Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:41

Москвада муҳожирни музейга жалб қилишолмади


Москва шаҳар Маданият департаменти “Москва музейлари мигрантлар учун” дастури поёнига етганини маълум қилди. Шаҳар меҳмонлари фақат Москва ҳокимлиги пул тўласагина, музейларга боришини билдиргани айтилмоқда.

Москва шаҳар Маданият департаменти “Москва музейлари мигрантлар учун” дастури поёнига етганини маълум қилди. Шаҳар меҳмонлари фақат Москва ҳокимлиги пул тўласагина, музейларга боришини билдиргани айтилмоқда.



Дастур вақтинчалик тўхтатилди

Москвада “Москва музейлари мигрантлар учун” маданий дастури деярли бошланмасдан ўз ниҳоясига етди: 18 дан 19 майга ўтар кечаси Россияда ўтказилган “музейлар туни” тадбирига биронта муҳожир келмади.

“Известия” газетаси хабарига кўра, Москва шаҳар Маданият департаментининг музей-кўргазма ишлари бўйича бўлим бошлиғи Антон Горянов дастур на ФМС бошқармаси, на меҳнат муҳожирлари томонидан қўллаб-қувватлангани туфайли поёнига етганини маълум қилган.

Горянов сўзларига кўра, Департамент эксперимент тарзида бир неча тожик муҳожирини музейга таклиф қилган, бироқ улар 300 дан 500 рублгача ҳақ олсагина, музейга боришини билдиришган. Федерал миграция бошқармаси бошиданоқ бу ташаббусга шубҳа билан қарагани ва муҳожирларни музейларга қатнашга мажбурлашдан бош тортгани айтилди.

Москванинг Маданият департаменти расмий вакили Анастасия Аникеева Озодликка дастур ҳозирча тўла якунланмагани, балки уни амалга татбиқ қилувчи масъул топилгунга қадар вақтинчалик тўхтатилганини маълум қилди.

- Ҳақиқатан бундай дастур ишлаб чиқилган ва ФМСга юборилган. Лекин ҳозир уни амалга ошириш ва молиялаштириш масаласи ҳамда бу дастур учун масъул шахсни белгилаш масаласи муҳокама этилмоқда. Бу дастур бутунлай бекор қилинди, деган хабар бироз ҳақиқатга тўғри келмайди, - деди Маданият департаменти вакиласи Анастасия Аникеева.

Бу баёнот билан Москва Маданият ишлари бўйича департаменти “Муҳожирлар учун музейлар” режаси амалга ошмай қолганини, қисман бўлса-да, тасдиқлаб берди.

Муҳожир нега музейга бормаяпти?

Москвада еттинчи маротаба бўлиб ўтган “Музейлар туни” тадбири давомида шаҳарнинг барча музейлари истаган шахс учун ўз эшикларини очди.

Бироқ Россиянинг юзлаб шаҳарларида ўтказилган бу тадбирга меҳнат муҳожирларининг қизиқиши сезилмади. Маданият департаментида ҳам 2012 йил охирларидан амал қила бошланган “Музейлар мигрантлар учун” дастурига ишчиларни мажбуран жалб қилишга қарши эканликларини маълум қилишди.

Буюк рус ёзувчиси граф Лев Толстойнинг эвараси, “Ясная Поляна” музейи директори Владимир Толстой Озодлик билан суҳбатда мигрантлар учун бундай дастурлар зарурлигини, бироқ уни пухта ишлаб чиқиш кераклигини айтади.

- Музей майдончалари маданиятлар яқинлашуви, ўзаро тушунишни йўлга қўйиш учун энг қулай воситадир. Лекин бу дастурларни жиддий ишлаб чиқиш зарур, улар муҳожирлар учун мослаштирилган, тушунарли ва қизиқарли бўлиши шарт. Чунки Россияга меҳнат қилгани келаётган ҳар бир шахс маҳаллий маданиятни ўрганишга, уни тушунишга иштиёқманд. Бунинг учун эса музейдан яна қандай маъқулроқ толерантлилик марказини топиш мумкин?! Бу дастур сифатсиз тайёрланган бўлса, у мутлақо тескари натижа бериши ҳам мумкин. Шунинг учун дастур бир кечага эмас, балки доимий амал қилишга қаратилган бўлиши керак, - деди 500 га яқин музейларни бирлаштирган Россия минтақавий музейлар ассоциацияси раиси Владимир Толстой.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:57 0:00
Бевосита линк


“Бунинг учун иш берувчида ҳам мигрантнинг маданий савиясини оширишга қизиқиш бўлиши керак”, дея таклиф қилди у.

Москвада 6 йилдан бери ошпазлик қилаётган ўзбекистонлик Музаффар Озодлик билан суҳбатда муҳожирлар учун Россия тарихи эмас, кўпроқ ўз юртлари тарихи қизиқроқ эканини айтади.

- Менимча, бунинг ҳожати ҳам йўқ. Биринчидан, бизнинг тарихимиз эмас - ўзимизнинг тарихимиз бўлганда ҳам бошқа гап... Шахсан мен икки кун бир ресторанда ишласам, қолган икки кун бошқасида ишлайман. Ўрнимга биров чиқиб турса, дам оламан, холос. Кўпчилик қизиқмаса керак, деб ўйлайман. Масалан, Иля Муромец муҳожирлар учун қизиқ эмас-да, Амир Темурнинг дубулғасини, қиличини кўриш уларга қизиқроқ. Ишловчилар учун иш вақти тўғри келмайди, ишламаётганлар учун билмадиму, ишлаётганлар бора олмайди, - дейди Музаффар.

Музаффар 12 соатлаб ишлаётган музей-маданий иншоотларга қизиқиши бўлган меҳнат муҳожирлари катта иштиёқи бўлган тақдирда ҳам музейга боришга мадори қолмаслигини айтди.

Муҳожирларнинг ҳатто Россияда қонунан билиш мажбур қилиб қўйилган рус тилидан машғулотларга қатнашга ҳам вақти ва имконияти йўқлиги тўғрисида Озодлик аввал хабар берган эди.

Меҳнат муҳожирларининг “маданий савиясини ошириш” режалари Санкт-Петербург ва Саратов шаҳар ҳукуматлари томонидан ҳам самарасиз амалга оширилганини қўшимча қилиш жоиз.

Бугунги кунда Москвада 353 музей фаолият юритмоқда, ундан 165 таси ҳамма учун очиқ, қолган 188 таси келувчиларни олдиндан рўйхатга олиш тартиби асосида қабул қилади.

Москва музейларини оммалаштириш махсус дастурига биноан шаҳар бюджетидан 2012-2016 йиллар учун 45 миллиард рубл миқдорида маблағ ажратилган.
XS
SM
MD
LG