Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:39

AI: Ҳар бир одам давлатдан ўз ҳаққини талаб қила олиши керак


Amnesty International – Халқаро Амнистия ташкилоти 23 май куни эълон қилган йиллик ҳисоботида 159 мамлакатда инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид ҳолатлар баёни келтирилган. Ҳуқуқ ташкилоти инсон ҳуқуқарининг бузилиши асосан “ҳокимият одамлари томонидан ўз манфаатлари йўлида” амалга оширилаётгани таъкидланади.



Amnesty International пайшанба куни эълон қилган 2012 йилги ҳисобот “Дунёда инсон ҳуқуқлари аҳволи” дея аталади.

Ҳисоботда қийноқлар, қамоқхоналарда ёмон шароит, ҳуқуқ фаолларининг таъқиб қилиниши ва сўз эркинлигининг бостирилиши каби ҳолатларга оид маълумотлар келтирилган.

2012 йилги ҳисоботда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг вазиятни ўзгартириш учун кўрсатаётган жасорати алоҳида қайд этилган.

Amnesty International Бош котиби Салил Шетти, ташкилот эълон қилган видео мурожаатда мустабид давлатлар бундан кейин ўз ҳаракатларини давлат суверенитети билан оқлай олмайди, дея таъкидлади.

- Ҳукуматлар ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ўйлаб топилган, лекин бугун бунинг тескарисини қилаётган, ўз фуқаролари ва халқлари ҳуқуқларини топтаётган ҳукуматлар борлигини кўриб турибмиз. Менимча, бугунги кунда ва замонда ҳукуматларнинг миллий суверенитетни рўкач қилиши ва инсон ҳуқуқлари бузилишини мамлакат ички иши деб баҳона қилиши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир, дейди ташкилот раҳбари.

“Дунёда инсон ҳуқуқлари аҳволи”га оид 2012 йилги ҳисоботда Ўзбекистон яна инсон ҳуқуқлари бузилаётган, хусусан, сўз эркинлиги чекланаётган ва журналистлар таъқиб қилинаётган давлатлар қаторидан жой олди.

Унда Ўзбекистон қамоқларида 10га яқин журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси қолаётгани қайд этилади. Уларга нисбатан ноинсоний муносабат қўлланилаётгани халқаро ташкилот томонидан ташвишли, дея баҳоланади.

Шунингдек, “Ўзбекистонда айбига иқрор қилдириш мақсадида инсонларга қийноқ ва шафқатсиз муносабатнинг бошқа турлари қўлланишидан” хавотир билдирилган.

Amnesty International ўз ҳисоботида Ўзбекистонда диний мотивлар билан айбланиб қамалганлар қийноқларга солинувчи асосий гуруҳ эканини таъкидлайди.

Ҳисобот муаллифлари собиқ Совет иттифоқининг бошқа қатор давлатларида ҳам инсон ҳуқуқларига оид вазият аянчли бўлиб қолаётгани айтилади.

Amnesty International ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё дастурлари директори Давид Диаз-Жожекс Озодликка берган суҳбатида Қирғизистон ҳукуматини бундан уч йил аввалр мамлакат жанубида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида чиққан этник можародан кейин мамлакатда миллий дискриминацияга йўл очиб берганликда айблади.

- Биздаги хабарларга кўра, этник ўзбеклар ҳамон 2010 йил июн ойидаги воқеаларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинаётган ва таъқиб қилинаётган асосий гуруҳ бўлиб қолмоқда,- дейди Amnesty International ташкилоти расмийси.

Ташкилот тадқиқотчилари Озарбайжон, Қозоғистон, Арманистон ва Туркманистон каби мамлакатларда ҳам фикр эркинлиги бостирилаётганини қайд этишди.

Шунингдек, Россияда тинч намойишлар кўламининг ошиши репрессияларнинг кучайиши, жумладан, янги чекловчи қонунларнинг қабул қилиниши, ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва адвокатларга нисбатан таъқибларнинг кучайишига туртки бўлди, дейилади яна ҳисоботда.

Amnesty ҳисоботида янги медиа ва видео имкониятларга эга мобил телефонларининг фуқаровий жамият ривожаланишидаги аҳамияти қайд этилади.

"Ҳар бир одам информация олиш ва уни тарқатиш воситаларига эга бўлиши ва ўз ҳуқуқлари бузилганида ҳокимият ва давлатдан ўз ҳуқуқини талаб қилиш имконига эга бўлиши керак", дейилади яна Amnesty International ҳисоботида.
XS
SM
MD
LG