Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:22

Миллий матбуот маркази машиналари киракашлик қилмоқдами?


Озодлик электрон почтасига ўзини Жалол Камолиддин деб атаган шахсдан мактуб келди. Мактуб муаллифи Ўзбекистонда давлат бюджетидан молияланадиган идора¸ қўмита ҳамда вазирликларга тегишли автомобиллар қонунга зид тарзда киракашларга ижарага берилаëтганини ëзади.

Мисол тариқасида мактуб муаллифи Ўзбекистон Миллий матбуот марказига тегишли автомобил Самарқандда киракашлик қилаëтганини келтиради:

"Касбимиз тақозоси билан кунда-кунорa ЎзМММ тадбирларига келиб турамиз. Матиз хизмат машинаси бўларди. Яқинда Самарқанда бориб қолдим. Такси тўхтатсам, “Матиз” машинаси. Гапиришиб қолдик. Тошкент номери. Гап орасида ҳайдовчи йигит, акахонимиз Тошкентда ишлайди. Матбуот маркази раҳбари. Машина ўша ташкилотники. Менга арендага берган. Ойига 300 доллар бериб тураман, деди. "Анча уриниб қолибди машина" десам, у “Ничего, яна озгинадан кейин ўзингни номингга ўтказиб бераман деди. Кейин тўғрилаб оламан”, дея жавоб берди кулиб. Ҳайдовчининг айтишича¸ пулни нақд беради. Пул марказ бухгалтерияси орқали кирим қилинмайди. Ўйлаб қолдим. Машина Тошкентда рўйхатда турса, Самарқандда арендага юрса, шунақаси ҳам бўлар эканда" деб ëзади муаллиф.

Бундан ташқари Ўзбекистонда матбуот анжуманлари ўтказиш учун ажратилган саноқли хоналарнинг кафе ва магазин қилиш учун ижарага берилгани ҳам Жалол Камолиддин деб атаган шахсдан келган мактубда ўз ифодасини топган.

Озодлик мухбири бу масала борасида Ўзбекистон Миллий матбуот маркази раҳбари Шавқиддин Жўраев билан боғланишга уринди.

Ўзини Шавқиддин Жўраевнинг ëрдамчиси деб таништиран шахсга мавзуни тушунтирдик.

Ëрдамчи Шавқиддин Жўраев билан маслаҳатлашиб¸ Миллий Матбуот марказининг Феруза исмли ҳисобчисини боғлаб берди.

Миллий Матбуот маркази ҳисобчиси Озодлик билан суҳбатда уларга нисбатан айтилаëтган айбловларнинг нотўғри эканлигини таъкидлади:

- Энди.. у¸ ман у нарсани билмайман биринчидан. Иккинчидан “Матиз” шўтда. Просто у ҳайдалмийди. Потому что бизага ҳозир машинага ҳожат бўлмагани учун “Матиз”дан фойдаланмаймиз¸ деди суҳбатдош.

“Матиз” самарқандлик киракашга ижарага берилганми?¸ Матбуот Маркази хоналари дўкон ва ошхонага айлантирилганми?¸ деган саволларимизга Миллий Матбуот маркази ҳисобчиси жавоб бермади:

- Телефонингизни қолдиринг бир соат ичида Шавқиддин акам сиз билан боғланиб ҳамма саволларингизга жавоб беради¸ дея суҳбатдош телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Бир соат ўтгандан кейин марказдан телефон бўлмагач Озодлик мухбирининг ўзи Миллий Матбуот марказига боғланди.

Трубкани кўтарган ëрдамчидан бирор самарали гап чиқмади.

Эзгу ниятлар билан бошланган марказ

Тошкент марказидаги Навои кўчасида жойлашган ЎзМММ ташкил этилган дастлабки йилларда мамлакатда фаолият олиб борган хорижий радиолар ва матбуотга кўмаклашувчи халқаро Интернюс ташкилоти билан ҳамкорлик қилди.

2000 йилда ЎзМММ Сорос жамғармаси кўмагида бир нечта дастурни амалга оширди.

Бу дастурлар ижросида марказга раислик қилган таниқли журналист Амирқул Каримов роли бўлганлиги айтилади.

Амирқул Каримовдан кейин марказни Рустам Расулзода исмли журналистик доирада танилмаган мулозим бошқарди.

Ундан кейин ЎзМММ Ўзбекистон радиоси раҳбарлигидан бўшатилган Фахриддин Низом учун муваққат қўналға бўлди.

2010 йилда Фахриддин Низом Миллий матбуот марказида амалга оширган молиявий товламачилик боис ишдан озод қилинди.

Бу марказда ишлаган xодимлардан бирининг Озодликка айтишича¸ Рустам Расулзода ва Фахриддин Низом раислик қилган даврда марказнинг бир неча ўн миллион сўм турадиган мол-мулкини “списат қилиб” сотиб юборган.

Прокуратура иш очганидан кейин, улар “зир” югуриб, камомадни тўлаш ҳисобига жиноий жазодан қутулиб қолишган.

Ана шундан кейин¸ 2011 йилда ўзбек журналистлари учун марказ бўлиш мақсадида ташкил қилинган ЎзМММга Президент ҳузуридаги Давлат қурилиш академиясининг “Академ-пресс” нашриёти директорлигидан молиявий нуқсонларга йўл қўйгани учун бўшатилган Шавқиддин Жўраев раисликка тайинланди.

Эркин сўз йўқ мамлакатга матбуот маркази нима керак?

Бу фикр тошкентлик мустақил журналистга оид. Ўз исми сир қолишини сўраган бу мухбир 20 йилдан бери журналистика билан шуғулланиб бирор марта ЎзМММкўмагидан фойдаланмаганини айтади:

- Барча соҳа каби бу ерда ҳам xўжакўрсин. Бирорта журналистнинг ЎзМММдаги воситалардан фойдаланганини билмайман. Илгари ўша бинода цензура идораси бор эди. Ҳозиргилар у идора юритган цензура сиëсатини давом эттириш баробарида¸ ўз чўнтакларини ҳам қаппайтиришмоқда. Фарқи шу¸ дейди тошкентлик журналист.
XS
SM
MD
LG