Линклар

Пенсияга чиққанига қарамасдан, ижодий иш билан шуғулланаëтган хоразмлик ҳайкалтарош (исмини айтмасликни маъқул кўрдик) нафақа жамғармасидан огоҳлантирувчи мактуб олди.

Мактубда ҳайкалтарош ўз асарлари учун қалам ҳақи (муаллифлик гонорари) олгани боис¸ давлатдан оладиган нафақани қайтариши зарурлиги айтилган.

Ўз вақтида Ўзбекистон Бадиий фонди тизимида мунтазам ишлаган ва пенсия фондига пул ўтказиб турган хоразмлик рассом Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу мактубдаги талаб мантиқан хато эканлигини таъкидлади.

Суҳбатдошимиз ҳайкалтарошлик ва визуал пластика соҳасида республикадаги саноқли мутахассислардан биридир. У нафақага чиққанига қарамасдан, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистондан тушаëтган ҳайкалтарошлик асарлари, бюст ва қабр тошлари бўйича буюртмаларни бажариб келади, мамлакатда ўрнатилаëтган ҳайкалтарошлик композициялари дизайни бўйича консултациялар беради ва бу ишлар учун ҳақ олади.

Пенсия жамғармасидан келган мактубда гонорар олаëтган нафақахўр ижодкор ўз пенсиясининг ярмини давлатга қайтариши лозимлиги талаб қилинган. Бу талаб Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябридаги қарорига асослангани айтилади.

Мазкур қарорга кўра, қалам ҳақи ëки бошқа турдаги гонорарлар оладиган пенсионер ишлаëтганлар қаторига қўшилади ва автоматик тарзда нафақасининг ярмиси қисқаради.

Суҳбатдошимиз - хоразмлик ҳайкалтарошга кўра, бу тизимда икки муаммо бор:

- Биринчидан, мен 30 йилдан ортиқ “Бадиий фонд”да ишладим. Катта-катта монументал буюртмаларни бажарганимда пенсия жамғармаси учун ажратмалар ўтказганман. Яъни мен бугун олаëтган пенсиям учун ўша вақтда пул тўлаб қўйганман. Буни қисқартириш менинг ҳақимга хиëнатдир.

Иккинчидан, мен ижодкор сифатида мунтазам эмас, балки онда-сонда гонорар оламан. Масалан, бу йил фақат бир марта, Туркманистондан тушган буюртма - Маҳтумқули ҳайкали учун ҳақ олдим, холос. Агар йил охиригача буюртма олмасам ҳам 12 ой давомида пенсиямнинг ярми қирқилади. Бу адолатдан эмас. Гонорар мунтазам ойлик сифатида талқин қилиниши тўғри эмас, - дейди суҳбатдош.

Хоразмлик кекса ҳайкалтарош масаланинг маънавий тарафига ҳам тўхталди:

- Бу талаб билан ҳукумат кекса ижодкорларга "ижод қилишни тўхтат", деган сигнални бермоқда. Санъат тарихига қарасангиз, масалан, Иля Репин каби рассом ўзининг ажойиб асарларини кексалигида яратганини кўрасиз. Шу маънода бу қарор кекса ўзбек санъаткорлари шаштини ва ижод қилиш иштиëқини қайтармоқда¸ - дейди кекса ҳайкалтарош Озодлик билан суҳбатда.

Кўпга келган тўй

Озодликка маълум бўлишича, нафақат хоразмлик рассом, балки республикадаги бошқа санъаткорлар ва журналистлар ҳам пенсияси қирқилиши ҳақида огоҳлантириш олишган.

Тошкентдаги “Новости Узбекистана” газетасининг кекса журналисти ҳам 17 май куни бюджетдан ташқари пенсия жамғармасидан уч миллион сўм миқдоридаги суммани қайтариши лозимлиги ҳақида мактуб олган.

Журналист ўзининг: "Нега? Нима учун?" деган саволига, "сиз газетага мақола ëзиб, қалам ҳақи олгансиз, шу боис сиз ишлаëтганлар қаторига қўшилдингиз"¸ деган жавобни олган.

Нафақадаги ўзбек ижодкорлари пенсия жамғармасининг бу қарори устидан судга шикоят қилишлари кафолатланган. Бироқ ижод қилгани учун пенсияси қирқилган хоразмлик рассом қариганда судма-суд юришни маъқул кўрмаслигини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG