Линклар

Таниқли ўзбек ëзувчиси Ўткир Ҳошимов оламдан ўтди


Ўткир Ҳошимовни сўнгги манзилга кузатишмоқда. Тошкент¸ 24 май¸ 2013.

Ўткир Ҳошимовни сўнгги манзилга кузатишмоқда. Тошкент¸ 24 май¸ 2013.

Ўзбек прозасида замонавий мавзуларни имкон қадар мафкурадан xоли тарзда ëрита олган таниқли ëзувчи Ўткир Ҳошимов 71 ëшида оламдан ўтди. Тошкентнинг Дўмбиробод масжидидаги жума намозидан кейин ëзувчи жасади тупроққа берилди. Ëзувчи¸ аксар ўзбек ижодий зиëлиларидан фарқли¸ Чиғатой қабристони эмас¸ онасининг ëнига Дўмбрободга дафн қилинди.

Жаноза маросимида қатнашган Озодлик мухбирига кўра¸ ëзувчини сўнгги манзилга жўнатишда пойтахт жамоатчилиги вакиллари¸ ëзувчилар ва оддий китобхонлар қатнашган. Ўткир Ҳошимов узоқ давом этган саратондан сўнг пайшанба кечқурун оламдан кўз юмган.


Ўткир Ҳошимов ижодкорлар даврасида.

Ўткир Ҳошимов ижодкорлар даврасида.

Оддий почтачиликдан бошланган ëзувчининг ҳаëт йўли

Ўткир Ҳошимов 1941 йил, 5 августда Тошкент шаҳрида оддий бир оилада дунëга келди. Ëзувчининг болалиги уруш ва урушдан кейинги машаққатли даврга тўғри келди. "Ўша даврда нон танқис бўлгани билан кутубхоналарда китоб кўп эди"¸ дея эслаган эди ëзувчи ўз хотираларида.

Китоб ўқиш баробарида Ўткир Ҳошимов почтада хат тарқатувчи бўлиб ишлади. Айнан мана шу иш Ўткир Ҳошимовни оддий одамларнинг китобдаги ҳаëтдан бутунлай бошқа турмушига ошно қилди.

Бўлажак ëзувчи 1964 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг (собиқ ТошДУ) филология факултети журналистика бўлимини сиртдан тугатди.

1959 - 62 йиллари “Қизил Ўзбекистон”, 1963-66 й. “Тошкент ҳақиқати” 1966-82 йиллари “Тошкент оқшоми” газеталарида адабий ходим бўлиб ишлади.

Қалбингга қулоқ сол!

Ëзувчининг илк асари 1962 йилда “Пўлат чавандоз” номида очерклар тўплами тарзида нашрдан чиқди. Аммо ëзувчига муваффақият келтирган асар 1970 йилда нашр қилинган “Баҳор қайтмайди” қиссаси бўлди.

Ўша пайтда нашр қилинаëтган мафкура тарғиботидан иборат асарлар фонида ëзувчи Ўткир Ҳошимовнинг оддий инсоний муносабатлар ҳақидаги бу асари қоронғу осмонда чақнаган мушак каби эсланади.

Бу асар асосида суратга олинган видеофилм ўз вақтида энг кўп томоша қилинган асар сифатида тарихга кирди.

Ўткир Ҳошимовнинг бир қанча асарлари экранлаштирилган. “Хазон бўлган баҳор”, “Инсон садоқати” (1975), “Виждон дориси”, “Тўйлар муборак” (1979), “Қатағон” каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлар муаллифи. “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”(2001) китоби ижтимоий –маънавий ҳаётда муайян из қолдирган.

Ўзбек ëшлари тафаккурига хитоб

Ўтган асрнинг совет мафкураси ҳукмрон бўлган 70-йилларида Ўткир Ҳошимов Ўзбекистон телевидениесида “Баҳс” деб номланган эшиттиришларни олиб борди.
Бу эшиттиришлар ëзувчининг “Қалбингга қулоқ сол” ¸“Дунёнинг ишлари” “Нур борки, соя бор” каби асарларида кўтарилган ўткир ижтимоий муаммолар ҳақидаги баҳсларнинг давоми бўлди.

Кейинчалик ëзувчи ”Икки эшик ораси “(1986), “Тушда кечган умрлар” (1994 ) романларида замондош-асрдош одамлар тақдирини¸ 20-асрнинг энг кескин фожиавий ҳодисалари 2-жаҳон уруши ҳамда мустабид тузумнинг жинояткорона сиёсати оқибатлари билан боғлиқ ҳолда таҳлил ва талқин этишга уринди.

Қуръон таржимасини нашр қилган жасур муҳаррир

Ҳали Ўзбекистонда Совет мафкураси ҳукмрон бўлган 1990 йилда Ўткир Ҳошимов ўзи бош муҳаррир бўлган “Шарқ юлдузи”журналида Қуръони каримнинг илк ўзбекча таржимасини чоп қилишга журъат қилди.

Тарихга Горбачев ҳуррияти дея кирган “Қайта қуриш ва ошкоралик ” даври Ўткир Ҳошимовга жасорат берди¸ дея айтиш мумкин.

Ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбарияти зеҳниятида ашаддий атеизм мавжудлиги ҳисобга олинса¸ бу ҳақиқатда жасорат намунаси дея эсланадиган қадам.

Тошкентдаги “Атеизм уйи” каби идора вакиллари Қуръон сураларида миллий камситиш элементлари бор¸ дея “Шарқ юлдузи” журналида Қуръони карим таржимасини чоп қилинишини тўхтатишга уринишди.

Бу тўсиқларга қарамасдан¸ Ўткир Ҳошимов бу таржимани тўлиғича журналнинг бир неча сонларида босиб чиқара олди.

Марҳум ëзувчи 2001 йили “Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланган эди.

Умрининг сўнгги йилларини Ўткир Ҳошимов ўзбек ҳукуматининг тарғибот-ташвиқот кампанияларидан холироқда ўтказди.

Таниқли ўзбек ëзувчиси Ўткир Ҳошимов оламдан ўтганига бағишланган Қурултой эшиттиришини мана бу ерда тинглаш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG