Линклар

Ироқда яна саккиз киши нобуд бўлди


Ироқда саккиз киши зўравонлик қурбонига айланди. Бу ҳақда Ироқ расмийлари ва шифокорлар маълум қилдилар.

Кеча Бағдодда номаълум шахслар полициянинг террорчиликка қарши кураш бўлими ходими уйига ҳужум уюштирганлар. У ерда полициячи ва унинг оила аъзоларидан уч киши ўлдирилган. Уйдан унча узоқ бўлмаган жойда ҳужумчилар уларни ушлашга уринган яна бир полициячини отиб кетганлар.

Ироқ жанубидаги Басра шаҳрида сунний мазҳабидаги дин арбоби Ассад Носир ўлдириб кетилган.

Мамлакат шимолида жойлашган Мўсул шаҳрида эса йўл четида ўрнатилган бомба портлаши оқибатида ироқлик икки ҳарбий ҳалок бўлган, яна икки нафари жароҳатланган.

Сўнгги пайтларда Ироқда шиалар ва суннийлар ўртасида ихтилоф кучайиб кетди. Суннийлар шиалар бошчилигидаги марказий ҳукуматни уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилаётганликда айбламоқдалар.

Кейинги уч кун ичида Ироқда содир этилган зўравонлик амалиётлари чоғида 130 га яқин киши нобуд бўлган.
XS
SM
MD
LG