Линклар

"Сиёсий қочқин", деган мақом кимларга берилади? Қочқин сифатида бошқа давлатдан бошпана олган ўзбекистонлик Ватанга қайтса бўладими? Нима учун баъзилар қочқин бўлатуриб Ватанга бемалол "қатнайдию" бошқалар "ушланиб" қолади? "Жамият ва қонун"нинг бугунги сонида шу ва бошқа саволлар жавоби изланади.

Пўлат Охунов, Баҳодир Чориев, Исмат Хушев...


Бу исмларни Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият ва мамлакат ташқарисида юз бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардорлар яхши билади.

Тор доираларда кенг танилган бу уч ўзбекистонликнинг ҳаёт йўллари кесишмаган, уларнинг сиёсий қарашлари ҳам бир биридан кескин фарқ қилади.
Лекин уччовини бирлаштирадиган бир жиҳат бор: улар - қочқин – Ўзбекистонни тарк этиб, чет давлатдан сиёсий бошпана олган.



Ва улар сиёсий қочқин бўлатуриб Ўзбекистонга борганлар, кейин яна сиёсий бошпана берган юртга эсон-омон қайтганлар.

Бири (Пўлат Охунов) Ўзбекистонга бордию бир неча ой ушланиб қолди. Лекин мамлакатдан қайтиб чиқди.

Иккинчиси (Баҳодир Чориев) Ўзбекистонга бордию тезда қайтди. Ўзининг айтишича, анча қийинчиликларга, босимларга учради. Лекин мамлакатдан қайтиб чиқди.

Учинчиси (Исмат Хушев) Ўзбекистонга бордию кўп ўтмай қайтди. Сайтида эълон қилаётган сафарномасида ёзишича, мазза қилди, ўйнади-кулди, ёру биродарлари, қариндош-уруғлари билан дийдорлашди. Лекин мамлакатдан қайтиб чиқди.

Бу уччовини ҳеч ким Ўзбекистонда ушлаб қолмади.

Ҳеч ким уларни қамаб қўймади.

Демак, бўлар эканда?!

Бўлар эканда, Ўзбекистонда қолишини саломатлиги ва ҳаёти учун хавфли, деб мамлакатдан қочган ва чет давлатлардан сиёсий бошпана олганлар Ватанга қайтса?


Демак, “борсанг ўласан”, деган гаплар қуруқ ваҳима эканда?!

Бугун шу масалани ўрганмоқчимиз.

Кимни “қочқин” дейдилар?

Қочқинлар мақоми тўғрисидаги 1951 йилги Женева Конвенциясида белгилаб қўйилишича, ирқи, дини, сиёсий қарашлари ва шуларга ўхшаш бошқа омиллар туфайли ўз мамлакатида қувғинга учраб, мамлакатини ташлаб чиққанлар ва қайтишга қўрқадиганлар қочқинлардир.

Бош қароргоҳи Парижда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси” вакили Надежда Атаева кейинги йилларда ўзбекистонлик ва бошқа миллати ўзбек қочқинларга ҳуқуқий ёрдам бериб келади ва шунинг учун ҳам масаладан яхши хабардор.

Атаевадан қочқинлик мақоми қандай берилишини сўрадик:

- БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг ўзингиз етиб олган мамлакатдаги ваколатхонасига мурожаат қиласиз, шундан сўнг ваколатхона расмийлари сиз билан боғлиқ вазиятни ўрганади ва ташлаб чиққан мамлакатингизда сизга хавф мавжуд, деган хулосага келса, қочқин мақомини беради, деб қисқа тушунтирди Атаева.

Қочқинлик мақомини олган шахсга у ёки бу мамлакат бошпана бериши мумкин.

- Бу мамлакат қочқинга ўз ҳудудида истиқомат қилишга изннома (масалан, АҚШнинг “грин кард”и) ҳамда чет элга чиқиш учун “саёҳат ҳужжати” (кўринишидан фуқаролик паспортининг ўзи) беради, деди Атаева.

Қочқинлик мақоми олган шахс Ватанига қайта оладими?

Ўрганаëтганимиз бу асосий саволга Надежда Атаева бундай жавоб берди:

- Халқаро қонунларда белгилаб қўйилган меъёрга биноан, агар қочқинга унинг ўз мамлакатида таҳдид қилиб турган хавфлар бартараф этилган бўлса, яъни, масалан, режим алмашган ёхуд очилган жиноят иши унинг айбсизлиги тан олингани учун ёпилган бўлса, қочқин мамлакатига қайтиши мумкин, деди Надежда Атаева.

Унинг айтишича, қочқинлик мақоми билан яшаётган шахс агар ўз мамлакатига бориб, қайтса, унга бошпана берган мамлакат ўз зиммасидан қочқинга ҳомийлик масъулиятини соқит қилишга ҳақли бўлади.

Британияда яшайдиган ўзбек журналисти Шоҳида Ёқубнинг ҳам ўрганаётганимиз масаладан хабари бор.

Англиядаги тартиб ҳақида гапирар экан, Шоҳида бундай деди:

- Буюк Британияда қочқинлик статуси олган киши 7 йил она мамлакатига бормаслиги керак. Бу тақиқланади. Нимагаки, сен бошпана сўрагансан, сени она ватанда таъқиб қилишаяпти, нима учун борасан? Ҳеч ким бора олмайди.

Озодлик: Бу Британиянинг ички қонунлари талабими?

- Ҳа, ички талаблар. Бу Британия қонунлари бўйича, дейди Шоҳида Ëқуб.

Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий режимнинг ашаддий танқидчиси сифатида танилган Шоҳида Ёқуб на сиёсий, на носиёсий қочқин. Лекин шундай бўлса-да, боз устига қўлида Ўзбекистон паспорти бўлатуриб, Шоҳида Ўзбекистонга боришдан ҳозирча ўзини тиймоқда.

- Кейин шахсан мен, масалан, Ўзбекистон паспортимдан воз кечмоқчи эмасман. Нимагаки мен ўзимни Ўзбекистон фуқароси, деб ҳисоблайман. Лекин мен Британия паспортини ҳам олишга мажбур бўлдим. Чунки, масалан, агар мен Ўзбекистонга борсам, ҳукумат мени ҳибсга олиши мумкин. Чунки мен режим танқидчисиман. Мен ҳозирги режимга қаршиман. Ўзимнинг позициямни очиқдан очиқ эълон қилганман. Шунинг учун мен Ўзбекистонга бора олмайман, дейди мустақил журналист Шоҳида Ёқуб.

Қочқинлар тўлқинлари

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг бу мамлакатдан қочқинларнинг икки тўлқини чиқди.

Биринчиси - сиёсий мухолифат – “бирлик”чилар ва “эрк”чилар бўлса, иккинчи тўлқинни шартли равишда “андижонликлар”, дейиш мумкин.

Қаршилик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Тўлқин Қораев ўша “андижонликлар”нинг бири. У 2005 йил, май ойида Андижонда содир бўлган қирғиндан сўнг мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Тўлқин ҳам Озодлик билан суҳбат чоғида Ўзбекистонга боролмаслигини айтар экан, жумладан бундай деди:

- Шахсан мен ўзим бора олмайман Ўзбекистонга.

Озодлик: Нима учун?

- Жуда яхши биламан Хуш келибсиз, деб олиб бориб қўйишларини, қаерга олиб боришларини.

Озодлик: Қидирувдамисиз сиз?

- Мен қидирувда эмасман. Лекин жуда ҳам қаттиқ танқидий чиқишларим бўлган. Жуда қаттиқ мақолалар берганман. Бунинг учун Ўзбекистон ҳукумати менинг бошимни силамайди. Мен бунга аниқ ишонаман, дейди Тўлқин Қораев.

Бояги суҳбатдошимиз – Шоҳида Ёқуб ҳам чет элдан сиёсий бошпана олганлар Ўзбекистонга ўз хоҳишича бемалол бориб келишига ишонмайди.

Шоҳидага Баҳодир Чориев ва Исмат Хушевнинг Ўзбекистонга бориб қайтганларидан келиб чиқиб, мана бу саволни бердик.

Озодлик: Шу иккаласи бемалол бориб келган экан, демак ҳеч қанақа хавф йўқ эканда Ўзбекистонда сиëсий қочқинлик мақомини олганлар учун. Ҳамма бемалол қайтиб борса бўлаверар эканда?

- Эртага Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонга борса, нима бўлади? Унга ҳам бемалол, “Хуш келибсиз” деб айтишадими? Дарров қамашади. Менга Ўзбекистон МХХга алоқадор шахслар айтишган, огоҳлантиришган “Келма, сени қамашади” деб. Бунақа огоҳлантирув олиб, мен ҳеч қачон бормайман. Мен билмайман қанақа қилиб Исмат Хушев, Баҳодир Чориев бориб келган. Балки уларда бошқа статус бордир, деди Шоҳида Ёқуб.

Келинг, энди эшиттиришимиз мавзуини белгилаб берганларнинг Ўзбекистонга бориб қайтиши тафсилотларини эслайлик.

Пўлат Охунов

Ўзбекистоннинг мухолифатдаги “Бирлик” халқ ҳаракати партияси раиси ўринбосари Пўлат Охунов 1995 йилда Швециядан бошпана олган ва бу мамлакатда оиласи билан яшаб келади, Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмаган.

Охунов 2007 йилнинг март ойида ёши 45 га тўлиши муносабати билан фуқаролик паспортини алмаштириш учун туғилиб ўсган юрти - Андижон вилоятининг Шаҳрихон шаҳрига борган эди.

Охуновнинг ўзи ўша вақтда Озодликка Ўзбекистонга қонуний равишда кириб келгани, Швециядан Москва орқали Тошкентга учгани, Тошкент аэропортида чегарачилар уни ҳеч қандай муаммосиз ўтказиб юборгани тўғрисида айтиб берган эди.

Пўлат Охуновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон билан Ғарб ўртасида муносабатлар илиқлашган пайтларда - 2003 йилда - у биринчи марта юртига келган. Шундан кейин ҳам яна бир неча марта Ўзбекистонга келиб-кетиб турган ва ўзбек маъмурлари томонидан ҳеч қандай тўсиқларга учрамаган.

Лекин унинг 2007 йил мартида Ўзбекистонга қилган сўнгги сафари 2008 йил августида ғалати якун топди. (Бир йилдан ортиқ муддат Охунов Ўзбекистонда паспортсиз яшади. Эски паспортини янгилатиш учун топширган, янги паспортни эса бир йилдан ортиқ муддат беришмаган).

Бу муддат давомида Озодлик радиоси Охунов билан боғлиқ воқеалар ривожини диққат билан кузатиб турган ва 2008 нинг августида мана бу кутилмаган хабар пайдо бўлган эди:

“Шу кунларда мухолифатдаги “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раисининг муовини Пўлат Охунов Андижон вилояти куч ишлатар тузилмалари ходимлари томонидан махфий равишда қўшни Қирғизистон ҳудудига олиб чиқиб кетилган, деб хабар қилди мухолифатдаги партиянинг матбуот хизмати.

Партия вакилига кўра, Пўлат Охунов 11 август куни (2008) АҚШда мажбурий муҳожорликда яшаётган партия раисига телефон қилган ва ўзининг Бишкекда эканлигини маълум қилган. Уни Андижон вилояти ички ишлар ходимлари Қирғизистон пойтахтига келтириб ташлаганлар.

“Телефон орқали суҳбатда Пўлат Охунов уни Шаҳрихон туман ички ишлар бўлимига чақиртириб, президент фармони билан Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилганини, шунинг учун ҳам уни учинчи мамлакатга чиқариб юбориш учун ҳужжатлар тайёрланаётгани маълум қилишганини айтди. Охуновни машинага ўтқазиб қандайдир ҳужжатлар билан Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига, у ердан эса тўппа-тўғри Бишкека олиб келиб машинадан чиқариб ўзлари кетиб юборганлар”, - деди “Бирлик” вакили
”, деб хабар қилган эди 2008 нинг августида “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг матбуот хизмати.

Маълумотларга қараганда, шу кунда Пўлат Охунов ўз оиласи билан Швецияда яшайди.

Баҳодир Чориев

Баҳодир Чориев ва унинг яқинлари 2004 йилда ўзларидан тортиб олинган “Кеш” акциядорлик жамияти акциялари қайтариб берилишини талаб қилиб, Ўзбекистонда бир неча норозилик акциялари уюштирган.

Ўша йили Чориев қочқинга айланиб АҚШ дан бошпана олган ва бу мамлакатда “Бирдамлик” ҳаракатини тузган.

Баҳодир Чориев 40 ёшга тўлиши арафасида, яъни 2009 йилнинг октябри ўрталарида (Ўзбекистондан қочиб чиққанидан сўнг 5 йил ўтгач) АҚШдан Ўзбекистонга сафар қилади.

Сафари олдидан у “Бирдамлик” ҳаракати сайти орқали ўзининг Ўзбекистонга қайтиши сабаблари тўғрисида мана бундай ёзган:

“... мен, ҳаракат етакчиси сифатида ,”Бирдамлик” ҳаракати аъзоларининг оғир кунларида, улар билан ёнма-ён туриб курашмоқни лозим топдим... Мени Ўзбекистонга қайтишга, юқорида айтиб ўтилган ниятимдан бошқа бирон омил мажбур этгани йўқ. Мен ўз ихтиёрим билан шу йўлни танладим. Бугун турли режа ва ниятлар билан Ватанга қайтиш арафасида турар эканман, расмийларнинг қайтишимга муносабати қандай бўлишини билмайман…”

Баҳодир Чориевни сафар арафасида қийнаган бу савол жавоби ўзини узоқ куттирмади. Ўзбекистонга кириб борганига 2 ой тўлиб-тўлмасдан уни 2009 йил 11 декабр куни мамлакатдан чиқариб юбордилар.

Қашқадарёда юрган Чориевни маъмурлар Тошкентга чақиртирган ва қўлига паспортини бериб, тезлик билан Истанбулга учириб юборган. (Унинг паспорти, ноутбуки ва грин-картаси учиб келган куни Тошкент аэропортида олиб қўйилганди).

Бугунги эшиттиришни тайёрлар эканмиз, биз Баҳодир Чориев билан боғландик. У саволларимизга жавоб беришдан бош тортди.

Чориев Ўзбекистонга сафари давомида доимий назорат остида бўлгани, охир-оқибат чиқариб юборилганига қарамай, танқидчилари уни “махфий хизматнинг хуфяси, агар шундай бўлмаганида Ўзбекистонга боролмас, борган чоғидаям қамалган бўлар эди”, дегандилар ва бундай иддаолар битилган матнлардан бир нечасини эринмаган киши Интернетдан топиши мумкин.

Микрофонсиз суҳбат чоғида Чориевдан шу гапларга муносабатини сўрадик. У “Нима дейишса деяверишсин, мен бундай гаплардан қўрқмайман”, деди.

Исмат Хушев

Ўзбек журналисти, узоқ йиллар ҳукумат нашрларида ишлаган Исмат Хушев ҳам сиёсий қочқинлардан биридир. У Ўзбекистондан 2004 йили чиқиб кетган. (Қаҳрамонларимизнинг қочишгача бўлган ҳаёти тафсилотларига тўхталмаяпмиз, бу – бошқа мавзу).

Канада берган сиёсий бошпанада яшай бошлаган Исмат Хушевдан 2005 йил декабрида Озодликка шеър матни битилган бир мактуб келган ва у ўша йилнинг 18 декабрида радиомиз сайтида эълон қилинган.
Хушевнинг “Канададан салом!” деган сарлавҳали шеърида мана бундай сатрлар бор эди:

...Менинг ҳам дилимга чексиз бир кадар,
Мен ҳам ўз юртига сиғмаган жонман.
Лекин бошқалардан фарқли бир қадар –
Зулмни қўллаган сиёсатдонман.

Горбачёв берган бизга бу раҳбар,
Ҳалол деб ишониб хато қилдим.
Унга эргашгандан халқ кўрмас, деб зарар,
Олий минбарлардан садолар қилдим.


Пойимда гуллардан ясаб гулчамбар,
Бош муҳаррир қилса бўлиб маҳлиё.
Ҳудбин, амалпараст ҳамда нокамтар,
Ҳиссиз яшаганим айбиммикан ё...

Отиб ташланганда шўрлик Андижон,
Кўзларимни очди чинқирган руҳлар.
Ва шунда илк бора келтирдим имон,
Давлатни бошқарур қонхўр гуруҳлар..
.

Бу сатрлар муаллифи Исмат Хушев орадан бир неча йил ўтиб, 2013 йил бошида Президент Ислом Каримов номига узрнома ёзди ва мамлакатга сафар қилди.

Эшиттиришни тайёрлаш жараёнида жаноб Хушевни суҳбатга тортмоқчи бўлдик. У саволларимизни ёзиб юборишимизни сўради. Ёзиб юбордик.

Мана ўша саволлар:

1. Билишимизча, 90 кунлик виза билан боргансиз Ўзбекистонга. Шундайми?

2. Сафар олдидан Президент ва Иноятов номига хат эълон қилгансиз. Хатнинг эълон қилиниши изн берилиши учун етарли бўлдими? Ёки қандайдир бир шаклда жавоб ҳам олганмисиз? (Визадан ташқари айнан хатларингизга)

3. 90 кун юришга ҳақли бўлатуриб тезда қайтвордингиз. Нега?

Бу саволларимизга Исмат Хушевдан хат орқали мана бу жавобни олдик:

“Сиздаги тасаввурлар ва бу саволлар ҳақиқатдан йироқ.
Мен ҳали Ўзбекистон фуқаросиман. Юртга бориш учун менга виза керак эмас.
Бошқа саволларингизга сафар хотиралари тугаса, жавоб топишингиз мумкин.
Ҳурмат билан, Исмат Хушев”.


Шундай қилиб, Исмат Хушев ҳам эшиттиришимизда иштирок этишни, унда ўрганилаётган мавзуда фикр билдиришни истамади.

Қийналишди, лекин қамалишмади

Пўлат Охунов сўнгги бор Ўзбекистонга боргач, бир йилдан зиёд вақт паспортсиз, яъни уй қамоғида, Швецияда қолган оиласидан узоқда яшади. Лекин унга қарши жиноят иши очилгани тўғрисида маълумот йўқ.

Баҳодир Чориев Ўзбекистонга боргач, хабарларга қараганда, мудом назорат остида яшаган бўлса ҳам, унинг устидан жиноят иши очилгани тўғрисида маълумот йўқ.

Исмат Хушев Ўзбекистонга бориб эмин-эркин юрди. Шоир Абдулла Орипов билан учрашди. Шоир Шукруллони зиёрат қилди. Таниқли журналист Шароф Убайдуллаев ўз хонадонида унга чопон кийдирди. Собиқ вице-президент Шукрулло Мирсаидовнинг хонадонига бориб, унинг яқинларига ҳамдардлик билдирди... Сафарининг бу ва бошқа тафсилотларини Хушев ўз сайтида ёритди.
Хуллас, ўйнаб-кулиб бориб, ўйнаб-кулиб қайтди. Ҳар ҳолда, сафарномаси мазмунидан шу фикр туғилади.

Ваҳоланки, “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси” вакили Надежда Атаевага кўра, Ўзбекистон маъмурларининг бу фуқаролар устидан жиноят иши қўзғатишга қонуний асослари бор эди.

Масалан, Баҳодир Чориевнинг укаси Бурҳон Чориевга қарши жиноят иши қўзғатилгани каби.

Баҳодир Чориев АҚШга қайтганидан кейин орадан икки йил ўтиб Америкадан Ўзбекистонга унинг укаси Бурҳон Чориев сафар қилади.

2011 йил, 15 сентябр куни Тошкент шаҳар Сирғали туман суди ҳукмига кўра, 35 яшар Бурҳон Чориев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) бўйича айбдор деб топилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 600 баробари - 34 320 000 сўм (14 000 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади.

Бурҳон Чориевнинг шу кунда қаерда эканлиги тўғрисида маълумот тополмадик.
Озодлик у ҳақда сўнгги бор 2012 йилнинг 4 январида мана бундай хабар берган эди:

“Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг укаси Бурҳон ва келини Сарвиноз саккиз ой аввал фарзандларини Америкада қолдириб Ўзбекистонга қайтганларича мамлакатдан чиқа олишмаяпти. Уларга нисбатан мамлакатдан ноқнуниний четга чиқиш айби бўйича жиноят иши очилган”.

Андижонлик қочқинлар

Эшиттиришни тайёрлаш жараёнида баъзи суҳбатдошларимиз қочқинлик мақоми олган, лекин Ўзбекистонга бемалол бориб келаётган яна бир неча ўзбекистонлик ҳақида гапирдилар.

Бўлса – бордир. Бундайларни ўз яқинларидан бошқа ҳеч ким танимагани учун суриштириб ўтирмадик.

Лекин андижонлик қочқинлар – бошқа масала. 2005 йил 13 май воқеаларидан кейин Ўзбекистондан қочиб чиққан қарийб 500 қочқиннинг ҳар бири Пўлат Охунов, Баҳодир Чориев ёки Исмат Хушев каби таниқли бўлмаса-да, улардан ҳар бирининг Ватанга қайтиши билан боғлиқ тафсилотлар кўп нарсани тушунтириши мумкин.

Шу кунгача, яъни 2013 йил, май ойининг ўрталаригача андижонлик қочқинлардан қанчаси Ватанга қайтгани тўғрисида аниқ гап айтишнинг иложи йўқ. Кейинги пайтларда андижонлик оддий қочқинлар ҳам, улар номидан чет элда ташкилот тузганлар ҳам “мум тишлаб олгандай”.

Шунинг учун яна Озодлик архивига мурожаат қиламиз.

2007 йилнинг ёзида Америкадан бошпана олиб, Аризона, Айдаҳо ва Пенсилвания штатларида яшаётган андижонлик қочқинларнинг 100 га яқини Ўзбекистонга қайтган эди.

Бу маълумот 2011 йил, 1 август кунги хабаримизда келтирилган ва у хабар “АҚШдан қайтган андижонлик қочқинларнинг ЎзТВ орқали афсус ва надоматга тўла чиқишлари” берилаётгани тўғрисида эди.

Эшиттиришимизни тайёрлаш жараёнида баъзилардан Америкадан Ўзбекистонга қайтган андижонлик қочқинларнинг таъқиб ва назоратдан яна қочиб, Россияга кетиб қолгани тўғрисидаги гапларни ҳам эшитдик.

Лекин бу маълумотлар ҳозирча миш-миш даражасидагина қолди.
Ватанга қайтган андижонлик қочқинлардан бири эса узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Австралиядан Андижонга қайтиб борган Дилором Абдуқодирова 2010 йилнинг 30 апрелида чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда, конституциявий тузумга тажовуз қилганликда ҳамда ноқонуний диний оқимга аъзоликда айбдор, деб топилиб,10 йилу 2 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

***

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG