмас¸ балки ўта тараққий қилган технологиялар ишлатилади. Фогл жанжали 70-йиллар руҳида ўта ношудларча уюштирилган комедиядан бошқа нарса эмас.

Сизга очиғини айтсам¸ жосус ëллаш мутлақо бунақа тарзда қилинмайди¸ хусусан бу иш ҳеч қачон Москвада бўлмайди. Уларнинг бари хориж ҳудудида қилинади. Иккинчидан¸ Фогл ëнидан топилгани иддао қилинаëтган нарсаларни кейинги 50-30 йил ичида разведкачилар умуман ишлатмай қўйган.

Озодлик: Федерал хавфсизлик хизматининг иддаосича¸ гўë Фогл ëнида ўзи жосусликка ëлламоқчи бўлган россиялик офицерга биринчи учрашув учун 100 000 доллар¸ йиллик хизмат ҳаққи учун эса¸ 1 000 000 доллар берилиши ëзилган ҳужжат ҳам бўлган. Россиялик жосусларга ҳақиқатан ҳам шунақа катта пул тўланадими?


Володарский: Мен жосуслик нарх-навосини билган одам сифатида бунақа рақамлар мутлақо йўқ¸ деб айта оламан. Биринчидан¸ хориж разведкачиси ўзи жосусликка ëлламоқчи бўлаëтгани шахс билан учрашувга на ўзи ва на эҳтимолий ҳамкорини таҳдидга қўядиган нарса ва ҳужжат билан келмайди. У ҳеч қачон ëнида катта пул¸ айниқса¸ жосусликка ëлламоқчи бўлаëтгани маҳаллий ҳамкорига қанча пул берилиши ëзилган ахмоқона қоғоз билан келмайди. У ҳеч қачон фонар¸ парик¸ харита ëхуд қора кўзойнак каби нарсаларни олиб юрмайди ëнида. Ўта муҳим махфий маълумот берувчи жосусларга 1 000 000 доллар ҳақ бериш мумкин¸ аммо бу ҳақ иш битгач¸ узоқ ҳамкорликдан сўнг берилади. Қолаверса¸ жосуснинг хизмат ҳақи ҳеч қачон биринчи учрашувда нақд берилмайди. Бу унинг Швейцария ëхуд бошқа бехатар жойлардаги банк ҳисобларига ўтказилади.

Озодлик: Сиз айтаëтган жиҳатларга қарамай¸ АҚШ дипломати Фоглнинг сохта парик кийган ҳолда ушлангани тасвири кўрсатилди. Агар у жосуслик билан шуғулланмаган бўлса¸ Россия хавфсизлик кучлари бу воқеани қандай қилиб уюштирди?

Володарский: Менимча¸ бу саволнинг икки мантиқий жавоби бор. Тахминимча¸ жаноб Фогл ҳақиқатан ҳам АҚШ Марказий разведка бошқармаси аъзоси . Аммо ўйлашимча¸ у ëки Россия фойдасига жосусликка ëлланган бўлган ëки уни қайсидир йўл билан қопқонга туширишган. Ана шу икки тахминдан бири. Шахсан мен¸ Фоглнинг Россияга жосуслик қилганига ишонмайман. Бу ўта таҳликали иш. Тахминимча¸ уни қандайдир йўлини қилиб¸ қопқонга туширишди.

Озодлик: Фоглнинг ушланиши АҚШнинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Майкл МакФол Twitterда кўпдан кутилган савол-жавоб ўтказган кунга тўғри келди. Сизнингча бу шунчаки тасодифми?

Володарский: Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аммо мен бу жиҳатга жуда кўп эътибор қаратмаган бўлардим. Бу воқеа Путин сиëсати¸ Россия ҳукумати ва Кремл маъмуриятининг кейинги ҳатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун қилинган ишдир.

Мен бу ерда Россия мухолифатининг хориждаги кучлар томонидан молиялаштирилаëтганини тўхтатишга қаратилган қонунни назарда тутаяпман. Кремл Ғарб¸ хусусан Грузияни мамлакатда ҳокимият тўнтариши қилиш мақсадида мухолифатчилар ва фуқаровий жамиятига пул бераëтганликда қайбламоқда. Менимча¸ Фогл комедияси ана шу иддаони қувватлаш мақсадида амалга оширилган.

Озодлик: Россия расмийлари Фоглдан мамлакатни зудлик билан тарк этишни талаб қилмоқда. Фогл Америкага қайтгач¸ унга нима бўлади¸ деб ўйлайсиз?


Володарский: У АҚШ Марказий разведка бошқармасининг контрразведка бўлими ходимлари томонидан атрофлича сўроқ-жавоб қилинади. Улар ҳар қандай эҳтимолни ўрганишга ҳаракат қиладилар. Фогл нимаки қилган бўлса¸ унга иқрор бўлади¸ албатта. Мутасаддилар¸ шунга қараб қарор берадилар. Тахминимча¸ у ўз ишидан бўшатилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG