Линклар

“Китоб байрами” ўзбекистонликларни китобга қизиқтира оладими?


Озодлик суҳбатдошларига кўра, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда китоб харидори камайиб кетган.

Озодлик суҳбатдошларига кўра, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда китоб харидори камайиб кетган.

Шу йилнинг 23-24 май кунлари Тошкентдаги Ғафур Ғулом номли маданият ва истироҳат боғида, шунингдек, вилоят марказлари ва Қорақалпоғистон республикасида “Китоб байрами” бўлиб ўтади.

Бу маълумотни Озодликка мазкур тадбир ташаббускори бўлган Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизматининг ўзини таништирмаган вакили тасдиқлади.

“Адабиётга эътибор маънавиятга, келажакка бўлган эътибордир” шиори остида ўтказилаётган тадбирда адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ва қомусий китоблар тақдим этилиши, таниқли шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар уюштирилиши, викториналар ўтказилиши, санъат усталари ва ёш хонандалар иштирокида концертлар берилиши айтилмоқда.

Жиззахлик Набижон ака бу каби тадбир кеча ўзи яшаётган Ғаллаорол туманида ҳам ўтказилганини айтади.

- Бир-иккита шоирлар келди. Жуда катта тантаналар билан ўтказишди, расмларга олишди. У деди, бу деди – шунақа бўлдию, лекин [одамларда] китоб ўқишга муносабат умуман сўниб бўлган. Илгариги даврга нисбатан 5 фоиз ҳам йўқ бўлса керак, - дейди Набижон ака.

Жиззахлик суҳбатдошимиз фикрича, юртдошларининг китобга қизиқиши сўнишига қатор омиллар сабаб бўлган.

- Илгари ҳар битта мактаб, қишлоқ, селсовет деган жойларда кутубхона бўларди. Ундан ташқари, мактабларда, айниқса, техникумларда [ўқитувчилар] ўқувчиларни мактаб кутубхонасига олиб кириб, бир соат-бир соат дарс тайёрлатарди, китоб ўқиттирарди. Ҳозир бу нарса йўқ бўлиб кетди – бу бир. Иккинчидан, битта китоб олай деса, фалон минг сўм-да. [Ўқувчи] йўлкирага пул тўлайдими, овқатига пул тўлайдими ё китоб оладими? Шу сабабли қизиққанлар ҳам ҳозир китобни сотиб олиб ўқиёлмаяпти, - дейди Набижон ака.

Авваллари китоб ўқимаса туролмаслигини таъкидлаган Набижон ака сўнгги пайтларда маҳаллий газеталар мутолааси билан кифояланаётганини, охирги марта икки йилча аввал ёзувчи Тоҳир Маликнинг “Шайтанат”ини ўқиб чиққанини айтади. Унга кўра, ҳозир тирикчилик ғамида юрган ўзбекистонликлар орасида китоб кўтариб, ўқиб юрган киши “анқонинг уруғи” бўлиб қолган.

Жиззахлик суҳбатдошимиз айтган “анқонинг уруғи”ни пойтахт Тошкентдан топдик. Ҳозир нафақада бўлган Абдуқаҳҳор ака у кишига қўнғироқ қилган пайтимизда фарғоналик шоира Марҳабо Каримованинг шеър китобини варақлаб ўтирган экан.

Бадиий асарлардан ташқари кейинги пайтда диний адабиётлар, хусусан, пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларини кўп ўқиётганини айтган тошкентлик суҳбатдошимиз фикрича ҳам, “Китоб байрами”га ўхшаш тадбирлар билан ҳозир ёшларни мутолаага қизиқтириш қийин бўлиб қолган. Абдуқаҳҳор ака мулоҳазасича, бу борада мактаб ва коллеж ўқитувчилари катта рол ўйнаши мумкин.

- Биринчи навбатда, ўқитувчилар ҳаракат қилиши керак. Ишқибоз бўлиши керак-да ўқитувчилар ҳам. Балким баъзиларининг ойлиги камдир - вилоятлардагиларнинг, балки шунинг учун ҳам вақти йўқдир, - дер экан тошкентлик суҳбатдошимиз бу уларни ўқувчиларда китобга муҳаббат уйғотиш масъулиятидан соқит қилмаслигини айтади.

Абдуқаҳҳор ака фикрича, “Китоб байрами”га ўхшаш расмий тадбирлардан фойда кам.

- Бу худди ҳалиги “мажлис қилдик - бўлди” дегандек гап-да. Ўтказди – бўлди, у ёғи билан иши йўқ ўша ўтказганларнинг ҳам. Уларнинг вазифаси шу китобларни кўрсатиш - тамом-вассалом, - дейди тошкентлик Абдуқаҳҳор ака.

Аммо Ўзбекистонда асарлари энг кўп ўқилаётган ёзувчилардан бири Ҳабиб Темиров “ўзбекистонликлар китоб ўқимай қўйди”, деган фикрларга қўшилмайди, “Китоб байрами”ни эса “шубҳасиз, фойдали тадбир” сифатида баҳолайди.

- Албатта, жуда керакли, фойдали тадбир. Ҳозир Ўзбекистонда китоб ўқиш, менинг кузатишимча, йилдан йилга кўпаймоқда. Мен буни ўз асарларимга бўлган муносабатда ҳам кўраяпман. Бунақанги китоб байрамлари, китоб кўргазмалари китобхонлар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади, деган фикрдаман, - дейди ёзувчи Ҳабиб Темиров.

Ёзувчига кўра, янги технологиялар кенг қулоч ёйиб бораётган бугунги кунда ўқувчида етти иқлимни [виртуал] кезиб, истаганча ахборот олиш имконияти бор. Бироқ бу манбалар орасида китобнинг мақоми бўлак бўлиб, унинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди.

- Китобни, менинг фикримча, “тафаккурнинг нони” деб, ифодали қилиб айтиш мумкинки, у ҳеч қачон жонга тегмайди. Ҳар қанақанги лаззатли таомларни еб, яна барибир биз нонга қайтамиз ва у ўша ҳеч қачон ўлмайдиган, ҳеч қачон эскирмайдиган, ҳеч қачон кўнгилга урмайдиган неъматимиз, деган бир муқоясани келтирган бўлардим, - дейди ёзувчи Ҳабиб Темиров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG