Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:03

Блог: Қорақамишлик ўзбек Нобел мукофотини олади


Ярим асрдан кейин Тўйтепада яшовчи ўзбек тўйда 100 минг кишига ош бериб, Гиннеснинг рекордлар китобига киради.
Ярим асрдан кейин Тўйтепада яшовчи ўзбек тўйда 100 минг кишига ош бериб, Гиннеснинг рекордлар китобига киради.

100 йилдан сўнг ҳаётимизда қандай кутилмаган ўзгаришлар рўй беради? Хаёл дегани ҳам бор бўлсин-да! Эртанги кунги воқеалардан гап очилса, “ичимдагини топ” одамнинг ҳам тили ечилиб кетади.


Интернетнинг жонсарак ва жонҳалак фойдаланувчилар келажакдаги ўзгаришларни муҳокама қилмоқдалар. Турли ижтимоий тармоқларда кузатганимиз – Ўзбекистон ҳаётига оид айрим “башорат”ларни Озодлик блогсеварларига илиндик.

2050 йил. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари мўр-малахдек кўпайиб кетганидан, бир-бирларига жарима солишга тушишади. “Қарға қарғанинг кўзини чўқимас”, “Султон суягини хўрламас” сингари мақолларининг бозори касод бўлади.

2060 йил. Метро бекатига тушаётган йўловчининг кўз тўрпардаси ҳам текширувдан ўтказилади.

2070 йил. “Paynet” тўлов тизими орқали талаба сессияни ёпиши, ёш келин-куёв никоҳдан ўтиши, бемор эса ҳар турли тиббий анализ топшириш мумкин бўлади.

2080 йил. Аҳоли фаровонлигига қўшган ҳиссаси учун “Матиз” машинасига монумент ўрнатилади.

2090 йил. Тошкент аэропортига яқинини кутиб олиш ёки кузатиш учун чиқмоқчи бўлганлар машиналарини Бобур боғи олдида қолдиришларига тўғри келади. Учаётган йўловчилар эса парвоздан уч кун олдин аэропортга келиб тунаши талаб этилади.

2100 йил. Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши қурилиши барқарор давом этади.

2110 йил. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати кредит уюшмалари ташкил этади. Қоидабузарлик учун жарима тўлашга муллажиринг йўқми, марҳамат, “гаи”чилар бир зумда сизга кредит расмийлаштириб беради. Фоизига чидасангиз кифоя!

2120 йил. Дунё йигирманчи маротаба молиявий инқирозни бошдан кечиради. Ўзбекистонга эса инқирознинг эпкини ҳам келмайди.

2130 йил. Тошкентнинг Қорақамиш даҳасида яшовчи фуқаро қўлбола усулда электр энергияси ишлаб чиқарувчи восита яратгани учун Нобел мукофотини олади.

2140 йил. ЮНЕСКО ўзбек носини инсониятнинг кўҳна маданий бойликлари рўйхатига тиркайди.

2150 йил. Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Россия президенти ўзбекистонлик ҳамкасби билан ўзбекча гаплашади. Лекин Ўзбекистон биринчи раҳбари русийзабон бўлгани сабабли Россия президентининг ўзбекча фикрларини унга таржима қилиб беришга тўғри келади.

2160 йил. Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳрида яшовчи ўзбек тўйда 100 минг кишига ош бериб, Гиннеснинг рекордлар китобига киради.

2170 йил. БМТ Бош котиби экологик вазият билан танишиш учун Орол саҳросига боради. Бош котиб собиқ денгиз ўрнида бир челакча сув кўргани ҳақида бестселлер хотиранома ёзади.

2180 йил. Ўзбекистон парламентининг ялпи мажлисида “Лотин алифбосига бутунлай ўтиш керакми ё кирилл алифбоси маъқулми?” деган масала кўрилади. Депутат ва сенаторлар бу масалани узил-кесил ҳал қилишни 10 йил кейинга қолдиришади.

2190 йил. Парламент лотин ё кирилл ёзуви масаласида яна бир тўхтамга келолмайди. Айни шу йиғилишда ўзбек тилининг изоҳли луғатидан “пора” сўзи таг-туги билан чиқариб ташлаш, унинг ўрнига “ҳадя” сўзини қўллашга қарор қилинади.

2200 йил. Тошкент “Ўтин тайёрлашнинг теша тегмаган усуллари” мавзусидаги халқаро анжуманга мезбонлик қилади.

Айни ўша йили. Ўзбек режиссёри суратга олган “Ҳотамтой ва ўтинчи чол” фильми “Оскар”нинг бирйўла етти номинациясида ғолиб, деб топилади.

2210 йил. Ўзбекистон халқ ҳофизи Жасур Умировнинг “Ойсара опанинг қизи Жумагул” қўшиғи ўзбек мумтоз санъати намунаси сифатида эътироф этилади.
XS
SM
MD
LG