Линклар

Ўзбекистондаги йирик фармацевтика ширкатларидаги текширувлар ортидан мамлакат аптекаларида зарурий дори-дармонларнинг тақчиллашиб кетгани кузатилмоқда.


Беморлар сўнгги ҳафталарда дори-дармон қидириб, сарсон бўлаётганликларини айтишади. Тошкентликлардан бири 23 май куни Озодлик билан суҳбатда дори-дармон тақчиллигидан аҳоли азият чекаётганини билдирди.

– Анча дори-дармон танқислиги бўляпти. Оддий касалга ҳаво ва сувдек зарур бўлган шприц новокаин ҳам анча тортилиб қолди. Уни устига нархлар ҳам анча кўтарилди. Аввал 2000 сўм бўлган навакаин дорисининг ир пачкаси ҳозир 3000-3500 сўмга чиқиб кетган,- деди ўз исмини айтмаган тошкентлик.

Ўзбекистондаги энг йирик “Dori-darmon” фармацевтика ширкатига қарашли дорихоналар ҳам ўз мижозлари талабини қондира олмаяпти.

– Борсак, йўқ деб, бошқа аптекага юборишади. У ерга борсак бошқасига. Олдин бунақа бўлмас эди,- дейди Тошкентнинг Миробод туманида яшовчи Муқаддас опа.

Тошкентдаги “Dori-darmon” ширкатига қарашли аптеканинг ўз исмини айтмаган ходими Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам сўнгги ҳафталар ичида дори-дармон ассортименти кескин камайиб кетганини тасдиқлади. Лекин, тақчиллик сабабини билмаслигини айтди.

– Мен билмайман нимага бунақа бўляпти. Лекин, узоқ вақт давом этмаса керак, бунақа аҳвол,- дейди аптека ҳодими.

Аптекаларда дори-дармон тақчиллиги сабабларини Ўзбекистон дори таъминоти ширкатидагилар ҳам тушунтириб бера олишмади.

Сўнгги ойларда Ўзбекистондаги йирик фармацевтика ширкатлари молиявий-хўжалик ишлари ҳуқуқ идораларидан тузилган махсус гуруҳлар томонидан ёппасига текширила бошланганди.

Ҳатто шу пайтгача ўзларини ҳуқуқ-тартибот органлари назоратидан дахлсиз ҳис этиб келган Ўзбекистондаги энг йирик “Dori-Darmon” AK, “Farmed” каби фармацевтика ширкатлари ҳам терговчилар нишонига тушган эди.

Кузатувчилар аптекаларда юзага келган дори-дармон тақчиллигини ана шу текширувлар билан боғлашади.

Ўзбекистондаги энг сердаромад соҳалардан бири ҳисобланган фармацевтика бизнеси ҳокимиятнинг юқори қатламларида ўтирган амалдорлар ва уларнинг яқинлари томонидан монополияга айлантирилган ва мамлакатга олиб кириладиган ҳар қандай тиббий ускуна ва дори-дармон¸ ана шу гуруҳларнинг қаттиқ назоратида бўлиб келгани ишонилади.

Озодликнинг ўз манбаларига кўра¸ “Dori-Darmon” AK, “Farmed” каби фармацевтика ширкатларининг юқори ҳукумат идораларида ўтирган бош ҳомийлари муаммога учрагач¸ улар назоратидаги ширкатларда текшир-текшир бошланган.

Ўтган ой Ўзбекистондаги учинчи йирик фармацевтика ширкати “Grand Farm Medical” ширкатида ҳам комплекс текширувлар ўтказилган, фармацевтика маҳсулотлари билан савдо қилувчи ширкатнинг вилоятлардаги ва Тошкент шаҳридаги аптекаларида савдо-сотиқ тўхтатиб қўйилган эди.

Ўзбекистон дори-дармон воситалари сотувининг ҳажми бўйича МДҲ мамлакатлари орасида биринчи ўринда туради.

Россиянинг IMS Health таҳлилий маркази ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йил Ўзбекистонда дори-дармон сотилиши ҳажми 1,239 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG