Линклар

logo-print

Қирғиз тадбиркорлари Ўзбекистон президентининг қизидан норози


Ўн беш минг савдо шаҳобчасига эга бўлган Қорасув бозорида бугунги кунда харидорлар сони кескин камайган.

Ўн беш минг савдо шаҳобчасига эга бўлган Қорасув бозорида бугунги кунда харидорлар сони кескин камайган.

“Ўзбекистон президентининг қизига қарашли “Абу Саҳий” ширкати фаолияти Қирғизистонда тақиқланмас экан, қирғиз тадбиркорлари миллионлаб доллар зиён тортишда давом этаверади”, демоқда қирғизистонлик иқтисодчилар.

Мавлудахон исмли ўзбекистонлик савдогар бугунги кунда кичик тадбиркорлар Қирғизистондан Ўзбекистонга, Ўзбекистондан Қирғизистонга маҳсулот олиб ўта олмай қолганини айтди:

-Ҳозир йўллар тўлиқ ёпиб қўйилди. Олдин йўлларимиз очиқ эди. Чегаранинг у ёқ бу ёғига бемалол ўтиб юраверар эдик. Қонуний йўл билан имкони йўқ бўлса, ўғирликча йўллар билан товар олиб ўтар эдик. Энди бу ўғринча йўлларни ҳам ёпиб қўйишди. У ердан ўтган одамларни эса отишга ҳукм чиқариб қўйди. Шунинг учун ҳеч ким ўтмаяпти. Аввалари ўзбекистонликлар белига юз долларликларни боғлаб, Қирғизистонга ўтишар, роса савдо-сотиқ бўлар эди. Ҳозир эса Ўзбекистон томонида ҳам, Қирғизистон томонида ҳам “ўлик мавсум”, - деди Мавлудахон.

Қирғизистонлик иқтисодчиларнинг айтишича, бундай вазият Қирғизистондан ва Хитойдан Ўзбекистонга маҳсулот олиб ўтиш бизнесини президент Каримовнинг қизи монополияга айлантириб олгани сабабли пайдо бўлди.

-Президент Каримовнинг қизига қарашли ширкат товарларни ташиш ҳуқуқини ўзиники қилиб олган. Бу ширкат 2010 йилдан сўнг ҳам монополист бўлиб қолаверди. Бошқа оддий одамлар эса ўз умрини таваккалга қўйиб, контрабанда билан шуғулланишга мажбур бўлаяпти. Бунинг натижасида чегараолди савдоси таназуллга учраяпти, -деди Марказий Осиё эркин бозор институти раҳбари Мирсулжон Намазалиев.

Жаҳон банкининг маълумотига қараганда, Қорасув бозорида 2009 йилгача, яъни “Абу Саҳий” Қирғизистондан Хитой маҳсулотларини Ўзбекистонга ўтказишни монополияга айлантириб олгунига қадар, йиллик савдо айланмаси 450 миллион долларни ташкил қилган. 2009 йилдан бошлаб эса бу кўрсаткич пасая бошлаган. 2010 йил июн қирғинидан сўнг бозордаги савдо айланмаси яна икки баробарга қисқарган.

Бишкекдаги “Дўрдўй” ва Ўш вилоятидаги Қорасув бозорларидаги маҳсулотларнинг 75 фоизи учинчи давлатларга реэкспорт қилинишга мўлжалланган. Марказий Осиё эркин бозор институтининг билдиришича, 2009 йилгача ҳар йили Қирғизистондан Ўзбекистонга 846 миллион доллар атрофида маҳсулот экспорт қилинган. Бугунги кунда эса бу кўрсчаткич камида уч баробарга озайган.

Шундан келиб чиққан ҳолда Қирғизистон бозорлари бирлашмаси раҳбарлари ва маҳаллий ҳукумат “Абу Саҳий” фаолиятини мамлакатда чеклаш масаласини бир неча марта муҳокама қилган.

-Бу ширкат юзасидан туман ва вилоят даржасида жуда кўп йиғилишлар бўлган.Бу мажлсиларга бозорларнинг раҳбарлари, уларнинг вакиллари, ҳукумат аъзолари, парламент депутатлари қатнашган. Улар “Абу Саҳий” фаолиятини чеклаш ҳақидаги талабларимизни қўллаб-қувватлагани билан, қўлларидан ҳеч қандай иш келгани йўқ. Ҳатто республика даражасида бу масалани кўтарганимизда ““Абу Саҳий”га ҳамма жойда “яшил чироқ”. “Абу Саҳий”нинг юк машиналари келаётганда биз божхона дарвозасини катта қилиб очиб туришга мажбурмиз”, деган жавобларни эшитганмиз, -деди Қорасув бозори раҳбари Манас Усенов.

Иқтисодчилар икки давлат ўртасидаги чегараолди савдосининг таназзулга учраётганига фақат “Абу Саҳий” ширкатигина сабаб бўлмаётганини айтадилар. Улрага кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо муносабатлари 1998 йилда имзоланган “Ягона савдо-иқтисодий ҳудуд тўғрисида”ги шартнома асосида мувофиқлаштирилиш керак эди. Бироқ Ўзбекистон томони божхона ва солиқ тўловлари миқдорини кўпайтириб юборган. Бунинг натижасида икки давлат савдогарлари ва тадбиркорлари ўртасидаги иқтисодий муносабатлар кескин озайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG