Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:02

Коммунал тўлов квитанцияси бўлмаса, ойлик берилмайди!


Тошкент банклари коммунал хизматлар учун ҳақ тўлангани ҳақидаги квитанцияни кўрсатмаган ишчиларига ойлик маошларини бермаяпти. Айрим ташкилотлар эса ишчиларнинг ойлигидан мажбурий тарзда коммунал тўловлар учун ҳақ ушлаб қолиш амалиётини давом эттирмоқда.

Квитанция бўлмаса, ойлик ҳам йўқ!

Тошкентдаги Алоқабанк бўлимларидан бири ходимининг ўзини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, банк маъмурияти ишчилардан коммунал тўловлар тўлангани ҳақидаги квитанцияни талаб қилмоқда.

“Квитанция олиб келиш мажбурий. Агар квитанция олиб келинмаса, ойликларимизни бермаслик билан қўрқитишаяпти. Ўтган ой ҳам шундай қилишди. Квитанция олиб келгачгина, ойликни бераяпти. Бизда ойлигимиз тўлиқ равишда пластикка ўтади. Квитанцияни берганимиздан кейин, пулимизни карточкага ташлаб бераяпти. Коммунал тўловлардан қарзи борлар ойликсиз қолаяпти”, деди Алоқабанк бўлими ходими.

Пойтахтдаги Ҳамкорбанк бўлимларининг ишчилари ҳам коммунал тўловлар тўлангани ҳақидаги квитанцияни банкка тақдим қилишлари шарт ҳисобланмоқда.

“Бизда коммунал хизматлар учун барча қарзни тўлиқ узиш талаб қилинмаяпти. Фақат ҳар ойда коммунал хизматларга озгина бўлса ҳам пул ўтказиш талаб қилинмоқда. Лекин ҳар ой квитанция олиш келиш мажбурий дейишаяпти”, деди Ҳамкорбанк ходими.


"Вазирлар маҳкамасининг буйруғи бор"

Тошкентдаги банклардан бирининг масъул ходими исмини очиқламаслик шарти билан айтишича, Вазирлар маҳкамасининг махсус буйруғи асосида пойтахтдаги ташкилот ва корхоналар ўз ишчиларидан коммунал хизматлар учун мажбурий тўлов ундириш кампаниясини кучайтирган.

“Бу борада ҳар бир ташкилотда ички маъмурий буйруқ бор. Ҳозир ҳар бир ташкилотда коммунал тўловлар бўйича январ ойидан май ойигача бўлган маълумотларни йиғишаяпти. Масалан, банкларда ҳар бир бўлим раҳбари ўз ходимларига квитанцияни йиғиш бўйича масъул қилиб бириктирилган. Кейин бу маълумотлар раҳбариятга етказилаяпти. Қарзи бор одам ихтиёрий-мажбурий равишда тўлаяпти. Сиз ариза ёзиб "менинг ойлигимдан иҳтиёрий равишда коммунал тўлов учун ушлаб қолинг" дейишингиз керак. Агар ариза ёзмасангиз ишдан бўшашингиз керак бўлади”, дейди суҳбатдошимиз.


"Мажбурийлик йўқ!"

Ҳамкорбанкнинг Тошкент шаҳар бошқармаси билан боғланганимизда, банк расмийси квитанциялар талаб қилинаётганини тасдиқлади. Бироқ, ойликлардан мажбурий ушлаб қолиш ҳолатларини инкор қилди.

- Бизда ҳамма коммунал тўловларни тўлаган, тўламагани иш ҳақларидан ўтказилаяпти. Ҳаммасининг квитанциялари йиғилаяпти. Бу энди мажбурий эмас. Барибир ҳамма тўлаши керак-ку. Буни тушунтирса ҳамма тушанади. Қарзи борлар, иш ҳақидан ўз хоҳишига кўра тўлаяпти, деди Ҳамкорбанк расмийси.

Озодлик мухбири суҳбатлашган бошқа банклар, жумладан, Агробанк ходими ҳам ишчилардан коммунал тўловларнинг мажбурий ундирилаётганини инкор қилди.

- Ҳамма ишчиларимиз ўзлари тўлайди. Бизда ҳеч нарса мажбурий эмас. Биз умуман аралашмаймиз. Фақат маълумот керак бўлиб қолса сўраймиз. Лекин квитанция олиб келиб кўрсат деб талаб қилмаймиз, деди Агробанк ходими.


Йилда икки марта ошадиган коммунал тўловлар

Маҳалла қўмитаси расмийларига кўра¸ катта шаҳарлар, асосан, Тошкентда аҳолининг коммунал тўловлар, хусусан, иссиқ сувдан қарздорлиги кўпроқ экани кузатилади.

Ўтган йилнинг 1 апрелидан бошлаб, Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг барча вилоятларида маҳалла қўмиталари фуқароларга бериладиган ҳар бир ҳужжат эвазига коммунал қарзи йўқлигини тасдиқловчи маълумотнома талаб қилмоқда.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, Тошкентда иссиқ ва совуқ сув, электр энергияси, табиий газ ва бошқа коммунал хизматларга тўловлар ўртача 13-20 фоизгача оширилди.

Ўзбекистонда коммунал хизматлар учун тўловлар нархи йилда 2 марта оширилиши кузатилади.
XS
SM
MD
LG