Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:09

СЭС: Диққат, боғчаларда тувак режими бошланди!


Боғча болалари орасида ич кетар ва сариқ касали кўпая бошлаган мавсумда СЭС ходимлари асосий масъулиятни ота-оналарга юкламоқда. Электр токининг тез-тез узилиши ортидан боғча ходимлари тозаликни сақлашга қийналаётгани боис, жумладан, Наманган вилоятида болаларни ичимлик суви ва туваги билан боғчага жўнатиш тавсия қилинди.

Наманган вилоятида боғча болалари орасида яна сариқ касали (гепатит А) кўпайётгани айтилмоқда.

Жумладан, шу кунларда Озодликка боғланган наманганлик тингловчи шу ҳақда сўзлади.

- Боғча болаларининг жуда кўпида сариқ касали бор. "Боғчадан юқтириб келди", дейди ҳамма. Билмайман, СЭСдагилар боғчаларни текшираяптими ўзи? Касалхоналарда эса сариқ бўлган болаларга жой йўқ, деди тингловчи.

Бу мурожаат ортидан боғланганимиз Наманган вилояти Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари тингловчи берган хабарни қисман тасдиқлади.

Вилоятдаги Санитария-эпидемиология хизмати ҳудудий бўлимларидан бирининг боғчаларга масъул ходими у яшаб турган туманда сўнгги бир ой ичида сариқ касалига чалинган 9 бола қайд этилганини айтди.

- Бизда ҳозирча 9 та ҳолат бўлди туман бўйича. Лекин, сариқ касалнинг тарқалиши олдинги йилларга нисбатан камайган, деди исмини ошкор қилмаётганимиз СЭС ходими Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

(Лекин, гепатит касали симптомлари юзага чиққан ва қайд этилган вақтга келганда, унинг юқумли ҳисобланган яширин даври ўтиб улгурган бўлади.)

Унга кўра, шу кунларда вилоятдаги боғчаларда санитария ҳолатини аниқлаш бўйича қўшимча текширувлар ўтказилмоқда.

- Аслида, ҳозир гепатит А касалининг кўтарилиш мавсуми келяпти. Кейин пишиқчилик келаяпти, ич кетар касаллигиям чиқяпти ҳозир. Шу касалликлар тарқашилиши олдини олиш учун текширувлар боряпти, деди СЭС ходими.

Бу ходимнинг сўзларига кўра, мавжуд тартибга биноан боғчалар бир йилда 4 бора СЭС ходимлари томонидан текширилади.

- Шу боғчалардаги санитария-гигиена ҳолати текширилади. Тавсиялар берилади. Лекин, зарур пайтларда яна қўшимча текширувлар ҳам бўлади, деди СЭС ходими.

Ушбу вилоятнинг Санитария-эпидемиология хизмати ҳудудий бўлимларидан яна бирининг исмини ошкор қилмаган ходими боғчаларда гигиена қоидаларига яхши риоя этилмаётгани юқумли касаллик тарқалишига асосий сабаб экани ҳақида гапирди.

"Сув идшлари аралаш бўлиб кетади, кейин горшоги аралаш бўлиб кетса, юқадида бу касалликлар. Кейин бунақа буюмлар тез-тез тозаланиши керак, дезинфекция қилиниши керак. Шунга риоя қилиниши керакда боғчаларда", деди СЭС ходими.

Ўзбекистонда диарея (ич кетар) ва гепатит А (сариқ касали)нинг кўтарилиш мавсуми ҳисобланган июн-июл ойлари арафасида боғланганимиз собиқ боғча ходими СЭСнинг талабларини боғчалар бажаришга қодир эмаслиги ҳақида гапирди.

- Биринчидан, боғчаларда болалар камайиб кетяпти. Шунинг учун, боғчага келган анча-мунча касал болаларни ҳам олиб қолишга ҳаракат қилишади. Иккинчидан, свет ўчиб қолавергани учун болаларга қайнаган сувни етказиб бериш, ҳалиги идиш-товоғи, тувакларини вақтида тозалаш муаммо бўлади, деди собиқ боғча ходими.

Унинг сўзларига кўра, бу аҳволдан ҳамма мутасадди ташкилотлар яхши хабардор бўлгани боис, болакайлар орасида юқумли касалликлар кўтарилгани аниқланган пайтда назоратга келган СЭСчилар ҳам "муаммога кўз юмадилар".

- Масалан, мен ишлаган боғча эскириб кетган. Поли унинг остидаги тупроққа тегиб қолган, ҳатто. Қиши билан яхши исимагани учун заҳлаб кетган. Лекин, боғчага келадиган бола оз, шунинг учун касал-соғ, деб ўтирмай олиб қолинади. СЭСдагиларга эса алоҳида бир ошхонада битта дастурхон қилинаркан, эшитишимча, шу билан текширув тамомда, деди давлат қарамоғида бўлган боғчалардан бирининг собиқ ходими.

Боғчаларнинг молиявий таъминоти оғирлигини қисман тан олган Наманган вилояти Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари юқумли касалликлар кўтарилиши олдидан асосий эътиборни ота-оналарга қаратмоқда.

"Ҳозир жойларда ота-оналарга болаларининг қўлига баклашкада қайнатилган сувми, чойми, беришини ташкил қиляпмиз. Индивидуал бўладида. Кейин, горшок режимини ташкил қилаяпмиз. Ҳар битта боланинг ўзига алоҳида горшок бўлиш керак. Энди, горшокни тозалаш ва алоҳида горшок қилиб бериш ҳам пул талаб қиладида. Шунақа молиявий муаммолар жойларда учраяпти", дея хавотир билдирди Наманган вилояти СЭС ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Расмий маълумотларга қараганда, ҳар йили таълим тизимига ажратилаётган маблағнинг 10 фоизи болалар боғчаларига сарфланади.

Шунингдек, 2013 йилнинг 1 январидан давлат бюджетидан молиялаштириладиган мактабгача болалар муассасаларида тарбияланадиган болалар учун уларнинг ота-оналари тўлайдиган тўлов ҳам оширилган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 25 декабр куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорга биноан, ҳафтасига 5 кунлик боғча учун энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида – 79 590 сўм тўлаши керак.

Давлат боғчасига қатнайдиган фарзанди биттадан кўп бўлган ота-оналар эса озроқ — ҳар бир фарзанди учун 56 509 сўмдан пул тўлаши керак.

Аммо, суҳбатлашганимиз собиқ боғча ходимига кўра, хусусий боғчаларда тўлов нархи 500-600 минг сўмни ташкил қилади ва бундай боғчаларда аҳвол яхшироқ.

- Шунинг учун, хусусий боғчаларда тартиб, тозалик яхши. Пулини бергандан кейин ота-она ҳам талаб қиладида. Юқумли касаллик ҳам уларда кам, жуда кам. Лекин, хусусий боғчалар, шаҳарларни айтмаса, вилоятларда оз, дейди суҳбатдош.

Расмий манбаларда бугунги кунда мамлакат бўйича 67 та хусусий боғча мавжудлиги айтилади.

Ўзбекистон Халқ таълими бўлимлари тассаруфида эса жами 4 минг 978 та боғча бор ва уларда 539 минг 65 бола тарбияланмоқда.
XS
SM
MD
LG