Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:41

Петербургда судланаётган ўзбек ўзини деразадан ташлаб ўлди


Санкт-Петербургдаги Москва туман суди биносида 20 май куни бўлган маҳкама чоғида 5 қаватдан сакраган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ҳодиса жойида нобуд бўлди. Терговчилар у Россиядан Ўзбекистонга депортация қилиниши тўғрисида суд қарорини эшитгач, ўз жонига қасд қилганини айтмоқда.

Ҳодиса душанба куни Петербургнинг Московский проспектидаги 129-уйда жойлашган Москва туман судида кечки соат 5 атрофида содир бўлди.

Санкт-Петербург бўйича Суд ижрочилари федерал хизмати (ФССП) бошқармаси матбуот маркази раҳбари Елена Ленчицкаяга кўра, судянинг депортация тўғрисидаги қарорини эшитгач, муҳожир калимасини келтирган ва кутилмаганда, ўзини деразадан пастга отворган.

Тергов расмийлари ҳозирча ўз жонига қасд қилган шахснинг исми-шарифи ошкор этилмаслигини айтган. Норасмий маълумотларга кўра, бу шахснинг исми Шавкат Ҳамроев бўлиши мумкин.

- Москва туман судида Россия Федерациясида яшаш қоидаларини бузган шахс — 1961 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси иши кўриб чиқилаётган эди. Қарор чиқаришдан олдин судя айбланувчи ва участковойдан коридорда кутиб туришни илтимос қилган. Бироқ, Ўзбекистон фуқароси қарор натижаларини тингламасдан, бешинчи қаватдаги очиқ деразадан туман суди ҳовлисига сакраб юборган. Олинган жароҳатлардан у ҳодиса жойида жон таслим қилди, дея маълум қилди Елена Ленчицкая.

Ҳодиса юзасидан тафтиш олиб бораётган Петербург бўйича Тергов қўмита расмийси Сергей Капитонов 52 ёшли ўзбекистонлик Россия Федерацияси ҳудудига кириш ёки яшаш қоидаларини бузишда айбланиб, жавобгарликка тортилганини билдирди.

- 52 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг Россия Федерациясидан чиқариб юбориш масаласи муҳокамаси давомида у деразадан сакраб юборгани ва оқибатда, ҳалок бўлгани аниқланди. Терговолди тафтиш хулосаларига биноан тез орада маҳкама қарори эълон қилинади, деди шаҳар Тергов қўмитаси вакили Сергей Капитонов.

Петербургдаги “Умид” Ўзбеклар жамияти раиси Алижон Ҳайдаров ҳодиса тафсилотлари ва бу шахсга оид маълумотлар полиция ва терговчилар томонидан қаттиқ сир тутилаётгани айтди.

- Излаяпмиз, ҳозирча ёпяпти, кўрсатмаяпти нима бўлганини. Судга олиб келинган, у ерда уни туширворишганми, ҳали номаълум. Ҳозир шуни аниқлашга одамларни юбордим, келса аниқ бўлади. Кеча борганимизда ҳам яшираётган эди, дейди Петербург ўзбеклар жамияти раҳбари Алижон Ҳайдаров.

Санкт-Петербургнинг айрим ахборот воситаларида ўзбек муҳожири суд биносидан қочиб кетмоқчи бўлгани ва 5 қаватдан йиқилиб тушгани тўғрисида хабарлар тарқатилмоқда.

Маълумотларга кўра, муҳожир ерга қулаб тушган пайтда суд ҳаками уни Россиядан Ўзбекистонга депортация қилиш тўғрисида қарорини аллақачон чиқариб бўлган.

Ҳозирда шаҳарнинг Московский туман судида полиция, Тергов қўмитаси ва туман прокуратураси ходимлари тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Ўтган йилнинг 26 сентябрида Москванинг Черемушкинский туман судидан қочишга уринган Ўзбекистон фуқароси оёғини синдириб олгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Россия ҳудудида ноқонуний яшаб юргани учун ушланган бу йигит ўз юртига жўнатилмаслик учун "ҳар нарсага тайёр", эканини билдирган.
XS
SM
MD
LG