Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:35

Ўзбекистон гомофобия кучли бўлган мамлакатлар рўйхатида



17 май - Гомофобияга қарши кураш кунида Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмаси дунёда гомосексуал озчилик ҳуқуқлари бўйича ҳисоботни эълон қилди. 78 мамлакатдаги аҳвол ўрганилган ҳисоботда Ўзбекистон гомосексуализм жиноят даражасига кўтарилган давлатлар қаторидан жой олди.

Қароргоҳи Брюссел шаҳрида жойлашган Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмасига кўра, постсовет ўлкалари орасида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда гомосексуализм учун жиноий жазо белгиланган.

Ўзбекистон Жиноят Кодексида "бесоқолбозлик" сифатида таснифланган гомосексуализм ўртача оғирликдаги жиноят саналади ва гомосексуализм билан шуғулланган фуқаролар 3 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинишлари мумкин.

Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмаси бош котиби Ренато Саббадини Озодлик билан суҳбатда Марказий Осиёнинг айрим мамлакатларида гомосексуализм учун белгиланган жазо бекор қилинган бўлса-да, минтақада гей ва лесбиянларга нафрат билан қараш ҳали ҳам кучли экани, жинсий ориентацияси сабаб уларнинг мунтазам камситилаëтганларини айтади:

- Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин, мазкур минтақа давлатлари мустақил бўлгач аҳвол яхшиланади, деб умид қилган эдик. Чунки,90- йиллар бошида Марказий Осиёнинг айрим мамлакатларида гомосексуализм учун жазо бекор қилинди. Лекин сўнгги ўн йилликларда минтақада гомофобия тўлқини яна кучайди. Одамлар қайтадан бунга ўз зеҳниятига ёт иллат сифатида қарай бошлади, дейди Саббадини.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам ўз чиқишларидан бирида “гомосексуализм ўзбеклар учун жирканч” деб таъкидлаган эди.

Ўзбекистонда гомосексуалистлар жамоат нафратидан қўрққани боис¸ ўз жинсий ориентацияларини очиқ айта олишмайди.

Лекин ўзбекистонлик блоггер Гуласал Камоловага кўра, ўзбекистонлик гей ва лесбиянлар бугунга келиб Интернетда фаоллашган:

- Улар ўта эҳтиëткор ва қўрқиб ҳаракат қилишади, Интернетда фақат ник билан мулоқот қилишади, дейди Камолова.

Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмаси ҳисоботига кўра, Эрон, Саудия Арабистони, Судан, Мавритания гомосексуалистлар учун энг ёмон мамлакатлардир.

Бу давлатларда гомосексуализм учун ўлим жазоси белгиланган.

Канада, Аргентина, Уругвай, Жанубий Африка, Испания, Португалия, Швеция, Норвегия каби мамлакатларда эса гей ва лесбиянларнинг ўзаро никоҳ қуришларига рухсат этилган.

Шунга қарамай, Европа Иттифоқи ҳам гомосексуаллар камситилаëтган ҳудудлар рўйхатига киритилган

Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича агентлиги гомофобия бўйича ўтказган тадқиқотларига кўра, сўнгги беш йил мобайнида гей ва лесбиянларнинг 25 фоизи жинсий ориентацияси сабаб турли кўринишдаги камситиш ва таҳқирлашлар нишони бўлган.

Агентлик 93 минг респондент орасида сўров ўтказиб, шундай хулосага келган.
XS
SM
MD
LG