Линклар

logo-print

Оқсарой таъмирида французлар ëрдам бермоқда


Шаҳрисабздаги Оқсарой меъморий обидаси.

Шаҳрисабздаги Оқсарой меъморий обидаси.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Франсуа Готье Қашқадарёга сафари доирасида Темурийлар даврига оид меъморий обида бўлган Шаҳрисабздаги Оқсарой майдонидаги таъмир ишлари билан танишиб қайтди.


Бу ҳақда Озодликка Франциянинг Ўзбекистондаги элчисининг биринчи маслаҳатчиси, элчихона матбуот котиби Шарл Донье маълум қилди.

Унинг айтишича, даставвал Қарши Давлат университетида уюштирилган француз тили ўқитувчилари малакасини ошириш бўйича семинарнинг очилиш маросимида қатнашган жаноб элчи сўнгра Оқсарой ҳовлисида амалга оширилаётган таъмирлаш ишларини кўздан кечириш мақсадида Шаҳрисабзга йўл олган.

- Бу таъмирлаш ишлари Франция Ташқи ишлар вазирлиги ва техник ёрдам кўрсатаётган Дордон департаменти томонидан молиялаштирилаяпти. 2012 йил апрелида бошланган ишлар жуда қониқарли олиб борилаяпти. Сопол қопламаларни сақлаш учун мўлжалланган павилъоннинг қуриб битказилгани ана шундан далолат бериб турибди, деди Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси масъули Шарл Донье.

Шу кунда фаранглар ёрдамида таъмирланаётган Оқсарой соҳибқирон Амир Темурнинг она шаҳридаги қароргоҳи бўлган. 1380 йили бошланган сарой қурилиши 24 йил давом этган ва Амир Темур вафотидан сал аввалроқ битказилган. ЮНЕСКО меъморий обидалари рўйхатига кирмиш Оқсарой ўтмишда улуғвор бино бўлган:

- Менда Оқсарой деган бир китобча бор. Ўшанда ёзилишича, Бухородан бу ёққа қараб йўлга чиққан одамларга [Оқсарой] худди бир иккинчи қуёшдан бўлиб кўринган, дейди қашқадарёлик Рўзимурод ака.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, уч аср аввал тоқи тушиб кетган ва Шаҳрисабзнинг тимсолига айланган Оқсаройни таъмирлашга эҳтиёж ҳақиқатан бор.

Аммо францияликлар саройнинг устида ҳовуз жойлашган аркини тиклаш билан шуғулланмайди.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, бу ерда ишлаётган ўзбек ва фаранг усталари сарой майдони сатҳига сопол қопламалар ётқизиш билан шуғулланадилар, холос:

- Олтибурчак, саккизбурчак, ўнбурчак ғиштлар терилган эди-да. Кўп жойлари чўкиб, одамлар қўпориб кетганди керак бўлган бешта-ўнтасини. Ўшаларни тўғирлаётган бўлиши мумкин.

Озодлик: Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида-а?

- Сайёҳларга ҳам, ўзимизнинг одамлар ҳам бориб туради. Мана, тўй мавсуми бошланса, келин-куёвлар 50-60 та бўлиб, машина билан албатта шу ёққа боришади, - дейди қашқадарёлик Рўзимурод ака.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот котиби Шарл Доньенинг айтишича, Оқсаройдаги таъмир ишлари шу йил кузида тугатилиши керак.

Маҳаллий аҳоли вакили бўлган Рўзимурод ака бу ишлар кўнгилдагидек адо этилишига умид қилади:

- Бу Оқсарой ер юзида битта. Энди таъмир ишлари энг замонавий технологиялар асосида бажарилиши керак, менимча. Одамлар келиб, “отангга раҳмат” деб кетса, яхши бўларди, дейман-да, дейди қашқадарёлик Рўзимурод ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG