Линклар

logo-print

АҚШ ҳарбий транзит марказини мамлакатдан чиқариш ҳақидаги қарорни Қирғизистон ҳукумати парламент муҳокамасига жўнатди.

Мазкур қарор парламентда тасдиқланганидан сўнг қонун қабул қилинади ва Вашингтонга Бишкекдаги Манас аэропортида АҚШ ҳарбий базасини жойлаштириш тўғрисидаги шартнома бекор қилингани расман билдирилади.

Расмий Вашингтон ва Бишкек 2009 йилда АҚШ базаси ҳозирлиги муддатни 2014 йилнинг июл ойигача белгилаган эди. Шартномада, агар томонлардан бири базани Қирғизистондан чиқаришни истаса, бу ҳақда иккинчи томонни 180 кун аввал хабардор қилиши таъкидланган. Парламентдан олинган маълумотларга қараганда, 21 май куни ҳукумат томонидан қабул қилинган бу қарор 30 июнгача кўриб чиқилиш мумкин.

Қирғизистон адлия вазири Алмамбет Шикмаматовнинг айтишича, АҚШ ҳарбий транзит марказини мамлакатдан чиқариш ҳақидаги қарор Америка ҳарбийларининг шартномада белгиланган муддатдан олдин мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши шартлигини англатмайди.

-Шартнома 2014 йилда белгиланган муддатда ўз кучини йўқотади. Қарорда АҚШ транзит марказини муддатидан олдин чиқариш шартлиги айтилмаган, -деди Алмамбет Шикмаматов.

Қирғизистонлик айрим сиёсатчилар АҚШ ҳарбийларининг Бишкекдан чиқарилишини Кремлга тақдим этиладиган “совға” сифатида баҳолайдилар.

Май ойи охирларида Бишкекда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар саммити ўтказилади. Анжуманда Россия президенти Путин ҳам иштирок этади. Сиёсатшуноларга кўра, АҚШ ҳарбийларининг Қирғизистондан чиқарилиши тўғрисидаги қарор шу муносабат билан бир йил олдин қабул қилинган. Чунки Россия 2009 йилдан бери Бишкек расмийлари билан музокараларда АҚШ ҳарбий базасини Қирғизистондан чиқариш масаласини бевосита ёки билвосита муҳокама қилиб келади.

Яна бир гуруҳ сиёсатчилар эса АҚШ ҳарбий транзит марказининг Бишкекдан чиқарилиши билан Қирғизистоннинг Россияга қарамлиги янада ортади, деб ҳисоблайдилар. Чунки Бишкекдан 20 километр олисликдаги Қант шаҳрида Россия ҳарбий ҳаво базаси жойлаштирилган. Россия томони қирғиз расмийлари билан учрашувларда Қирғизистон жанубида яна бир ҳарбий базани ташкил этишдан манфаатдор эканини айтиб келади.
XS
SM
MD
LG