Линклар

БМТ қирғиз ҳукуматини Ўш қирғини сабабларини бартараф этишга чақирди


Иван Симонович БМТ Бош котибининг инсон ҳуқуқлари бўйича ёрдамчиси сифатида Марказий Осиёга илк марта сафар қилмоқда.

Иван Симонович БМТ Бош котибининг инсон ҳуқуқлари бўйича ёрдамчиси сифатида Марказий Осиёга илк марта сафар қилмоқда.

БМТнинг 23 май куни кечқурун ёйинланган баёнотида айтилишича, бунинг учун расмий Бишкек мамлакатда инсон ҳуқуқлари халқаро стандартларига амал қилинишини таъминлаши зарур.

БМТ Бош котибининг инсон ҳуқуқлари бўйича ёрдамчиси Иван Симонович Марказий Осиё сафари доирасида 24 май куни Туркманистон пойтахти Ашхабодга келди. Унинг Ашхабоддаги кун тартиби эълон қилингани йўқ. Бунгача Симонович Бишкек ва Душанбега борган ва расмийлар билан учрашувлар ўтказган.

БМТнинг 23 май куни ёинланган баёнотида ташкилот Бош котибининг инсон ҳуқуқлари бўйича ёрдамчиси Иван Симонович жорий ҳафта бошида Бишкек расмийлари билан учрашгани ва Қирғизистондаги потенциал нобарқарорликнинг негизги сабабларини бартараф этилиши этник мансубликдан қатъий назар инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишига боғлиқ эканини таъкидлагани айтилади.

“Мен бу ҳаракатлар айбдорларнинг этник мансублигидан қатъий назар инсон ҳуқуқларини тўла ҳурмат қилиш, адолат ва масъулият билан олиб борилиши кераклигини таъкидладим”, деб иқтибос келтирилади Симонович сўзларидан баёнотда.

Шунингдек, Симонович, Ўш қирғинида айбланиб судланганларнинг адолатли судлов ҳуқуқи бузилгани ҳақида ҳам гапирган.Ўш қирғинида турли жиноятларни содир этиб қамалганларнинг қарийиб 80 фоизи эса этник ўзбеклардир.

Фарзандлари Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Одинахон Тохирова ва Саломатхон Омонова халқаро ташкилотларнинг бу каби чақириқлари ва баёнотларидан амалий наф бўлмаётганини айтадилар. Уларга кўра, бундан аввал ҳам улар судлар адолатсиз ўтгани, фарзандлари қийноқларга солингани ҳақида ҳукумат идораларига мурожаат қилган, аммо ўз арзларига ҳеч бир ташкилотдан жавоб олмаган.


23 май куни Amnesty International халқаро ташкилоти эълон қилган йиллик ҳисоботда ҳам Қирғизистон ҳукумати Ўш қирғинини адолатли ва натижали тергов қила олмагани танқид қилинган эди.

Ташкилотнинг билдиришича, Ўш қирғини да айбланиб қўлга олинганларни тергов қилиш жараёнида қийноқлар қўлланилгани тўғрисидаги аризалар оқими ҳалигача тўхтагани йўқ. Аммо шунга қарамай, Қирғизистон прокуратураси қийноқларга солинганлик тўғрисидаги аризаларни холис ва адолатли тарзда ўрганмагани, айбдорларни жазоламагани айтилади. Ҳисоботда ўзбек судланувчиларнинг адвокатлари калтаклангани, уларга босим кўрсатилгани таъкидланади.

Amnesty International ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё дастурлари директори Давид Диаз-Жожекс 23 май куни Озодликка берган суҳбатида Қирғизистон ҳукуматини 2010 йилги этник можародан кейин мамлакатда миллий дискриминацияга йўл очиб берганликда айблаганди.


- Биздаги хабарларга кўра, этник ўзбеклар ҳамон 2010 йил июн ойидаги воқеаларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинаётган ва таъқиб қилинаётган асосий гуруҳ бўлиб қолмоқда,- деган эди Amnesty International ташкилоти расмийси.

Қирғизистон расмийлари халқаро ташкилотларнинг бу каби танқидларига жавобан Ўш қирғини адолатли тарзда тергов қилингани,тергов жараёнида қийноқлар қўлланилмаганини айтиб, қирғин кунлари содир этилган жиноятларда асосан ўзбеклар айбланиб, номутаносиб равишда жиноий жазога тортилгани ҳақидаги танқидларни асоссиз иддао сифатида баҳолайди.

Қирғизистон президентининг расмий сайтидаги маълумотларга қараганда, 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб бир неча кун давом этган Ўш қирғинида 442 одам ҳалок бўлган. Уларнинг 70 фоизи этник ўзбеклардир. Айни пайтда Ўш қирғинида айбланиб қамалган 545 кишининг 400 нафари ўзбек, 133 нафари эса қирғиз миллатига мансубдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG