Линклар

logo-print

Президентликни орзу қилмаган йигит Корея ҳақида айтиб берди

  • Сарвар Усмон

Пойтахт Сеул.

Пойтахт Сеул.

Жанубий Корея корейсларнинг кўзи билан қаралса, Ер бошланадиган ер; ўзбекларнинг кўзи билан қаралса, Ер тугаб қоладиган ер.

Хитой узра учсангиз, 6 – 7 соатда бориб қоласиз. Пойизда бир ҳафта – ўн кунда етсангиз керак. Пиёда эса, мутлақо бориб бўлмайдиган юрт.

Психологик жиҳатдан ҳам Корея қандайдир тескари юрт. Корея дейсизу худди сўлга тортиб кетаётган кўзларингизни мажбурлаб ўнгга бураётгандай бўлаверасиз – чет эл, десалар мия негадир Европа томонга чалғийверади.

Қисқаси олис юрт Корея. Кўргингиз келади, боришга вақт ҳам, хафсала ҳам ва энг муҳими – ақча ҳам етарли эмас.

Шунинг учун корейслар юртини “Эркин микрофон” эшиттириши доирасида Жанубий Кореяда ишлаётган ўзбекистонлик 30 яшар йигит Шуҳратнинг кўзи билан кўргимиз келди.

Озодлик: Шуҳрат, мана Кореяга нари борса 20 минг ўзбек боргандир. Қолганлар билмайди Кореяни. Борадими у ëққа йўқми, ҳўв ер тугаган жойда у. Ўзбекистонликларга бир айтиб беринг. Қанақа экан у Корея дегани? Воҳ деганингиз нима бўплди биринчи?

- Корея ëмон жой эмас. Ҳамма томонлама шароити яхши. Қонун-қоидаси, ҳаммаси. Банкларга борсангиз, хоҳлаган пайтингизда пулингизни оласиз. Ишлашга ҳамма шароитлар бор. Табиати яхши. Ҳамма шароитлар борда. Қайси бирини айтай сизга. Ҳамма томонлама шароити зўр. Ўзбекистондан фарқлида.

Озодлик: Қанақа фарқларни кўрдингиз?

- Менга ëққан томони ҳар томонлама условиелари зўр. Иш кўп. ишлайсиз, ойлингизни вақтида беради. Ойлигингизни любой пайтда ҳисоб рақамингизга ташлаб беради. Любой пайтда банкоматга борасиз, пулингизни оласиз. Проблема йўқ. Қонун-қоида, ҳамма нарса жой жойида.

Озодлик: Ўзбекистон билан фарқлари кўп дедингиз. Яна нималарда фарқлари бор?

- Ўзбекистон ҳам яхши, ëмон эмас. Иш томондан Ўзбекистонда йўқроқ. Ойлик оласиз, банкка бориб оламан десангиз, любой пайтда ололмайсиз. Мана кредит проблема. Ҳозир бизда мана пластик карта билан пул олиш чиққан экан. Проблемада бу нарсалар. 100 минг олсангиз, 80 фоизини бериб 20 фоиз уриб қолишади. Кореяда унақа эмас.

Озодлик: Одамларда қанақа фарқлар бор?

- Корейслар меҳмондўст, ҳурмат жуда яхши. Ўзининг маҳаллий халқига ҳам ҳурмати яхши, муомаласи яхши. Банкларга борсангиз ҳам яхши муомала қилишади.

Озодлик: Келгинди, қишлоқи деган ...

- Унақа нарсалар йўқ Кореяда. Мана ўзимиз ҳам юрибмиз. Чет элдан келган вигук барибир улар билади ишлаш учун келган. Ҳаммаси билади.

Озодлик: Вигук дедингизми?

- Чет эллик иноснларни айтишади. Лекин муомаласи яхши. Паст назар билан қараш йўқ. Банкларга борсангиз ҳам мана ўзбеклар ҳар доим қўли кўксида, шунга ўхшаганда, доим эгилиб, кириб бораверасиз.

Озодлик: Гап айланиб мана ўхшашликларга келди. Ўзбекларга ўхшаб қўли кўксида дедингиз. Яна нималари ўхшаш корейс билан ўзбекнинг?

- Энди просто мен тушунтириш учун айтдим. Бошқа ўхшаш жиҳат бўлмаса керак.

Озодлик: Кореяда ишлаëтганларни “Жуда оғир меҳнат қилади. Зарарли ишлаб чиқаришда ишлайди. Маҳаллий корейслар ишламайдиган жойда ишлайди” дейишади. Шунақами?

- Ўзингизга боғлиқда. Қийин жойлар ҳам бор. Унга сал пулни зиëдроқ беришади. Енгил жойлар ҳам бор. Ҳамма жойда хўроз бир хил қичқиради дейдику.

Озодлик: Ўзбекистонга қайтганда “Корейсларга ўхшаб бунақа қиламан, унақа қиламан” деган гапларингиз бордир. Нимани ният қилаяспзи? Кореядан уйингизга нимани олиб келмоқчисиз?

- Уйимга ҳеч бало олиб бормайман. Фақат пулни қиламан, кетаман.

Озодлик: Корейсларнинг уй тутишидан, ҳовли тутишидан бир нарса ўрганиб “Уйимга борганда шунақа нарса қураман” деган нарсангиз бордир.

- Унақа ният қилмадим. Бу ернинг урф-одати ўзимизникига тўғри келмайди. Шароит бошқада.

Озодлик: Ëшингиз нечада?

- 30да.

Озодлик: Ëш экансиз. Ҳали президент бўлиб кетасизми. Ўзбекистонга президент бўлиб қолсангиз, Кореядан мамлакат учун нималарни олган бўлардингиз?

- Иложи борича ишлаб чиқариш қилардим. Кўпроқ завод, фабрика қуриб, ўзбекларнинг четга чиқишини камайтириб, ўзимизда кўпроқ иш қилгани маъқулда менимча.

Озодлик: Ўзи президент бўлишни орзу қилганмисиз?

- Ният қилганим йўқ. Президентликка биздан бошқа ният қилган одамлар кўп.

Озодлик: Вилоят ҳокимичи?

- Йўқ, биз фақат шу пешона тери билан ишлаб бир-икки сўм пул бўлса, шу билан оилани боқсак бўлди, дейди Кореяда меҳнат қилаëтган Шуҳрат.

*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни Ozodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG