Линклар

logo-print

Покистон: Карачининг айрим участкаларида сайлов қайта ўтказилмоқда


Покистонда 11 май куни ўтказилган парламент сайловида сохталаштириш ҳолатлари аниқланган Карачи шаҳридаги айрим сайлов участкаларида бугун фуқаролар қайта овоз бермоқда. Сайлов арафасида Имрон Хон раҳбарлигидаги Таҳрики инсоф партияси аъзоси Зуҳра Шаҳид Ҳусайн Карачидаги ўз уйи яқинида отиб кетилди.

Собиқ крикет юлдузи Имрон Хон раҳбарлигидаги Таҳрики инсоф партияси 11 май кунги парламент сайловида “NA-250” участкасида сайлов натижалари Муттаҳида Қавми ҳаракати фойдасига сохталаштирилганини иддао қилиб, овоз бериш қайта ўтказилишига эришган эди.

Муттаҳида Қавми ҳаракати сайловда сохтакорликка йўл қўйилгани ҳақидаги иддаоларни рад қилиб, қайта овоз беришга бойкот эълон қилишини билдирган.

Шанба куни Таҳрики инсоф партияси аъзоси Зуҳра Ҳусайн Карачи шаҳридаги уйи олдида отиб кетилди. 59 ёшдаги Зуҳра Ҳусайн Таҳрики инсоф партиясининг Синдҳ вилояти бўйича раис ўринбосари бўлган.

Хабарларга кўра, қотиллар воқеа жойидан қочишга муваффақ бўлган. Мазкур ҳужум учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

Полиция Зуҳра Ҳусайн қасдан ўлдирилганми ёки у талончилик қурбони бўлганми - ҳозирча аниқ эмаслигини билдирган.

11 май кунги парламент сайловидан кейин Имрон Хон бошчилигидаги Таҳрики инсоф партияси учинчи йирик партия ва янги сиёсий кучга айланди.

Имрон Хон якшанба куни эълон қилган баёнотида қотиллик учун Карачидаги етакчи сиёсий куч саналган Муттаҳида Қавми ҳаракати партиясини айблади.

Имрон Хон Лондонда сургунда яшаётган партия раҳбари Алтаф Ҳусайнни шахсан Таҳрики инсоф партиясига таҳдид қилганликда айблади.

Имрон Хон Покистонда қотилликка алоқадорликда гумонланиб қидирувга берилган Алтаф Ҳусайнга нисбатан чора кўрилмаётгани учун Британия ҳукумати масъул эканини таъкидлади.

Таҳрики инсоф партиясининг Синдҳ вилояти бўйича раиси Нодир Абдул Лўгарий Зуҳра Ҳусайннинг ўлдирилиши нобарқарорлик белгиси эканини урғулади.

- Ҳимоясиз аёл ўлдирилди. Энди хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Мен бундан буён вазият қандай бўлишини тасаввур қила олмайман. Покистонда авж олиб бораётган зўравонликларни қандай тўхтатамиз? Ҳар куни одамлар ўлдирилаяпти. Ҳар куни одамлар қурбон бўлмоқда. Бунинг учун ҳеч ким сўроққа тутилмаяпти, дея баёнот берди Таҳрики инсоф партиясининг Синдҳ вилояти бўлими раиси.

Покистонда 11 май куни ўтказилган сайлов арафасида исломчилар фуқароларга овоз беришда қатнашмай, ўз уйларида ўтиришни, акс ҳолда, ўлим билан қаршилашишлари мумкинлигини айтиб, таҳдид қилганлар.

Сайловолди кампанияси давомида амалга оширилган ҳужумларда қарийб 150 киши нобуд бўлганига қарамай, 8 кун аввал ўтказилган сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган Покистон фуқароларининг 60 фоизи иштирок этган.

11 май кунги сайловдан кейин Покистон тарихида илк бор фуқаролардан иборат ҳукумат ўз муддатини тўлиқ тугатиб, ҳокимиятни сайланган фуқаролик ҳукуматига топширди.

Сайловда Навоз Шариф етакчилигидаги Покистон Мусулмон лигаси партияси номзодлари парламентдаги 342 та ўриннинг ярмидан кўпини эгаллаган.
XS
SM
MD
LG