Линклар

Бироқ Сурияга жиҳодга кетганини айтган қолган 6 нафар қизилқиялик йигитнинг ҳозир қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

Сурияга кетган бўлиши мумкин дейилганлардан бири Туркиядан қайтиб келгани ва яна бир одам “жиҳодга” кетаётган еридан ортга қайтарилганини Миллий хавфсизлик хизматининг Қизилқилия шаҳар бўлими тасдиқлади. Бўлим бошлиғи Замирбек Жўлбўлдуев бу борада ҳозирча бошқа маълумотлар ошкор қилинмаслигини айтди:

- Улар Қизилқия шаҳридан турли йўллар орқали “Туркияга ўқишга, Россияга, Сочига, Прибалтикага ишлагани кетдим”, деб ота-оналарини алдаб чиқиб кетишган. Биздаги маълумотлар бўйича, Туркиядан Сурияга бориб, уришга қатнашиш мақсадида йўлга чиқишган. Бир фуқаро ўзи Туркиядан қайтиб келди. Ҳозирча у Туркияга борганинигина айтмоқда, бошқа маълумотлар кейинроқ маълум бўлади, - Замирбек Жўлбўлдуев.

Сурияга кетди дейилганлар орасида қизилқиялик Маматали Ташбалтаевнинг 29 ёшдаги ўғли ҳам бор. У шу йилнинг 10 апрелида “Туркияда диний билим оламан”, уйидан чиқиб кетган. Кейинроқ Туркияга кетганлардан бири уйига телефон қилиб: “Бизни алдаб олиб келишибди, Сурияга жиҳодга олиб борар экан”, деган хабарни айтади. Шундан кейин уларнинг ота-оналари болаларини излашга киришади. Сурияга кетган бўлиши мумкин дейилган етти йигитнинг яқинлари ҳукумат аъзоларига мурожаат қилади.

Маматали Ташбалтаев ўғлини излаб Қирғизистон Жўғўрку Кенгаши депутати Ўмурбек Бакиров билан Туркияга борган, бироқ боласини топа олмай қайтиб келган. Унга кўра, боласи ҳозирча Туркиядан ҳеч қаерга кетмаган, бироқ ота-онасидан қаердалигини яширмоқда.

- Бизга телефон қилиб “Туркияда ўқиб юрибмиз”, деяпти. Бироқ қаердалигини айтмайди. Сурияга олиб кетишадими, деб қўрқябмиз. Биз Туркияга борганда телефонини ўчириб қўйиб, қаердалигини айтмади. “Қаердалигимни айтсам олиб кетиб қоласизлар”, деди,- деди Маматали Ташбалтаев.

Қизилқиялик Алишер Ўмурзаковнинг ўғли ҳам “Туркияда юрибман”, деб телефон қилган. Бироқ ўғлини излаб Туркияга бориб, уни тополмай келган ота Озодлик билан суҳбатда ошкора гапиришни ҳам истамади:

- Телефон қилиб “Туркияда ўқиб юрибман”, деди. Бироқ у ерга борганда тополмадик, -деди Алишер Ўмурзаков.

Қизилқия жамоатчилиги мазкур воқеадан сўнг расмийлар билан ўтказилган учрашувларда дин тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, даъватчиларни назорат қилиш, масжидларни турли оқимлардан йироқлаштириш юзасидан бир қатор таклифларни айтмоқдалар.

Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат агентлиги Сурияга кетганлардан 7 нафарининг шахси аниқлангани, уларнинг энг ёши 18 да, энг каттаси 36 ёшда эканинини билдирган.

“Араб баҳори” тўлқини таъсирида Сурияда ҳукумат ва исёнчилар ўртасида тўқнашувлар бошланган эди. Сурияда деярли икки йилдан бери давом этаётган низолашувда, БМТ маълумотида айтилишича, 80 мингга яқин одам ҳалок бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG