Линклар

АҚШ Сенатининг бир неча аъзоси Америкада доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқи қуръага ташланувчи Green Card лотереясини бекор қилиш ташаббуси билан чиқди. АҚШ Конгрессида жорий йилнинг июн ойида Green Card лотереяси тақдири ҳал бўлади.



Ҳар йили май ойи бошида АҚШ Green Card - Diversity Immigrant Visa (DV) дастурининг миллионлаб иштирокчилари орасидан танланган ғолибларнинг дастлабки рўйхатини эълон қилади.

Кейинчалик ушбу рўйхатдан 55 минг киши АҚШда доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи Green Card соҳибига айланади.

АҚШнинг Иммиграция визасини қўлга киритиш истагида бўлган минглаб ўзбекистонлик ҳам ҳозирда лотерея натижаларини интиқлик билан кутаяпти.

2011 йилги лотереяда қарийб 4800 нафар Ўзбекистон фуқароси Green Card ютиб олган.

Лотерея ўйини ташкил қилинганидан буён собиқ иттифоқ давлатларидан 10 миллиондан зиёд талабгор ушбу дастурда иштирок этган.

Лотереяда ютқазган кишиларнинг ҳар йили кейинги йил ютиш умиди билан қайта-қайта ушбу дастурда иштирок этиши кузатилади.

Лекин келаси йили Green Card умуман ўйналмаслиги эҳтимоли юзага келди.

Кўплаб Интернет форумларида бу ҳақдаги баҳс-мунозаралар авж олди. Жумладан, рус тилидаги “Говорим про Америку” форумида ҳам анчадан буён Green Card лотереясининг “куни битгани” борасида гапирилмоқда.

Бугунги кунда Green Card лотереяси тақдири АҚШ иммиграция тизимини ислоҳ қилиш таклифлари билан чиққан демократлар ва республикачиларга боғлиқ бўлиб қолаяпти.

Демократ сенатор Чарльз Шумер бугунги кунда АҚШ Конгерессида муҳокама қилинаётган қарийб 1000 саҳифадан иборат Иммиграция тизимини ислоҳ қилиш лойиҳаси муаллифларидан биридир.

Шумернинг айтишича, Демократлар Green Card лотереясидан воз кечиш таклифини қўллаб-қувватлашга рози бўлишган:

- Мен ўзим (Diversity Immigrant Visaнинг) муаллифи бўлганим учун ҳам унинг тақдири менга бефарқ эмас. Биз ўз сафдошларимиз ва Республикачилар орасида кучли мухолиф фикрлиларга дуч келдик. Ушбу дастур орқали Европа ва Африкадан одамларни жалб қилиш мақсадимиз бор эди ва маълум вақт бунга эришдик ҳам. Лекин айни пайтда бу иш бермаяпти. Талабгорларнинг асосий қисми Марказий Осиёдан. Шуни ҳисобга олган ҳолда биз ушбу дастурни давом эттирмасликка қарор қилдик, дейди Чарльз Шумер.

Айрим таҳлилчилар Демократлар ва Республикачилар партиясининг Green Card лотереясини бекор қилиш борасида фикрлари бир жойдан чиқишига ишонадилар.

АҚШ Конгресси Иммиграция тизимини ислоҳ қилиш лойиҳасини жорий йилнинг июн ойида овозга қўяди.

1995 йилдан бошлаб Green Card дастурида Африка, Ирландия каби давлатлардан иммигрантларни жалб қилишга асосий эътибор қаратилган. Лотерея ғолиблари орасида африкаликлар ҳануз кўпчиликни ташкил қилади. Лекин кейинги йилларда ғолиблар орасида Марказий Осиё давлатларининг фуқаролари сони ошмоқда. Айни пайтда Бангладеш ва Эрон каби давлат фуқаролари орасида ҳам мазкур лотереяга қизиқиш катта.

2011 йилги лотерея ютуқлари бўйича биринчилик нигерияликларга тегишли ва ўйин натижалари бўйича уларнинг 6000 нафарига Green Card теккан. Биринчи ўнликка кирганлар ичида ганаликлар (5800)¸ украиналиклар (5790)¸ эфиопияликлар (5500) ва кенияликлар (4700) бор.

Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси маълумотига кўра, Green Cardнинг 2011 йилги лотереяси ғолиблари сони бўйича Ўзбекистон 5-ўрин (4800)ни эгаллаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG