Линклар

logo-print

Россиянинг Ставропол шаҳрида ўз юртдошини пичоқлаган Ўзбекистон фуқароси устидан бошланган тергов жараëни якунига етди. Ҳодисага овқатнинг ювуқсиз қозонда пиширилгани устида бошланган жанжал сабаб бўлгани айтилмоқда.

Куни-кеча судга оширилган жиноий ҳодиса 2010 йилнинг апрел ойида Ставропол шаҳрида рўй берган.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўртасида жанжал овқат тайёрлаш вақтида чиқди, дейди ҳодиса тафсилотларини Озодлик мухбирига сўзлаб берган Ставропол ўлкаси бўйича Россия Тергов қўмитаси расмийси Елена Гришко:

- Адашмасам, улар ўртасида жанжал кундуз куни чиққан: жабрланувчи ювуқсиз идишда овқат тайёрлай бошлаган, айбланувчи унга танбеҳ берган. Кечқурун улар овқатланишга ўтирганда можаро янгитдан бошланган ва кундузи бўлиб ўтган тўқнашув эсга туширилган. Натижада, айбланувчи 31 яшар ўзбек йигити иккинчисининг бўйин ва кўкрак қисмига уч маротаба пичоқ солган. Хонада ўтирган учинчи одам уларнинг жанжалини тўхтатиб қолган ва шерикларини ажратган, дейди Тергов қўмитаси расмийси Елена Гришко.

Гришко бу оддий маиший жанжал эканини таъкидласа-да, бундай ҳолатни муҳожирларнинг оғир психологик муҳитда ташқарига чиқаётган агрессияси ўлароқ баҳолади.

Терговни олиб борган Ставропол туманлараро тергов бўлими ходими Науменко ҳодиса 2010 йилнинг 15 дан 16 апрелга ўтар кечаси содир бўлганига қарамасдан, терговнинг орадан уч йил ўтиб ўз якунига етгани сабабларини тушунтиришга уринди:

- Айбланувчи 2010 йилдан қидирувда бўлган. Унинг қаерда эканини аниқлаштириб, кейин иши судга оширилди. 2012 йилда бу шахс қўлга олинди ва бир йиллик тергов ниҳоясига етди, деди шу ишни олиб борган Ставропол туманлараро тергов бўлими ходими Олга Науменко.

Терговчилардан олинган маълумотга кўра, гигиена тарафдори бўлган ўзбекистонлик айбланувчи Қаршиев Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 1-қисми бўйича қотилликка уринишда айбланмоқда.

Агар бу айб ўз исботини топса¸ у 6 йилдан 15 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG