Линклар

Ўзбекистон солиқ тизимида “тозалаш” кетаяпти


Тошкент шаҳар судида солиқчилар устидан бўлиб ўтган маҳкама жараёнидан лавҳа ("Ёшлар" телеканалидан олинган ТВ-скриншот).

Тошкент шаҳар судида солиқчилар устидан бўлиб ўтган маҳкама жараёнидан лавҳа ("Ёшлар" телеканалидан олинган ТВ-скриншот).

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Олимжон Файзибоев шаҳар прокуратурасига тергов учун чақиртирилаяпти. Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасига яқин бўлган манбанинг айтишича, шу кунларда солиқ тизимидаги яна бир қанча мулозимнинг ҳам фаолияти таштиш қилинмоқда.

“Бош вазирнинг одами ҳам тергов қилинмоқда”

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Олимжон Файзибоеев шу кунларда Тошкент шаҳар прокуратурасига терговга чақирилаяпти.

Бу ҳақда Озодликка воқеадан хабардор тошкентлик манба маълум қилди.

“Олимжон Элчиевич бош вазиримиз Мирзиёвнинг яқин дўстларидан бири. Шундай “крыша»си бўлишига қарамай, ҳозир у кишини терговга чақиртиришаяпти. Коррупция ва молиявий махинацияларда айблаётган экан”, дея маълум қилди манба.

Шайхонтоҳур туман солиқ инспекцияси кадрлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходими бу маълумотни инкор қилмаган ҳолда, Олимжон Файзибоев ҳақида Тошкент шаҳар солиқ бошқармасидан аниқ маълумот олишимиз мумкинлигини таъкидлади.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бўлган Шайхонтоҳур туман солиқ инспекциясининг бошқа бир ходими воқеа тафсилотларига ойдинлик киритди.

“ Олимжон ака кейинги кунларда ишга чиқмаяпти. Инспекциядаги ишларни унинг биринчи ўринбосари Азизбек Тагаев бошқараяпти. Ҳозир Файзибоевга расман касаллик варақаси очилган. Аслида у киши прокуратурага терговга қатнаяпти. Ўтган йили Шайхонтоҳур туман солиқ инспекциясидан бир неча ходим молиявий айбловлар билан ушланган эди. Улар тергов пайти Файзибоевни ҳам “сотган”. Лекин у қудратли, барибир терговдан қуруқ чиқишига ишонаяпмиз”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз солиқчи йигит.

Солиқ мулозимлари фаолияти яширин тафтиш қилинмоқда

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасига яқин бўлган манбанинг айтишича, шу кунларда солиқ тизимидаги мулозимларнинг бир қанчасининг фаолияти яширин равишда тафтиш қилинмоқда.

“Бу кейинги 10 кун ичида бўлаётган воқеалар. Тафтишдан хабар топган солиқ қўмитасидаги мулозимлар орасида чет элга қочиб кетишга тайёргарлик кўраётганлари ҳам бор. Мамлакатдаги карчалонлар орасида “ўз-ўзини гўштини ейиш” бўлаяпти”, деди манба.

Ўзбекистон солиқ қўмитасининг расмий сайтида эълон қилинган телефон рақамига жавоб берган шахс яқин орада қўмитада кадрлар ўзгариши бўлишини тасдиқлаган ҳолда, ким ишдан бўшатилиши-ю, ким ишга олинишини фақат “юқоридагилар” ҳал қилишини айтди.

Кейинги бир йил ичида мамлакатда ўнлаб солиқчилар узоқ муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

“Ёшлар” телеканали тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Рустам Турсунбоев ҳамда унинг ўринбосари Бахтиёр Мирюсуповлар 13-14 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

МХХ маълумотларига кўра, Давлат солиқ қўмитасининг ушбу икки мулозими олган пора миқдори 66 000 АҚШ долларидан зиёдроқдир.

Тошкент шаҳар прокуратурасига кўра, Юнусобод тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Даврон Хўжаев ҳамда унинг ўринбосари Саидолим Султонов тумандаги “Азия Фуд Сед” корхонаси раҳбари Фурқат Исломовдан 16 500 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда ҳибсга олиниб, Ўзбекистон ЖКнинг 210-моддасига асосан 7 йилдан 9 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўтган йилнинг октябрида Миробод тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Абдуваҳҳоб Хўжабоев, унинг ўринбосари Сирожиддин Холиёров, шўъба бошлиқлари Бахтиёр Шомаҳмудов, Хайрулла Исмоилов ва Орифжон Алтиевларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси (Пора олиш) асосида 7 йилдан 9 йилга қадар муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Uzmetronom.com сайти маълумотига кўра, ўтган бир йилда таъмагирлик ва порахўрлик каби айбловлар билан жами 40 нафар солиқ хизмати ходими жиноий жавобарликка тортилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG