Линклар

logo-print

“Шиғар жуз рубл”


Бу ва илова қилинган бошқа суратларни матн муаллифи ўзи тушган поездда олган.

Бу ва илова қилинган бошқа суратларни матн муаллифи ўзи тушган поездда олган.

"Поезд Келесдан ўтиб Сароғочда тўхтади. Бир гуруҳ чегарачилар чиқди. Ўзларини “пограндосмотр”, деб таништирди. Санадим: ит етаклагани билан олти киши. “Шегерени қурмети баринг жуз рублдан шигар. Акша бермегенинг жайингди жийна, тусесин”. Берганлар берди. Бермаганларнинг чўнтагини титишди, сумкасини титишди..." Ўзини Ўзбек Турист, деб таништирган тингловчимизнинг смартфон ҳикояси шундай бошланади.

Яқинда ўзини Ўзбек Турист, деб таништирган тингловчимиз Озодлик
билан смартфонидаги WhatsApp дастури орқали алоқага чиқиб,
мана бу таклиф-саволни ўртага ташлади:

“Ўзбек меҳнат муҳожирлари ҳақида кўп ёзасизлар. Уларнинг поездда Қозоғистоннинг кириш чегарасидан то чиқиш чегарасигача саргузаштлари ҳақида ёзсам, бу ёритилса, Қозоқ ҳукумати бетартибликка чора кўрадими? Ўзи, умуман, Қозоғистон ҳукумати ҳам ўқиб, эшитадими Озодликни?”

- Қани, ёзингчи, деб уладик смартфон орқали бошланган мулоқотни.

Тингловчи ёза бошлади. Ёзаверди. Ўқийвердик.


3 – 4 дақиқада биттадан абзац келаверди.

Абзац кетидан абзац ёзилаверди. Биз эса ўқийвердик.

Қарасак, бинойидай бир ҳикоя ҳосил бўлди ва уни Сизга илиндик.

Марҳамат, ўқинг. Демак, Поезд Тошкентдан чиқдию тез орада Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтди.

Бу ёғи тингловчимиз матни:

21:32 - Поезд Келесдан ўтиб Сароғочда тўхтади. Бир гуруҳ чегарачилар чиқди. Ўзларини “пограндосмотр”, деб таништирди. Санадим: ит етаклагани билан олти киши. “Шегерени қурмети баринг жуз рублдан шигар. Акша бермегенинг жайингди жийна, тусесин”. (Чегаранинг ҳурмати ҳамманг юз рублдан чиқар. Пул бермаганинг жойинги йиғ, тушасан) Берганлар берди. Бермаганларнинг чўнтагини титишди, сумкасини титишди. Ўзбегимнинг пайпоғи ичидаги пулгача топиб обқўйди. Беркитилган пулнинг ҳаммасини обқўйишаркан ўз хоҳишиз билан "жуз рубл" бермасангиз. Пули йўқларнинг анча асабини бузишди, шу ердан қайтарворамиз, деб. Улар қўшни вагонга чиқиб кетди ҳамки, яна бир гуруҳи кирди. Улар ўзларини "таможня", деб таништирди. Яна худди бояги ҳолат такрорланди. Сумкалардаги ҳамма нарса чиқди. Баклашкалардаги носвойлар деразадан улоқтирилди. Яна "жуз рубл"дан таможнянинг "қурмет"и.

21:35 - Паспортга печать керакми? Ҳа. “Шиғар жуз рубл”. Бу паспортчининг гапи. Бермасанг - бепечать кетасан, кейинги чегарадан қайтарворишади.

21:48 - Кейин ола-була кийинганлар. Уларниям биттаси ит билан. Тўрт киши. Яна "жуз рубл". “Ҳозир бердиму” десангиз, “улар бошқа служба, биз бошқа”, дейишади. Икки соат туради поезд чегарада. Олти хил службага беш юз рубл кетди. Ҳурмати шу экан. Тонг ёришар маҳалда юрдик. Иккита чегарада икки соатдан тўрт соат турдик.

​Бунинг устига ҳамма йуловчилар вилоятлардан камида беш соатдан йул босиб келган. Хуллас, ҳамма чарчаган. Энди ухлагани ётганда иккита мелиса кириб ҳаммани битта-битта уйғотиб, чўнтагини титишга тушиб кетди. Биров ғинг демайди. Сен кимсан? Нима хаққинг бор? Йўқ. "Жуз рубл"дан.

21:55 - Телефонларини олдириб қўйганлар бўлди. Ким хўл мева, ким қуруқ мева олган. Сумка титган чегарачию таможнячилар уялмай чўнтакларига тиқишади...

21:57 - Таҳририят ўзи абзацларни жойига қўйиб олар. Мен эсимга тушган-тушганини ёзавераман.

22:03 - Узр. Ҳозир яна битта чегарага келяпмиз. Буям Қозогистон. Шу ергача учта чегараси бор қардошларимизнинг. Бу тўртинчиси. Охиргиси – Қозоғистондан чиқиш. Алоқа узилиб қолса эртага кундузи Россия номерга пул солиб давомини ёзаман.

22:06 – Бу ҳали ҳаммасимас, албатта. Украинага кириб боргунча ёзсам, роса қизиқ. Кулгили жойлариям бор оз-моз.

22:10 - Тошкентдан атиги Туркистонгача бўлган ишларни ёздим. Шундаям батафсилмас. Кейинги учта чегара орасида поездни қозоқ мелисалар сопровождение қилади.

23:41 - Ёпирай, бу қозоқ чегарачиларигаям давлат ойлик берармикан ёки тирикчилиги фақат шу ўзбегимнинг поездиданмикин?!

23:48 - Ҳозир чегарада турибмиз. Телефон ишлатиш умуман мумкинмасакан. Телефонини олдириб қўйганлар ҳам бўлди, деб ёздимку, шуларнинг телефони сумкасида туриб жиринглаб кетади. Биров қўнгироқ қилибмас, "Козоғистонга хуш келибсиз! Доимо Билайн билан бирга бўлинг!" деган смс айни чегарада турган маҳалимизда кепқолади. Бу “Хайр телефоним”, дегани.

23:58 - Энди бу номерга ёзманг. Биз Қозоғистондан юрдик. Бирпасдан кейин Россиянинг чегараси бўлади. Россия номеримнинг пули бўлса, давом этамиз. Бўлмаса эртага кундузи бирор каттароқ станцияда пул тушириб, кейин ёзаман.

Ўзбек Турист

***
Тингловчимизнинг смартфон ҳикояси шу жойда узилганича ҳали алоқага чиққани йўқ. Алоқага чиқиб, ёзишни давом эттириши биланоқ Сиз ҳам ўқишни давом эттира бошлайсиз. Ҳар ҳолда унинг "Бу ҳали ҳаммасимас, албатта. Украинага кириб боргунча ёзсам, роса қизиқ. Кулгили жойлариям бор оз-моз", деган ваъдаси бор.

Озодликнинг WhatsAppи:

(WhatsApp +420 724 971 539)


Сиз ҳам биз билан алоқага чиқинг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG