Линклар

ҲРУ фаоллари Андижон фожеасини унутмасликка чақирмоқда


2005 йилнинг 13 май куни Андижонда содир бўлган фожеа кўплаб ўзбекистонликларнинг умр гулини сўлдирганди.

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда содир бўлган фожеа кўплаб ўзбекистонликларнинг умр гулини сўлдирганди.

Андижон қирғинидан 8 йил ўтиб ҳам Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳалокатли даражада қолаётган мамлакатдир. Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан стратегиясини қачон ўзгартиради?


Ҳюман Райтс Уотч ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори Ҳю Вилямсон ва ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича мутахассиси, ҳуқуқшунос Стив Свердлоу томонидан ёзилган ҳамда ўтган ҳафта “Европа овози” газетасида чоп этилган мақоласи ана шундай бошланади.

“Ўзбекистон: Қирғин тарих қаърига ғарқ бўлмасин” деб номланган мазкур мақолани қуйида тўлалигича эътиборингизга ҳавола қиламиз:



Cобиқ Совет Иттифоқи ҳудудида энг дaҳшaтли қирғинлардан бири содир этилганига 8 йил бўлди. 2005 йилнинг 13 майида Андижон шaҳрида хавфсизлик кучлари оммага қарата ўт очиб, аксарияти қуролсиз юзлаб намойишчиларни, хусусан, эркаклар, аёллар ва болаларни ўлдирган. Бу инсонлар жон сақлаш учун қочаётган пайтда нишонга олинган. Мазкур жиноятлар учун ҳeч ким жавобгарликка тутилмади. Авторитар президент Ислом Каримов воқea мустақил тергов қилинсин, деган чақириқларни писанд қилмади.

Шундан бери Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини энг қўпол тарзда бузувчи давлатлардан бири деган номи янада мустаҳкамланди. Шафқатсиз қирғиндан кейин Ўзбекистон ҳукумати ўнлаб ҳуқуқбон ва журналистларни қамоққа ташлади, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва ҳалқаро ахборот воситаларини мамлакатдан ҳайдади.

Қамоқхоналарда қийноқлар ҳамон кенг тарқалган. 2012 йилнинг апрелида Гулноза Йўлдошева ҳибсда қаттиқ дўппосланган. Mаҳаллий расмийларнинг инсон савдосидa қўли борлиги ҳақида материал тўплаган Йўлдошевани милиция резинка тўқмоқ билан урган, сочидан судраб, ҳушидан кетгунича савалаган.

Андижон қирғинидан кейин Ғарб давлатлари учун Ўзбекистон билан қандай алоқа қилиш қалтис масалага айланди. Европа Иттифоқи қирғинни қоралаб, санкциялар жорий этди. 2009 йилга бориб эса, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича бирор шартни бажармаса ҳам, бу чекловлар бекор қилинди.

Ўзбекистон “ҳамкорлик қилиш керак бўлган” авторитар давлат сифатида иттифоқ учун нозик синов. НАТО кучлари Афғонистонни тарк этаркан, асосий таъминот йуналишларидан бири республикадан ўтади. Ўзбекистоннинг, шунингдек, минтақавий масалаларда роли катта. Каримов Ғарбдаги яқин ҳамкорларидан иқтисодий ёрдам кутмоқда ва улар томонидан тан олинишни истайди.

Европа Иттифоқи эса юзаки ўзгаришларни улкан янгилик сифатида қабул қилиб, асл вазиятга кўз юмди. Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг республика қамоқхоналаридан оёқ узгани блок хато сиёсат юритганини кўрсатди. Савол туғилади: Европа Иттифоқи ва унинг аъзолари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол яхшиланишига ҳисса қўша олмаганини қачон англаб, қачон стратегияни ўзгартиради?

Ҳатто энг авторитар ҳукуматлар ҳам Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ишлаши учун шароит яратиб қўйган. Бу ташкилот фаолиятининг мезони шундан иборатки, бирор маълумот ошкор этилмайди; унинг кўргани, билгани ва эшитгани сир тутилади. Қўмита ишини тўхтатишга мажбур бўлгани Ўзбекистонда ҳуқуқ аҳволи нақадар оғирлашганидан далолат беради.

Беш йиллик чеклов кетидан мамлакат бу ташкилотга эшик очганида Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари буни “ижобий қадам” деб мақтаб, санкцияларни олиб ташлаган эди.

Яна бир “ижобий қадам” 2008 йилда habeas corpus, қамоққа олинган шахснинг дарҳол суд олдига олиб келиниш ҳуқуқи таништирилгани эди. Лекин Ўзбекистон ҳукумати бу механизмни астойдил ишга солгани йўқ. Шундай экан, “ижобий қадамлар” ҳақиқий ўзгаришга етакламади.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Ўзбекистондаги чекловларга ортиқ тоқат қила олмаслигини баён қилиб турибди. Европа Иттифоқи ва унинг аъзолари республикадаги ҳолатга нисбатан тегишли чора кўриши лозим.

Блок Ўзбекистонга шуни очиқ тушунтириши керакки, агар инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол сезиларли даражада яхшиланмаса, Европа ташқи ишлар вазирлари республика расмийларига виза беришни тақиқлайди ҳамда уларнинг мулк ва банк ҳисобларини музлатади.

Ўзбекистоннинг жоҳил органи, Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) раҳбари Рустам Иноятов бунга лойиқ номзод. Иноятов 2005 йилда қўйилган санкциялардаги рўйхатда эди ва кўплаб маҳбусларнинг қийноққа солинишида жавобгар тизимни бошқариб келмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати, мана 10 йилдан ошибдики, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳуқуқ бўйича бирор махсус вакилини (11 дипломатни) киритмади. Бу жиҳатдан Ўзбекистон Эрон, Хитой ва Туркманистондан ҳам ўтиб кетди.

Европа Иттифоқи ва унинг шериклари БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашидан айнан Ўзбекистон учун вакил тайинлашни сўраши керак, токи у дунё аҳли диққатини мамлакатдаги даҳшатли вазиятга қаратсин ва бу масала халқаро саҳнада муҳокама қилинсин.

Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги борасида ижобий силжиш бўлса, бу албатта бутун минтақада ўзига хос акс-садо беради. Авторитар раҳбарларнинг ёши ўтиб, Марказий Осиё коррупция, юлғичлик ва қонунбузарликлар исканжасида қолар экан, ижобий ўзгариш шабадаси Андижон қирғини қурбонларини хотирлатиб, Европа Иттифоқи адолатсизликлар олдида қўл қовуштириб турмаслигини исботлаган бўлар эди.

Ҳю Вилямсон (Ҳюман Райтс Уотчнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори) ва Стив Свердлоу (ҳуқуқшунос, Марказий Осиё бўйича мутахассис)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG