Линклар

АҚШ марказидаги Оклахома штатида юз берган табиий офат натижасида 90 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, жароҳат олганлар сони эса бир неча юздан ошди. 1 ярим километр кенглик ва соатига 320 километр тезликда келган торнадо Оклахома-сити яқинидаги Мур шаҳрининг асосий қисмини пайҳон қилди.

Душанба куни 1 ярим километрлик кенгликдаги кучли қуюн билан келган кучли торнадо Оклахома-сити яқинида Мур шаҳрига ёпирилди.

Ўз йўлида учраган бинолар, йўллар ва бошқа иншоотларни мутлақо вайрон қилиб юборган табиий офат 90 дан ортиқ одамни ҳаётдан олиб кетгани айтилмоқда.

Кучли бўрон пайтида кўплаб уйлар ва бинолар вайрон бўлган. Камида иккита мактаб кучли зарар кўргани ҳақида харбар қилинмоқда.

Душанба куни маҳаллий ҳукумат вакиллари ҳалок бўлганлардан 40 дан ортиғининг жасади топилгани, улардан 20 нафари болалар эканини маълум қилди.

Айни пайтда қурбонлар сони яна ошиши мумкинлиги айтилган.

Торнадо маҳаллий вақт билан кундузги 3 лар атрофида Мур шаҳрига ёпирилди. Мур шаҳрида яшовчи аҳоли вакилларидан бири ўлимдан омон қолишини кутмаганини айтди.

- Биз ўлдик, деб ўйлаган эдик. Чунки, уйнинг остки қаватида эдик, эшик эса ёпиқ эди. Кейин торнадонинг овозини, шамол-тўпалонни эшитдик. Кейин торнадо зарбидан эшик очилиб кетди ва бизнинг устимизга дераза синиқлари, ахлат уюмлари келиб урила бошлади. Ишонинг, биз ўлдик, тамом бўлдик, деб ўйлаган эдик, деди мурлик Рики Стовер.

Торнадодан омон қолганлар бу табиий офатдан кейинги вайроналарни 2011 йилда Японияга ёпирилган цунамидан кейинги вайроналарга қиёсламоқда.

Президент Барак Обама штатда фавқулодда ҳолат эълон қилди ва зарар кўрганларга федерал бюжетдан кўмак ажратилиши ҳақида кўрсатма берди.

Жароҳат олганларга ёрдам бериш ва қурбонларни топиш амалиётлари ўтган туни билан давом этди.

Қидирув ишлари, айниқса, торнадо қуюни марказида қолган бошланғич мактабда изчиллик билан бормоқда.

Бу ердаги вайроналар орасида ҳали омон қолган болалар ва ўқитувчилар борлигига умид қилинмоқда.

Оқ Уй расмийлари Обама аҳоли ва тадбиркорларга етган зарар қопланиши ҳақида Барак Обама махсус кўрсатма берганини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG