Линклар

logo-print

Ўзбекистон чегарасининг ёпиқлиги туфайли Ўшда нарх -наво ўсмоқда

  • Шерзод

Ўш бозоридаги бугунги нарх-наво уч йил аввалгисига қараганда икки-уч баробар қиммат.

Ўш бозоридаги бугунги нарх-наво уч йил аввалгисига қараганда икки-уч баробар қиммат.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараларининг ёпиқлиги туфайли Ўшга Ўзбекистондан ўғри йўллар билан олиб ўтилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи 2010 йилга нисбатан икки баробар қимматлади.

Ўш шаҳрида мева-чева ва кўкларнинг нархи қимматлигича қолмоқда. Ҳозирда шаҳар бозорларида қулпиной ва гилоснинг бир килоси 150-170 сўм (тахминан 3-3,5 доллар) , помидор 110 сўм (тахминан 2,5 доллар), бодринг 35 сўм (тахминан-0.90 доллар) дан сотилмоқда. Ўш шаҳрига мева-чева ва кўклар Аравон туманидан олиб келинади. Бироқ бу маҳсулотларнинг кўпчилиги Бишкекка олиб кетилгани сабабли, Ўшда уларнинг баҳоси пойтахтдаги нархлардан унчалик фарқланмайди.

- Бундан 2-3 йил аввал бу пайтда Ўш шаҳрида мева – чева нархлари арзон бўлар эди. Ҳозир май ойи охирлаб қолганига қарамай, нархлар қимматлигича қолмоқда. Ўзбекистондан ташилган мева –чеванинг кўлами ҳам аввалги йиллардан озроқ, - деди Ўш шаҳар мэрияси матбуот хизмати ходимаси Гулжан Ажиматова.

Ҳуқуқ фаоли Изатилло Рахматуллаевга кўра, бугунги кунда Ўш бозорида сотилаётган маҳсулотлар Ўзбекистондан ўғри йўллар орқали олиб ўтилмоқда ва улар жуда оз миқдорда бўлгани учун нарх пасайишига таъсир кўрсатмайди:

-Чегара ёпиқлиги учун бугунги кунда Ўзбекистондан қишлоқ – хўжалик маҳсулотлари жуда кам ўтмоқда. Шунинг учун бозорларимизда қимматчилик. Эрта баҳорда оддий кўкатлар жағ-жағ, ялпиз ва шунга ўхшаш нарсаларни андижонликлар Ўшга Фарғона –Қувасой орқали олиб келиб, бир килограмини 100 сўмдан сотишди. Бугунги кунда ҳам саримсоқ, редиска, кўк пиёзлар , қулупнай ва бошқа нарсалар контрабанда йўллари орқали олиб ўтилиб сотилаябди, бироқ 2010 йилга нисбатан икки баробар қиммат, - деди ўшлик ҳуқуқ фаоли Изатилло Рахматуллаев.

Чегара ҳудудида кўп йиллардан бери таксистлик қилаётган Бектемир Алимбеков ҳам мева –чева мавсуми бу йилда доимгидек бўлмаётганини айтди:
-Авваллари бу чегарадан мева - чевалар, кўкларни аравада ёки қўлда кўтариб олиб ўтишар эди. Бу йил уларнинг биронтаси ҳам йўқ. Ҳозирда чегарадан одамларнинг ўзи аранг ўтаяпти. Менинг билишимча,чегарачилар томонидан товар олиб ўтаётганлардан қонуний ва ноқонуний пул талаб қилишлар кўпайган, - деди Бектемир Алимбеков.

Норасмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Қирғизистонга олиб ўтилувчи бошқа маҳсулотлар билан бирга мева-чевага ҳам бож тўловини жорий этган.
Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистон билан чегаларини тиконли сим билан тўсиб, хандақлар қазиган. Шунга қарамай, маҳаллий аҳоли тирикчилик учун ноқонуний йўллар орқали чегарадан ўтмоқда. Ўш, Жалолобод, ва Боткен вилоятидаги “Шархонсой”, “Суратош”, “Тўрт кўча”, “Савай”, “ Олға”, “Халмиён”, “Бекобод”, “Маданият” каби расмий чегара пунктлари 2010 йилда ёпилганидан бери шу кунгача очилмаган.
XS
SM
MD
LG