Линклар

ЕИ Озодлик мухбирини ҳибсдан чиқаришни талаб қилмоқда


Озодлик радиоси туркман хизмати мухбири Ровшен Язмуҳамедов 6 май куни ҳибсга олинган эди.

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбири Ровшен Язмуҳамедов 6 май куни ҳибсга олинган эди.

Европа Иттифоқи делегацияси Туркманистон раҳбарияти билан учрашуви чоғида Озодлик радиоси туркман хизмати мухбири Ровшен Язмуҳамедовни қамоқдан озод қилиш масаласини кўтарди.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат мутасаддиси Кэтрин Эштоннинг матбуот вакили Мая Кокиянкик 17 май куни шу ҳафтанинг чоршанбасида Ашхабод расмийлари билан учрашув ўтказилганини билдирди. Учрашувда инсон ҳуқуқлари вазияти муҳокама этилган. Европа Иттифоқи расмийлари туркман ҳукуматини Ровшен Язмуҳамедовни ҳибсдан озод этишга чақирган.

- Биз бу масала бизни ташвишлантираётгани ҳақида очиқ мужда бердик. Мухбирнинг қамоққа олиниши сабабларини ҳар томонлама суриштирдик, унинг оиласи ва адвокати билан учрашига рухсат берилишини талаб қилдик. Бу ишни диққат билан кузатишда давом этамиз, -деди Мая Кокиянкик.

Озодлик радиоси туркман хизматининг 30 ёшдаги мухбири Ровшен Язмуҳамедов 6 май куни Туркманобод шаҳрида қўлга олинган эди. Европа Иттифоқи делегацияси Ашхабод расмийларини мухбир ишини тез орада холис ва адолатли кўриб чиқишга чақирган.

- Менинг тушунишимча, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари мазкур иш юзасидан ўн кун ичида қарор қабул қилишлари керак. Бу эса энг қисқа муддатдир, -деди Мая Кокиянкик.

Озодлик радиоси расмий Ашхабодга кўп марта мурожаат қилганига қарамай, Ровшен Язмуҳамедов юзасидан Туркманистон ҳукумати маълумотлар беришдан бош тортмоқда.

Язмуҳамедовнинг яқинларига кўра, мухбир айни пайтда Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчилик ва террорчиликка қарши кураш бош бошқармаси тергов изоляторида сақланмоқда.

2009 йилдан бери Туркманистонда Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирлари билан боғлиқ мана шундай учта кўнгилсиз воқеа содир бўлди.

2011 йилнинг октябрида туркман хизмати мухбири Давлатмурод Язкулиев соҳата айбловлар билан судланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Туркман ҳукумати уни Абадан шаҳридан тайёрлаган радиолавҳалари учун “миллий, ижтимоий ва диний фитначиликда” айблаб, таъқиб остига олган эди.

Язкулиев орадан кўп ўтмай АҚШнинг 4 сенатори, жумладан, айни пайтда АҚШ Давлат котиби лавозимида ишлаётган Жон Керрининг Ашхабод расмийларига мурожаатидан сўнг амнистия қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG