Линклар

АҚШ: Қурбонов июлгача ҳибсхонада қолади


Ўзбекистонлиқ қочқин Фазлиддин Қурбонов АҚШда ҳибсга олингунига қадар юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишлаган.

Ўзбекистонлиқ қочқин Фазлиддин Қурбонов АҚШда ҳибсга олингунига қадар юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишлаган.

АҚШ расмийлари томонидан террорчиларга кўмаклашганликда айбланаётган ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов 2 июлгача Айдаҳодаги ҳибсхонада қоладиган бўлди.


Бу ҳақда хабар қилган Idaho Statesman нашрига кўра, Қурбонов сешанба куни унга нисбатан эҳтиёт чорасини тайинлаш маҳкамасида қатнашиш ҳуқуқидан бош тортган, шу важдан у суд бошлангунича ҳибсда қолади.

Учта модда бўйича айбланаётган Фазлиддин Қурбонов иши юзасидан маҳкама шу йилнинг 2 июл куни бошланиши кутилмоқда.

АҚШга 2009 йили қочқин сифатида келган 30 ёшли ўзбекистонлик Қурбонов 16 май куни Бойсе шаҳрида ноқонуний тарзда портловчи модда сақлаганлик ва террорчилик ташкилотига ёрдам кўрсатганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди.

Унга қўйилаётган айблов хулосасида айтилишича, Фазлиддин Қурбонов 2012 йил августидан 2013 йилнинг май ойигача террор ташкилоти деб ҳисобланувчи Ўзбекистон исломий ҳаракатини маблағ ва компютер дастурлари билан таъминлаш мақсадидида бошқа шахслар билан онгли тарзда тил бириктирган. Шунингдек, Қурбонов кишиларни портловчи мослама тайёрлашга ўргатганликда ҳам айбланмоқда. Бу айблов ўзбекистонлик қочқинга Юта штати расмийлари томонидан қўйилган.

Ҳибсга олингунича юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишлаган Фазлиддин Қурбоновнинг Қўшма Штатлар ёки бошқа жойларда террорчилик хуружлари амалга ошириш нияти бўлганми ё йўқми – бу ҳозирча маълум эмас.

АҚШ федерал расмийлари Қурбонов аввалдан кузатиб келингани ва ундан келиши мумкин бўлган ҳар қандай эҳтимолий хавф-хатарнинг олди олинганини билдираяптилар.

Айдаҳодаги маҳкама битганидан сўнг Қурбонов судлаш учун Юта штатига ўтказиб берилиши айтилмоқда.

Фазлиддин Қурбонов АҚШда террорчиликда гумонланиб, қўлга олинган ягона ўзбекистонлик эмас. 2012 йилнинг 13 июлида ўзбекистонлик Улуғбек Қодиров АҚШ президентини ўлдиришга уринганликда айбланган ва 15 йилга қамалган эди.

Жиззахлик 35 яшар Жамшид Мухторов эса 2012 йилнинг 21 январида АҚШнинг Чикаго шаҳри аэропортида Истанбулга учиш олдидан Федерал тергов бюроси ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

2007 йилда АҚШдан сиëсий бошпана олган бу қочқинга террор гуруҳларига моддий ëрдам берганлик ва улар сафига қўшилишга уринганлик айби қўйилган.
XS
SM
MD
LG