Линклар

16 май куни АҚШнинг Бойси шаҳрида ҳибсга олинган ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбоновнинг жума куни дастлабки эшитувлар учун маҳкамага олиб келиниши кутилмоқда. Қурбонов халқаро террор гуруҳи саналмиш Ўзбекистон исломий ҳаракатига молиявий ва техник ëрдам берганликда айбланмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, 30 ёшли Фазлиддин Қурбонов 16 май куни террорчиликка қарши олиб борилган амалиёт пайтида Бойси шаҳрида қўлга олинган.

​Унга қўйилаëтган айблов хулосасида айтилишича, Фазлиддин Қурбонов 2012 йил августидан 2013 йилнинг май ойигача террорчи ташкилот деб ҳисобланувчи Ўзбекистон исломий ҳаракатини маблағ ва компютер дастурлари билан таъминлаш мақсадидида бошқа шахслар билан онгли тарзда тил бириктирган.

Хабарларда унинг шериклари ким бўлгани айтилмаган. Қурбонов, шунингдек, ноқонуний тарзда портловчи модда сақлаганликда ҳам айбланмоқда.

Фазлиддин Қурбоновнинг 17 май куни маҳаллий вақт билан соат 9 да Бойси шаҳридаги федерал судга олиб келиниши кутилмоқда.

Айдаҳо штати прокурори Венди Олсон Associated Press агентлигига, Фазлиддин Қурбонов кузатув остида бўлганини билдирган. Прокурорга кўра, Қурбоновнинг қўшни Юта штатидаги супермаркетларга бориб, шубҳали нарсаларни сотиб олаётгани гумонларга асос бўлган.

Олсоннинг айтишича, Фазлиддин Қурбонов АҚШда қонуний асосда яшаб келган. Бироқ прокурор унинг АҚшдаги расмий мақоми қандай бўлганини ошкор этгани йўқ.

Huffingtonpost.com нашрининг хабар беришича, Фазлиддин Қурбоновга Юта штати прокурори ҳам айблов билдирган. Юта прокурори Дэвид Б. Барлоу Ўзбекистон фуқаросини портловчи моддалар, бомба ва оммавий қирғин қуроллари тўғрисида маълумот тарқатишда айбламоқда. Прокурорнинг билдиришича, Фазлиддин Қурбонов қўлбола портловчи моддаларни қандай ясаш мумкин экани ўргатилган видеолавҳаларни тайёрлаб, уларни интернетга жойлаштирган.



Прокурорлар берган маълумотда Фазлиддин Қурбоновнинг Ада округи ҳибсхонасида сақланаётгани айтилади.

Фазлиддин Қурбонов АҚШда террорчиликда гумонланиб қўлга олинган ягона ўзбекистонлик эмас. 2012 йилнинг 13 июлида ўзбекистонлик Улуғбек Қодиров АҚШ президентини ўлдиришга уринганликда айбланган ва 15 йилга қамалган эди.

АҚШда ноқонуний яшаб келган 23 ёшли Улуғбек Қодиров 2011 йил 13 июлида Алабама штатининг Бирмингем шаҳри яқинидаги мотелда ўзини қуроллар сотувчи деб танитган махфий хизмат агентидан қурол сотиб олаётган пайтда ҳибсга олинган.

Жиззахлик 35 яшар Жамшид Мухторов эса 2012 йилнинг 21 январида АҚШнинг Чикаго шаҳри аэропортида Истанбулга учиш олдидан Федерал тергов бюроси ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

2007 йилда АҚШдан сиëсий бошпана олган бу қочқинга террор гуруҳларига моддий ëрдам берганлик ва улар сафига қўшилишга уринганлик айби қўйилган.

Бу иккала ўзбекистонлик ишининг ҳуқуқ тизимлари ва матбуот диққатига тушиши ортидан¸ Озодлик суҳбатлашган айрим ўзбекистонликлар¸ АҚШ визасини олиш янада қийинлашгани¸ қолаверса¸ Америкада яшаб ишлаëтганлар устидан назоратнинг кучайгани ҳақида гапирган эдилар.

Бундан ташқари яқиндагина Америка жамоатчилиги диққатини ўзбекларга қаратган яна бир воқеа содир бўлди. Ню-Йоркда энагалик билан шуғулланган 52 ёшли Ўзбекистон фуқароси Маъмура Носирова чақалоқни калтаклашда айбланмоқда. Бу воқеанинг ню-йоркликларни анча жунбушга солгани айтилади.

Staten Island туман прокуратурасининг маълум қилишича¸ ню-йорклик оиланинг икки кичик боласига энагаликка ëлланган Маъмура Носирова 14 июн кунги маҳкама жараëнида 10 ойлик қамоқ жазоси ва АҚШдан депортация қилинишга ҳукм этилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG