Линклар

Швецияда Евровидение қўшиқ танлови финалига тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур тадбирга Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун Гулнора Каримовага пора берганликда айбланаëтган TeliaSonera ширкатининг ҳомийлик қилаётгани жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда.


Швециялик қўшиқчи Лорин ўтган йили Бокуда ўтказилган Евровидение танловида ғалабани қўлга киритганида собиқ иттифоқ давлатларида инсон ҳуқуқлари бузилаётганини танқид қилгани билан ҳам эсда қолди.

Хусусан, унинг Озарбайжонда инсон ҳуқуқлари “кундалик равишда” бузилади, деган гаплари танловга мезбон мамлакат расмийлари ғазабига сабаб бўлди. Лорин собиқ иттифоқнинг бошқа мамлакатларида инсон ҳуқуқлари бузилаётгани борасида ҳам кескин танқидаларни билдиргани кўпчиликнинг ёдида қолди.

Европанинг энг либерал давлатларидан бири сифатида танилган Швеция 18 май куни ўтказиладиган 58-Евровидение танлови финалига тайёргарлик кўрар экан, унинг ўзи инсон ҳуқуқлари ғояларига қанчалик амал қилади, деган савол ўртага чиқди.

Бунга эса инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳамда йирик коррупцион жанжалларга аралшиб қолган TeliaSonera телеком ширкати танловнинг асосий ҳомийси сифатида танлангани сабаб бўлди.

Улушининг катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли бўлган TeliaSonera Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун бу мамлакат режимига юз миллионлаб доллар миқдорида пора берганликда айбланиб, Швеция прокуратураси томонидан тергов қилмоқда.

Бундан ташқари, TeliaSonera Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Беларус ва Грузияда ўз абонентларига оид маълумотлар, жумладан, телефон рақамалари ва Интернет фойдаланувига оид ахборотни бу мамалкатлар махсус хизматларига тақдим қилганликда ҳам айбланган.

Йоахим Дифвермарк TeliaSonera Гулнора Каримовага 320 миллионлик пора берганини фош қилган филм муаллифи.

Йоахим Дифвермарк TeliaSonera Гулнора Каримовага 320 миллионлик пора берганини фош қилган филм муаллифи.

Швеция жамоатчилик телевидениеси журналисти Йоахим Дифвермарк “Вазифа: текшириш” рукни доирасида TeliaSonera ширкатининг собиқ Совет республикаларидаги фаолиятини тафтиш қилиб келади.

- Улар инсон ҳуқуқларига қарши жиноятларда иштирок этаётганларини, Ўзбекистонга кириш учун бу мамлакат режимига қанча ҳақ тўлашлари кераклигини била туриб, бунга қўл уришди. Улар бу режимлар билан келишувга киришгани, махсус хизматларга ўз мижозлари ҳақидаги маълумотларни тақдим қилишга рози бўлгани туфайли, бу мамлакатларда лицензияларни олишга муваффақ бўлди. Улар бу диктаторлик режимлари билан келишувларни тузиб олиб, энди ботқоқдан чиқа олмаяпти,- дейди швециялик журналист.

“TeliaSonera – Ўзбек иши” ҳамда “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” филмлари Швеция прокуратурасининг TeliaSonera ширкатига нисбатан жиноий иш очишига туртки бўлди.

“TeliaSonera – Ўзбек иши” ҳамда “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” филмлари Швеция прокуратурасининг TeliaSonera ширкатига нисбатан жиноий иш очишига туртки бўлди.

Швеция жамоатчилик телевидениеси ўтган йилнинг сентябр ва декабр ойларида эфирга берган “TeliaSonera – Ўзбек иши” ҳамда “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” номли ҳужжатли филмларда TeliaSonera ширкати Ўзбекистон бозорига кириш учун бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддао қилинган.

Бу филмлар эфирга кетиши ортидан Швеция прокуратураси TeliaSonera ширкатига нисбатан жиноий иш очди.

Евровидение танлови ташкилотчиси Европа телекўрсатувлар иттифоқи (ЕТИ) TeliaSoneraга ҳомийлик ҳуқуқини ўтган йилнинг охирида берди. ЕТИ TeliaSoneraнинг 2007 йилда Ҳелсинкида ўтказилган Евровидение танловига самарали ҳомийлик қилганини алоҳида қайд этди.

Ўтган йили Озарбайжонда ўтказилган Евровидениеда ҳам TeliaSoneraга қарашли Azercell мобил операторига ҳомийлик ҳуқуқи берилган эди.

Бу ҳолат ҳам кўпчиликни хайрон қолдирди, чунки Azercell ширкати 2009 йилги Евровидение пайтида, Озарбайжон махсус хизматларига арманистонлик қўшиқчига СМС орқали овоз берган Озарбайжон фуқаролари ҳақидаги маълумотларни тақдим қилгани катта жанжалга сабаб бўлган эди.

ЕТИ медиа диеркатори Анника Нюберг TeliaSonera ўзига нисбатан илгари сурилаётган айбловларга тегишли тарзда жавоб беришига ишониши ҳамда Европа телекўрсатувлар иттифоқи 56 аъзо мамлакат орасида сўз эркинлиги каби қадриятларга амал қилиниши масаласига эҳтиёткорлик билан ёндашишини айтади.

- Биз инсон ҳуқуқлари ташкилоти эмасмиз. Биз медиа ширкатларни ўз ичига олувчи ташкилотимз. Лекин шу билан биргаликда, амал қиладиган қадриятларимиз ҳам бор. Ҳомийларни танлашда ҳам ана шу қадриятларга ҳамда улар билан ҳамкорлик тажрибасига асосланамиз. Уларни жуда эҳтиёткорлик билан танлаймиз, албатта,- дейди ЕТИ расмийси Анника Нюберг.

Ялтир-юлтур базмлар билан ўтадиган ва турли миллат вакиллари қатнашадиган Евровидение сиёсатга аралашмасликка ҳаракат қилиб келган.

Лекин танловда собиқ Совет мамлакатлари қатнаша бошлагач, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фурсатдан фойдаланиб, айниқса, Озарбайжон ва Россияда Евровидение ўтказилган пайтда, инсон ҳуқуқлари бузилиши муаммосига жамоатчилик эътиборини тортди.

TeliaSonera ширкатининг ўзи ҳам собиқ иттифоқ мамлакатларидаги фаолияти боис путури кетган обрўсини тиклашга ҳаракат қилмоқда. Шу йилнинг бошида ширкат бош директори Ларс Нюберг истеъфога кетди ва бошқарув кенгаши таркиби алмаштирилди. Ширкат шунингдек сўз эркинлиги ва шахсий сирни ҳимоя қилишга қаратилган янги қоидаларни жойри қилди.

Лекин бу ҳаракатлар ҳаммани ҳам қониқтиргани йўқ. Беларусдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб борадиган швециялик ҳуқуқ фаоли Изабел Соммерфилд TeliaSonera Евровидениедек катта даромад оладиган ва 125 миллионлик аудиторияга эга тадбирга ҳомийлик қилишга ҳақли эмас, дейди.

- Менимча, бундай PRга улар лойиқ эмас. TeliaSonera ахлоқсиз ширкатга айланди. Улар ўз халқларини эзиб келадиган режимлар билан ҳамкорлик қилиб келади. Диктаторга ўз халқини эзишга ёрдам бериш ахлоқсизликдир. TeliaSonera эса, ана шундай иш билан шуғулланмоқда, дейди швециялик ҳуқуқ фаоли Изабел Соммерфилд.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG