Линклар

logo-print

Франция президенти Франсуа Олланд 18 май куни бир жинс вакиллари орасида никоҳни қайд қилишга оид қонунни имзолади. Шу тариқа Франция парламенти тарафидан 23 апрел куни қабул қилинган қонун расман кучга кирди.

Қонун кучга кирган муддатдан 10 кун ўтиб, Францияда илк бир жинсли жуфтлик никоҳдан ўтиши мумкин.

Жума куни Франция конституциявий кенгаши бу қонунга қарши даъвони асоссиз деб топиб, Франция президенти Франсуа Олландга бу қонунга имзо чекиш имконини яратган эди.

Конституциявий кенгаш қароридан кейин Олланд бу қонунга имзо чекиш республикадаги тамойилга мослигини билдирди.

Гейлар никоҳини легализация қилиш Франсуа Олланд бошчилигидаги социалистик партиянинг сайловолди дастуридир.

Шу тариқа Франция бир жинсли никоҳлар қонуний бўлган Европадаги саккизинчи давлат бўлди.

Дунëдаги 14 давлатда бир жинслар орасидаги никоҳ легаллаштирилган.
Бу давлатлар орасида Канада, Аргентина, Уругвай, Жанубий Африка, Испания, Португалия, Швеция, Норвегия каби мамлакатлар бор.

Ҳамма рози эмас

Бир жинсли никоҳларга қарши мамлакатнинг собиқ президенти Николя Саркози етакчилигидаги Халқ ҳаракати иттифоқи конституциявий кенгашга даъво аризаси билан мурожаат қилган эди.

Айни пайтда Францияда бир жинсли никоҳлар масаласида турли қарашлар мавжуд.

Ўтказилган сўровларга кўра, бир жинсли никоҳ амалиëтини сўралганларнинг 60 фоизи ëқлаган. Бир жинсли никоҳ асосида қурилган оилаларнинг бола асраб олишига французларнинг 50 фоизи қарши эканини сўровларда билдирган.

Бир жинсли никоҳларга қарши намойишларда мамлакатнинг муҳофазакор қатлам вакиллари, католик руҳонийлари ва ўн минглаган французлар қатнашган эди.

Франциядаги Халқ ҳаракати иттифоқи раиси Жан-Франсуа Копе бир жинсли никоҳларга изн берувчи қонун қабул қилинганидан таассуф билдирди.

Ўнг қарашдаги яна бир француз сиëсий арбоби Эрве Маритон эса бу масалага 2017 йилги сайловда яна қайтилажагини билдирди.


Ўзбекистон - гомосексуалистлар камситиладиган мамлакат

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам ўз чиқишларидан бирида “гомосексуализм ўзбеклар учун жирканч” деб таъкидлаган эди.

Қароргоҳи Брюссел шаҳрида жойлашган Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмасига кўра, постсовет ўлкалари орасида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда гомосексуализм учун жиноий жазо белгиланган.

Ўзбекистон Жиноят Кодексида "бесоқолбозлик" сифатида таснифланган гомосексуализм ўртача оғирликдаги жиноят саналади ва гомосексуализм билан шуғулланган фуқаролар 3 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинишлари мумкин.

Ўзбекистонда гомосексуалистлар жамоат нафратидан қўрққани боис¸ ўз жинсий ориентацияларини очиқ айта олишмайди.

Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмаси ҳисоботига кўра, Эрон, Саудия Арабистони, Судан, Мавритания гомосексуалистлар учун энг ёмон мамлакатлардир.

Бу давлатларда гомосексуализм учун ўлим жазоси белгиланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG