Линклар

Сурияда ҳукумат кучлари исёнчиларнинг таянч нуқталаридан бири ҳисобланмиш Қусайр шаҳрида бир неча муҳим объектни эгаллаб олди. Бу ҳақда Суриядаги давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди.

Уларнинг маълумотларига кўра, шаҳарни ишғол қилиш бўйича амалиёт чоғида 70 нафар “террорчи” ўлдирилган – расмий медиа президент Башар Ассад режимига қарши кураш олиб бораётган исёнчиларни ана шундай деб атайди. Мухолифат маълумотларига кўра эса, Қусайрда 50 чоғли киши ҳалок бўлган.

Ассадга хайрихоҳ кучлар Қусайр шаҳри ишғолини якшанба куни эрталаб бошлагандилар. Айтилишича, шаҳар тўп ва миномётлардан ўққа тутилган.

Исёнчилар ҳукумат кучлари томонида Ливандаги шиаларнинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи жанггарилари жанг қилаётганларини таъкидламоқда. Би-би-сининг хабар қилишича, исёнчилар томонида ливанлик сунний жанггарилар жанг қилаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

2011 йилнинг март ойидан буён Сурияда давом этиб келаётган ички низода, БМТ маълумотларига кўра, 70 мингдан зиёд киши ҳалок бўлган.
XS
SM
MD
LG