Линклар

logo-print

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси Хива шаҳрини 2030 йилгача комплекс ривожлантириш бўйича Бош режани тасдиқлади.


Шу йилнинг 15 май куни 131-рақам билан тасдиқланган бу режага кўра, Хива шаҳрида маъмурий бинолар, мактаб ва боғчалар қурилади.

Хива генплани билан танишган тошкентлик муҳандис Жасур Мақсудовга кўра, “Дешон қалъа” дея аталадиган шаҳарнинг марказга ëндош қисми бутунлай супуриб ташланганини кузатишимиз мумкин.

Суҳбатдошнинг айтишича, БМТнинг ЮНЕСКО ташкилоти тарафидан қўриқланадиган “Ичон қалъа”даги 30 та уй ҳам, генпланга мувофиқ, йиқиб ташланиши мумкин.

Эслатамиз, Хива “Ичон қалъа” мажмуидаги оддий турар-жой - лой-пахса уйлар ҳам ЮНЕСКО ташкилоти томонидан музей шаҳарнинг таркибий қисми, дея қўриқланади.

1967 йили Ўрта Осиёда илк бор қадимий Хива шаҳри тарихий-меъморий ёдгорликлар қўриқхонаси - “Музей шаҳар” деб расман эьлон қилинганидан бери шаҳар деярли ўзгаришсиз шаклда турибди.

Боз устига, БМТнинг ЮНЕСКО ташкилоти томонидан тузилган ва 350 та меъморий ёдгорликларни ўз ичига олган "Жаҳон мероси руйхати"га Ўзбекистоннинг қадимий обидалари билан бир қаторда Хиванинг "Ичон қалъа" комплекси ҳам киритилган.


“Музей шаҳар”нинг Бош режадан хабари йўқ

Хивадаги “Ичон қалъа” музей қўриқхонаси директор ўринбосари Рустам Искандаровга 22 май куни қўнғироқ қилиб, Генплан ҳақида сўрадик.

- Хабарим йўқ Генпландан. Тасдиқланибдими? Менимча, ҳеч бир Генплан ЮНЕСКО ҳимоясидаги “Ичон қалъа” мажмуига ўзгартириш кирита олмайди. Мен Генплан лойиҳасини кўрмадим, аммо туризмни ривожлантириш дастурида "Ичон қалъа" мажмуи ичидаги 30-35 турар-жойни бузиш таклиф қилинган эди. Аммо ҳозир Генплан бизга келмади, - деди Рустам Искандаров Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдош 1967 йилдан бери Хива марказидаги 6 гектарни эгаллаган “Ичон қалъа” мажмуида ҳеч нарса ўзгармаганини иддао қилди.

Хива тарихини яхши билган шоир Эркин Мадраҳимов Марказий Осиëдаги илк кино устаси Худойберган Девонов яшаган уй 1984 йили бузиб ташланганини ëзган эди.

Ўзбек киночиси Малик Қаюмов Хивада суратга олган ҳужжатли кинотасвирлар билан бугунги “Ичон қалъа” солиштирилса, шаҳардаги кўпгина обидалар йўқ бўлгани аниқ бўлади.

Хива фақат ЮНЕСКО ташкилоти қўриқлайдиган “Ичон қалъа"дан иборат эмас.
Хивага бориш учун ўзига хос ташриф қоғози бўлган “Дешон қалъа” совет даврида ва мустақилликдан сўнг эътиборсиз қолди.


Хива миршаблари. (Д. Чистопрудов фотосурати)

Хива миршаблари. (Д. Чистопрудов фотосурати)

Ҳимоясиз ҳимоя зонаси

Хивадаги ëдгорликларни қўриқлаш бошқармаси бошлиғи Рейимой Бобожонов ҳам Генпландан хабарсиз эканини айтади.

Хива “Дешон қалъа”сидаги “тарс айвонли” ҳовлиларнинг бузилиб, Каримов даврига хос “замонавий черепицали” уйлар қурилиши ҳаммадан олдин ëдгорликларни қўриқлаш бошқармасини ташвишга солиши лозим эди.

Зеро, ҳар бир қарич ери аждодлар хотираси ҳисобланган Хива шаҳрида қўшимча 20 минг квадрат метр уй-жой, 30 минг квадрат метр ҳажмда дўконларнинг қурилиши ëдгорликларга зарар бермайди, деб ҳеч ким айта олмаяпти.

Аммо Озодлик билан суҳбатлашган Рейимбой аканинг овозида ташвиш оҳанги йўқ эди.

- Бу “тарс айвонли” ҳовлиларнинг тарихий аҳамияти йўқ. Биз фақат ҳимоя зонасидаги қурилишларни назорат қиламиз, холос, - деди мулозим.

ХХ асрнинг таниқли меъмори, франциялик Ле Корбюзье айнан “Дешон қалъа”даги “тарс айвонли” ҳовлиларни архитектура ëдгорлиги, деб атаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG