Линклар

logo-print
“Жуда даҳшат бўлди!”

2013 йилнинг 13 май куни Татаристоннинг Зеленодолский тумани Новая Тура аҳоли пункти ёнидаги 28 минг квадрат метр ҳудудда жойлашган савдо комплексида кундуз куни чиққан ёнғин оқибатида мавжуд 8 бўлимдан олтитаси тўлиқ куйиб битди.

Кечки соат 10 ларда тўлиқ ўчирилган ёнғинни бартараф қилишга 300 зиёд одам, 70 дан ортиқ техника, жумладан¸ вертолётлар жалб қилинди. “Новая тура” бозорида фаррошлик қилиб юрган ва оловни ўчиришда бевосита ёрдамлашган ўзбекистонлик Муроджон Озодликка гувоҳи бўлган ҳодиса тафсилотларини сўзлаб берди:

- Мен шу ерда дворник бўлиб ишлайман. Кундузи чамаси соат 13-14 лар атрофида пожар бўлди. Душанба куни санитар куни – Москвадан товар келади ва хозяинлар товарни тахлайди. Сешанба куни оптовий сотув куни бўлади, ўшанга тайёргарлик кўришади. Шунинг учун одам унчалик кўп бўлгани йўқ, ҳеч ким ўлгани йўқ. Пожарниклар “Товарларинг бўлса олиб чиқ, ёнмасин”, дейишди. Пожар 7-8 қатордан чиқди. Мени келганимга бир ой, ўзи бозор очилганига 3 ойча бўлиб қолди. У ерда ҳамма нарса бор – кийим-кечак, озиқ-овқат, кафелар... Замикание бўлибди, дейишди. Мен шу ерда ичкарида эдим, свет ўйнаб ўчиб қолди. Бир соатлардан кейин пожар чиқди¸ жуда даҳшат бўлди, дейди ўт ўчиришда иштирок этган ўзбекистонлик Муроджон.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, янги очилган савдо бозорида ишлаб юрган минглаб одам ишсиз-жойсиз қолган. “Жабр кўрганлар орасида кўплаб ўзбек тадбиркорлари ҳам бор”, дея давом этади Муроджон:

- Муҳожирлар кўп. Масалан, Хитой, Гонконгдан, тожик, энг кўпи озарбайжонлик бўлса керак, ўзбекистонликлар кўп... Майдони ҳам катта – иккита стадионча бўлса керак. Ёнмаган 1 ва 2-ряд қолди, у ҳам бироз ёнди ва 16-ряд қолди. Қолган ҳаммаси ёнди! Татаристон президенти келди, суғурта қилинган экан, тўлар экан. Бу томондан янги қурилаётган эди – у ҳам топширилади. Ҳозир ҳам иш кетaяпти, бугун дам олдим, кеча ҳам чақиришди, мусор олaяпмиз. Бу ердан янгидан қурилиш бошланади, дейди Татаристонда сўнгги бир неча ўн йилда кузатилмаган ёнғин гувоҳи бўлган Муроджон.

Зарарни ким қоплайди?

Айрим маълумотларга кўра, 2013 январида ишга тушган “Новая Тура” бозорида 14,5 мингта савдо ўрни бўлган. 13 май кунги ëнғин натижасида ҳар бир дўкон эгасининг ўртача 3 миллион рублга яқин (тахм. 100 минг АҚШ долл.-таҳр.) моддий зарар кўрганлиги айтилмоқда.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Татаристон бошқармаси вакили Озодлик мухбирига савдо марказининг ўзи иккита катта павильондан иборат экани, улардан фақат биттаси ишга туширилиб, унда 1280 савдо дўкони ишлаб келганини билдирди.

“Новая Тура” бозорига эгалик қилиб келган ширкат расмийси Вадим Пестряков журналистларга ёнғиндан кўрилган моддий зарарнинг умумий ҳажми¸ дастлабки ҳисоб-китобга кўра 120 миллион доллар атрофида эканини маълум қилди.

Бозор мажмуаси “Транснефт” суғурта компанияси томонидан 132 миллион долларга суғурта қилинган бўлса-да, бозорда жабр кўрган сотувчиларнинг асосий қисми¸ бундай суғуртадан мосуво хорижликлар экани айтилмоқда.

“Замондош” қирғизлар уюшмаси хабарига кўра, “Новая Тура” савдо мажмуасида 500 га яқин қирғизистонлик савдогар ëнғин оқибатида касод бўлган.

Татаристон Ўзбеклар миллий-маданий мухторияти раҳбари Абдуманноб Абдусатторовнинг Озодликка айтишича¸ Татаристон раҳбарияти жабр кўрганларни ёрдамсиз қолдирмасликка ваъда берган.

Абдусатторовга кўра¸ бозорда моли куйган қирғизистонликларнинг асосий қисми ўзбеклардир:

- Ҳаммаси Қирғизистондан чиққан ўзбек болалар. Жабрланган ўзбекистонликлар ҳам бор. Энди, кеча мажлис ўтказилди. Биринчи премьер-министр “Сбербанк”дан 5 фоизли субсидия ва кредит олишни таклиф қилди, яъни 12 фоиз бўладиган бўлса кредит 5 фоизини давлат тўлайди, 7 фоизини - тадбиркор. Ҳозирча шунақа таклиф тушди. Ўзи уч кун бўлди ёнганига¸ икки кунда бирор нарса ҳал этиш қийин. Халқнинг талаб-таклифларига кўра¸ яна ёрдам кўрилса керак, дейди бозорда жабрланганларнинг рўйхати тузилиши давом этаётганини гапирган Татаристон ўзбеклари жамияти бошлиғи Абдуманноб Абдусатторов.

Ëнғин туфайли банкрот бўлган ва қарзга ботиб қолган тадбиркорлар аксарининг ҳукуматнинг бу таклифини ўз касаба уюшмалари орқали рад этгани хабар қилинмоқда. Айтилишича¸ улар аллақачон миллионлаб кредит олиб бўлганлари боис янги қарзни бўйинга олишдан бош тортмоқда.

Ҳодиса юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Эҳтиётсизлик оқибатида мулкни йўқотиш ёки унга зарар келтириш) асосида жиноий иш очилди.

Савдо-ярмарка мажмуасида чиққан ёнғин сабаблари ўрганилмоқда. Полиция ва ўт ўчирувчилар бир нечта тахминни илгари сурмоқда. Қисқа туташувдан ташқари¸ бозор эгалари ёнғиннинг маҳаллий криминал гуруҳлар томонидан уюштирилган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда. Айтилишича, сўнгги пайтларда кўплаб тадбиркорлар криминал доиралар босими ва жиддий таҳдидларга учраб келган.

Технополис эгалари савдо мажмуаси қайта тикланиши, унга ёнғиндан жабр кўрган тадбиркорларни таклиф этиш ва ёрдам бериш жамғармаси тузилишини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG