Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:29

Евровидение танлови натижасидан низо чиқди


Озарбайжон ва Россия Ташқи ишлар вазирлари Элмар Маммадяров (ч) ва Сергей Лавров, Москва ш., 2013 йил 21 май.
Озарбайжон ва Россия Ташқи ишлар вазирлари Элмар Маммадяров (ч) ва Сергей Лавров, Москва ш., 2013 йил 21 май.
Россия ва Озарбайжон Евровидение-2013 қўшиқ танловида Озарбайжонда Россия вакили Дина Гариповага “умуман овоз бермагани” ҳақидаги натижага эътироз билдирди. Озарбайжон Ташқи ишлар вазири мамлакатдаги мобил алоқа операторлари ҳисоботида Россия вакилиси мамлакат ичида иккинчи ўринни олгани қайд этилганини маълум қилди. Бу эса Евровидение танловида Динага яна 10 балл олиш ҳаққини берар эди.

21 май куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Элмар Маммадяров ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 18 май куни Швециянинг Малмё шаҳрида ўтказилган Евровидение танлови натижасини аниқлашда хатолик бўлгани ҳақида баёнот берди.

Маммадяров Озарбайжон давлат телевидениеси Европа телекўрсатувлар уюшмаси аъзоси сифатида зиммасига олган мажбурияти доирасида воқеа юзасидан тушунтириш бериши кераклигини таъкидлади.

- Озарбайжонда фаолият юритаётган ҳамма, яъни, учта алоқа оператори ҳисоботида Россия иккинчи ўринни эгаллаган. Овозлар қаерга кетди? Қандай қилиб йўқолди?, деди Озарбайжон Ташқи ишлар вазири.

Ўз навбатида Сергей Лавров "хафсалани пир қилган” бу воқеа эътибордан четда қолмаслигини таъкидлади.

- Албатта, бизнинг 10 балимиз, бизнинг эмас вакилимизнинг бали ўғирлангани ҳеч кимни хурсанд қилмади, деди Россия Ташқи ишлар вазири.

Озарбайжон давлат телевидениеси раҳбари Жамил Гулиев эълон қилган баёнотда “айрим манфаатдор гуруҳлар томонидан уюштирилгани тахмин қилинаётган бу воқеа Россия ва Озарбайжон халқларининг биродарлик руҳига соя солмаслиги”га умид билдирган.

Евровидение қўшиқ танловини кўрган томошабинлар ўзлари ёқтирган қўшиқчига белгиланган вақт давомида телефон қўнғироғи ёки СМС матни орқали овоз беради.

Белгиланган вақт тугаганидан сўнг ҳар бир давлатдаги телефон операторлари овоз бериш натижасини ўз миллий телевидениеси орқали орқали жонли тарзда танлов марказига узатади.

Бу йил Россия Евровидениеда иштирок этган Озарбайжон вакили Фарид Маммадовга энг юқори баҳо - 12 балл берди.

Танлов натижалари асосида Фарид Маммадов танловда ғолиб бўлган даниялик Эммели де Форестдан кейин иккинчи ўринни эгаллади.

Россия вакили Дина Гарипова танловда бешинчи ўринни эгаллади. Агар унга Озарбайжон ёрдамида 10 балл қўшиб берилган тақдирда ҳам бу унинг танловда ғолиб бўлиши учун етарли бўлмас эди.

Бундан ташқари, жамоатчилик Евровидение қўшиқ танлови иштирокчиларига бериладиган баллар улар яшайдиган мамлакатнинг географик жойлашувига ҳам боғлиқ бўлиб қолишидан норози бўладилар.

Евровидение Европа телекўрсатувлар уюшмасига аъзо мамлакатлар ўртасида ўтказиб келинадиган эстрада қўшиғи конкурси бўлиб, танлов 1956 йилдан буён ўтказиб келинмоқда.

Озарбайжонда инсон ҳуқуқлари аҳволи яхши эмаслиги ва Бокудаги Евровидение аренасини қуришда коррупция билан боғлиқ жанжалга қарамай, 2012 йилда бу мамлакат Евровидение танловига мезбонлик қилди.
XS
SM
MD
LG