Линклар

Ўзбекистон расмий идоралари Гулнора Каримова воситачилигида UCell компаниясининг назорат органлари текширувидан "ҳимоя қилиниши" билан боғлиқ иддаоларга изоҳ бермади.

Озодлик ихтиёридаги ҳужжатларда Гулнора Каримова TeliaSonera ширкатидан UCell компаниясини Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Монополияга қарши кураш қўмитаси, Давлат алоқа инспекцияси, Ўзбектелеком давлат ширкати ва Ташқи ишлар вазирлиги каби идоралар текширувидан “ҳимоя қилиш” учун ҳар чоракда 3 миллион АҚШ доллари тўлаб туришни талаб қилганига ишора бор.

Озодлик мазкур ташкилотларга мурожаат қилиб, ҳужжатда тилга олинган ушбу ҳолат бўйича изоҳ сўради.

Дастлаб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати билан боғландик. Ўзини матбуот хизматида навбатчи деб таништирган йигит саволимизни икки марта қайта сўраб олгач, қисқа жавоб бериш билан чекланди.

Озодлик: Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Гулнора Каримова воситачилигида Ucell компаниясининг назоратидан кўз юмадими?

- Бунга изоҳимиз йўқ, деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати навбатчиси.

Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг ўзини Радмилла деб таништирган ходимаси бу борада фақат расман мурожаат қилишни тавсия қилди.

- Ҳеч ким сизга телефон орқали бу саволга жавоб бермайди. Ҳужжатларни тақдим қилиб, ёзма равишда расман мурожаат қилинг. Кейин жавоб оласиз, деди Солиқ қўмитаси ходимаси Радмилла.

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг матбуот хизмати инспектори Хуршид эса аккредитацияси йўқ журналистларнинг саволларига жавоб берилмаслигини таъкидлади.

- Бу саволингизга жавоб бера олмайман. Чунки аккредитациянгиз йўқ. Аккредитациядан ўтмаган оммавий ахборот воситаларига маълумот беришга ҳаққимиз йўқ. Лекин сизлар учун осон йўли бор. www.customs.uz сайтимиз бор. Ўша ерда савол йўллаш рукни бор. Ўша ерда савол қолдирсангиз, қисқа муддатларда сизга жавоб қайтарамиз, деди инспектор Хуршид.

Ўзбекистон Монополияга қарши кураш қўмитаси ходимлари ушбу ҳолат бўйича қўмитанинг халқаро бўлимидан изоҳ олишимиз мумкинлигини айтишди. Лекин ушбу бўлим ходими ҳам саволимизни жавобсиз қолдирди.

- Бу нарсадан менинг умуман хабарим йўқ. Бу саволларингизга мен умуман жавоб бера олмайман.

Озодлик: Лекин сиз халқаро бўлимда ишлайсиз. Бу каби масалалар билан сиз шуғулланишингиз керакку.

- Ҳа, мен. Агар буни ёзма равишда берсангиз, мен кўриб чиқишим мумкин, деди Монополияга қарши кураш қўмитаси ходими.

Ўзбектелеком давлат ширкатининг хорижий мобил операторлари фаолияти билан шуғулланувчи бўлимнинг ходими эса мазкур ширкат UCell компаниясини назорат қилиш ҳуқуқига эга эмаслигини билдирди.

- Бу бўлмаган гап. Биз назорат қиладиган орган эмасмиз. Ucell бизлар қатори оператор. Бизда уларни назорат қилиш ваколати умуман йўқ, деди Ўзбектелеком ходими.

Ўзбекистон Давлат алоқа инспекцияси ҳам Гулнора Каримова аралашувида UCellнинг инспекция текширувларидан ҳоли қолиши билан боғлиқ иддаоларни изоҳламади.

Фонд Форум: Биз Telia Soneraни ҳомийликка мажбурламадик!

Telia Sonera муваққат бош ижроия директори Per-Arne Blomquist швед журналистларига берган интервьюсида Ўзбекистондаги UCell шўъба тармоғи орқали Гулнора Каримованинг Фонд Форуми ўтказган тадбирларга пул берганини тан олди.

Озодлик ихтиёридаги ҳужжатда Гулнора Каримова Telia Soneraдан ўзи етакчилигидаги Фонд Форум тадбирларига ҳомийлик қилишни талаб қилгани қайд қилинган.

Фонд Форумнинг масъул ходими Озодлик билан суҳбатда хорижий компаниялар, жумладан,Telia Sonera ташкилот тадбирларига мажбурий равишда ҳомийликка жалб қилинганини инкор қилди.

"Биринчидан, Озодлик вазиятни бир ёқлама ёритади. Кейин ҳомийларимизнинг барчаси ўз хоҳиши билан тадбирларимизга ҳомийлик қилади. Мен сиз айтган ҳужжат билан таниш эмасман ва Гулнора Каримова учун жавоб бериш ваколатига ҳам эга эмасман", деди Фонд Форумнинг исмини очиқламасликни сўраган масъули.

Айни пайтда Фонд Форум масъули Telia Sonera ва Гулнора Каримова билан боғлиқ ҳужжат бўйича ўрганиб, қўшимча жавоб беришни ваъда қилди. Шунингдек, Гулнора Каримованинг ўзига ёзма равишда мурожаат қилсак, саволларимизга жавоб олиш имкони бўлиши мумкинлигини уқтирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG