Линклар

logo-print
Довудхон Обидхон ўғли отасига қарши суидқасдда айбланган, кейинчалик оқланган икки ўзбекистонлик устидан бўладиган 3 июн кунги маҳкамада айблов томони янги даллиларни тақдим этишини кутмоқда. У ҳозирча бу далиллар мазмунидан бехабарлигини айтмоқда.

Швециянинг Судсвалл шаҳрида 3-4-5-13-14 июн кунларига белгиланган маҳкамада Обид қори Назаровга нисбатан уюштирилган суиқасдга алоқадорликда гумон қилинганларга нисбатан янги далиллар илгари сурилиши мумкин.

Обид қори Назаровга нисбатан 2012 йилнинг 22 февралида Швецияда уюштирилган суиқасдга алоқадорликда гумон қилинган икки ўзбек — Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар ўтган йили 26 апрел кунги маҳкама қарори билан оқланган эди.

Ушбу қарор устидан киритилган шикоят аризасига биноан ўтадиган навбатдаги маҳкамада иштирок этишини айтган Довудхон Обидхон ўғли жиноятга шерикликда гумон қилинган ўзбекларни озод қилиш ҳақидаги қарорни нотўғри, деб ҳисоблашини айтади.

- Иккинчи босқич маҳкамада аввалги босқичдаги хатоликлар аниқланади. Прокуратура томонидан ҳам янги ҳужжатлар тўпланганлиги ҳақида маълумотлар бор. Шу ҳужжатларнинг қўшимча куч сифатида, қўшимча далил сифатида тақдим қилинишини биз ҳам кутяпмиз, деди Довудхон.

Ҳозирча, бу ҳужжатлар мазмунига оид Озодликда бирор маълумот йўқ.

Ўтган йили Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган 54 яшар Обид қори Назаровнинг сафдошлари ҳам навбатдаги маҳкамага ҳозирлик кўраётганини айтмоқдалар.

Жумладан, Обид қорининг яқин сафдоши бўлган Аҳмаджон Валиев ушбу маҳкама устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш учун махсус баёнот тарқатишга ҳозирлик бораётганини айтди.

Айни пайтда Обид қори Назаров Швециядаги шифохонада қолмоқда.

Унинг бугунги аҳволи ҳақида берган Озодлик саволига жавобан Довудхон отасининг соғлиги яхшиланаётгани ҳақида сўзлади.

- Айтганимиздай, умумий олганда дадамлар, алҳамдулиллаҳ, аста-секин ҳаракатга келиб, оëққа туришга ҳаракат қилаяптилар.

Озодлик: Оëққа туришга ҳаракат қилаяпти, дейсизми?

- Ҳа, иншооллоҳ, келажакда секин-секин шундай ҳолатларга ўтишлик ҳам кузатилаяпти.

Озодлик: Довуджон, сиз жиддий нарсани айтаяпсиз. Яъни, қисқа қилиб айтганда, отангизнинг умумий ҳолатларини қандай қилиб тасвирлаган бўлардингиз? Мисол учун, гапираяптиларми, овқатни ўзлари еяптиларми?

- Энди айтганимиздай, бу жиҳатлар ҳақидаги саволларнинг бирига жавоб берилса, саволлар иккинчисига ҳам ўз-ўзидан уланиб кетиши жиҳати борлиги учун ҳам биз умумий маънода "ҳаракатлари нормaл ҳолатга қайтишга бошлаяпти", деган гапимиз билан чеклансак.

Озодлик: Гапираяптиларми-йўқми?

- Йўқ, бу саволга жавоб беришлигим тергов ишларига боғлиқ бўлгани учун жавоб бермасликка ҳаракат қиламан, деди умумий қилиб Довудхон.

Швед прокурор Кристер Петерссон аппеляция тартибида киритган даъво аризасига биноан бошланажак 3 июн кунги маҳкама швед журналистларининг ҳам диққат марказида қолмоқда.

Жумладан, журналист Ула Вестерберг айблов томони маҳкамага жиддий тайёргарлик кўрганини айтмоқда.

Бу маҳкама хусусида ҳозирча прокурор Кристер Петерссоннинг ўзидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.


Пўлатов ва Аминоваларнинг қаерда экани номаълум қолмоқда

Нодира Аминовани таниган ва у билан мулоқотда бўлганлар ярим йилча муқаддам у билан алоқалари узилиб қолганини айтмоқдалар.

Ўтган йилнинг кузида Озодликка интервю берган Нодира Аминова Юрий Жуковскийни таниши, унга кўмак берганини тан олган, аммо унинг асл ниятини билмаганини айтган эди.

- Жуда соддадил инсон бўлиб кўринди у бизга. Жиноятчига сира ўхшамайди. Акамнинг ўртоғи сифатида уйимизда меҳмон қилдик. Лекин, нима қилаётгани ҳақида бизга ҳеч нарса гапирмасди. Бир неча кундан кейин шу хабарни Интернетда ўқиганимиздан сўнг шок бўлиб қолдик. Чунки биз унга ёрдам берганмиз, ниятини билмаганмиз¸ деган эди Нодира Аминова.

Шунингдек, Нодира Аминова ўзбек тилидаги қатор ахборот воситалари, жумладан Озодлик радиосидан ҳам уни айбдорга чиқарган ва қоралаган муштарий ҳамда тингловчилар мулоҳазалари учун норози эканини айтган эди.

Шундан сўнг Озодликнинг ҳам у билан алоқалари узилиб қолди.

Бу аёл билан суҳбатлашган, мактуб ёзишган Швециядаги бошқа журналистлар ҳам Аминова билан алоқа узилгани, уни топиш имконсиз қолаётганини айтмоқда.

Ўз вақтида швед прокурори Кристер Петерссон икковлоннинг визаси тугаши ва уларнинг мамлакатни тарк этиши мумкинлигидан огоҳлантирган ҳамда уларни Ўзбекистонга депортация қилишни сўраган эди.

Маҳкама бу борадаги сўровларни ҳам қондирмаган.


Юрий Жуковсийнинг қаерда экани ҳам номаълум

Швед прокурори илгари сурган айбловга кўра, Обидхон қорига ўқ узганликда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси, 1978 йил туғилган Юрий Жуковскийнинг қаерда экани ҳам ҳозирча кенг жамоатчиликка номаълум қолмоқда.

Ўтган йили 12 октябр куни унинг Россияда қўлга олингани ҳақида норасмий хабар пайдо бўлган ва прокурор Петерссон бу маълумотларни шарҳламаган ҳолда қатъий хулосани тилга олган эди.

- Мен айнан жиноятни содир этган шахс қўлга олинганми ёки йўқми - бу ҳақдаги хабарни шарҳламайман. Чунки, матбуот орқали манфаатдор шахсларга маълумот беришни истамайман. Лекин очиқ айтишим керакки, суиқасдни содир этишда гумонланган шахсни қўлга олишга ордер берганмиз ва бу шахс, охир-оқибат, Швецияга келтирилади, деган эди прокурор Петерссон.

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати бу хабарни тасдиқламаган, аммо, инкор ҳам қилмаган эди.

Ҳозирча ҳар икки давлатнинг мутасадди идораларидан бу борада бирор аниқ маълумот олиш имконсиз қолмоқда.

Швед прокурори таниқли ўзбек имоми Обид қорига нисбатан суиқасдни унинг сиёсий ва диний фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблашини айтган.

Бироқ, Обид қорига уюштирилган суиқасд ортида Ўзбекистон ҳукумати ва унинг махсус хизмати турибди¸ деган иддаони аниқ тасдиқлайдиган далил йўқлигини ҳам таъкидлаган.

54 яшар Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG