Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:48

Ўзбекистонда ўрта бўғин амалдорлари қамалмоқда



Кейинги пайтларда Ўзбекистонда ўрта ва қуйи бўғин давлат амалдорларининг жиноий жавобгарликкка тортилаётгани тўғрисидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлмоқда. Куни кеча етиб келган бир маълумотга қараганда, Самарқанд вилояти туманларидан бири ҳокимлигидан қисқа муддат ичида 9 киши жавобгарликка тортилган. Хўш, бундай хабарлардан суюниш керакми ёки улар ортида бошқа бир ҳодиса ётибдими?

Интернетни "титиш"га мажбур қилган хат


Озодликка Тошкентдан етиб келган бир ҳужжатни ўқиб чиқибоқ, унда тилга олинган мавзуга оид қўшимча информация излаб Интернетни тита бошладик.

Излаганимиз бирин-кетин чиқиб келаверди:

2012, ноябр. Қашқадарё вилоят суди Шаҳрисабз тумани собиқ ҳокими Ўктам Хидировни 11 йилга озодликдан маҳрум қилди.

2013, феврал. Тошкент вилоят суди Ангрен шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Саид Иброҳим Сайназаровни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Солиқчи судланди, газ идораси ходимлари судланди, ҳокимлик ҳисобчиси судланди...

Интернетнинг бисотида бундай маълумотлар кўп.



Хат мазмуни

Озодликка Тошкентдан келган бир варақ қоғозда Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туман ҳокимлиги ва туман даражасидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг кейинги ойларда жиноий жавобгарликка тортилган 9 хизматчиси исм-фамилиялари, уларнинг эгаллаб турган лавозимлари, ЖКнинг қайси моддаси билан жавобгарликка тортилгани тўғрисида батафсил маълумотлар бор.

Туман ҳокими ўринбосари, туман ҳокимлиги ҳисобчиси, туман ҳокимлиги мутахассиси, туман молия бўлими мутахассиси, туман ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи, туман электр тармоқлари бўлими бошлиғи, туман электр тармоқлари идораси бош мутахассиси, туман ҳокимлиги коммунал хўжалиги бошлиғи каби амалдорлар устидан кейинги 1 -1,5 йил ичида жиноят иши очилгани, баъзилари устидан ҳукм чиққани, баъзилари устидан тергов давом этаётгани тўғрисида ёзилган Озодликка етиб келган ҳужжатда.

Унда 9 кишидан ташқари сўнгги 3 -4 йил ичида жавобгарликка тортилган яна бир неча кишининг исм-фамилияси бор.

Рўйхатга Озодлик яна бир исм қўшди

Афтидан, жавобгарликка тортилган каттақўрғонлик давлат амалдорларининг бу рўйхати тўлиқ эмасга ўхшайди. Ҳар ҳолда туман Кўзи ожизлар жамияти раҳбари Қаҳрамон Шариповнинг ҳам бир неча ой олдин жавобгарликка тортилганини аниқладик.

Жамият вакили билан қилган мулоқотимиздан бир парчани эшитинг:

Озодлик: Нима иш қиларди Шарипов?

- У раҳбар бўлиб ишларди бизнинг жамиятда.

Озодлик: Уни ҳибсга олишдими?

- Йўқ, ҳибсга олишгани йўқ.

Озодлик: Нимада айблашаяпти бўлмаса?

- Унинг айби ишни нотўғри юргизганида. Ногиронлар ишламай, соғлар ишлаган . Солиққа қарздор қилиб қўйди ҳозир.

Озодлик: Қачон аниқланди бу нарса? Шарипов Қаҳрамондан бу нарсаларни сўрашни қачон бошлашди?

- Ўтган йил.

Озодлик: Қайси ойда?

- Ўтган йил мартлардан ўтгандан кейин.

Озодлик: Ҳозир нима қилиб юрибди Шарипов Қаҳрамон?

- Ташқарида юрибди. Эрталаб келади. Ҳозир пулим йўқ, ëпиб бераман, деб юрибди, дейди кўзи ожизлар жамияти раҳбари.

Демак, Каттақўрғон туманида нафақат давлат амалдорлари, балки жамоат ташкилотлари раҳбарлари фаолияти ҳам қаттиқ назоратга олинган.

Бизни бугун қизиқтираётган саволлар:

Хўш, бунинг нимаси ёмон? Ахир, ҳар бир фуқаро эгаллаб турган лавозимидан қатъиназар қонунбузарлиги учун, боз устига жинояти учун жавоб бериши лозимку?! Бундан суюниш керак эмасми?

Булар “Жамият ва қонун” эшиттиришини қизиқтираётган бугунги асосий саволлардир.


Тумандаги вазиятни тушуниш учун зарур бўлган баъзи саволларимизга жавоб излаб, Самарқанд вилоят Адлия бошқармаси билан боғландик. Бу идорадан жавоб топишимиз эҳтимоли катта. Чунки бу вилоятда кейинги ойларда “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқдаки, вилоят ҳокимлиги расмий сайтида Адлия бошқармасининг жорий йил биринчи чораги бўйича ҳисоботи эълон қилинган. Бас, шундай экан, айнан шу бошқарманинг вилоятдаги вазиятдан хабари бордир, деб ўйладик.

Бошқарма вакилининг жавобини кейинроққа қолдирамиз.

Каттақўрғонлик врачнинг айтганлари

Каттақўрғон туманидаги вазият ҳақида Озодликка шу тумандаги қишлоқ врачлик пунктларидан бирининг ходими, умумий амалиёт шифокори Абдураҳим аканинг айтганларидан бироз тасаввур ҳосил қилиш мумкин:

- Бизларда халқнинг ичида гап бўлади. Масалан, электросетнинг бошлиғи фалондай бўлибди, райгазнинг бошлиғи фалондай бўлибди, мана бу хўжаликнинг раҳбари фалондай бўлибди деган гаплар бўлади. Оддий халқнинг ичида кўп бунақа гаплар юради. Энди бизлар оддий халқ билан аралашиб юрадиган одамлармиз.

Озодлик: Рўйхатда жавобгарликка тортилган 9 та одамнинг исм-фамилияси бирин-кетин келтирилган. Бу кўпми, озми?

- Охирги олти-саккиз ой ичида битта туман бўйича биринчи линиядаги бунча раҳбарнинг қамалиб кетганлиги кўп. Халқни анча ваҳимага солиб, халқнинг ичида ҳатто тозалаш бошланибди, деган миш-мишлар юради. Бу раҳбарларнинг кўпчилиги туман ҳокимининг топшириғини бажараман, деб жиноят қилиб қўйган одамлар ҳисобланади.

Озодлик: Битта туман ҳокимлигидан шунча амалдорнинг жавобгарликка тортилишидан сиз каттақўрғонлик врач сифатида “Адолат қарор топаяпти, қонун ишлаяпти” деб севинаяпсизми ëки бошқача ҳислар борми сизда?

- Битта-иккита одамни билиб-билмай қилиб қўйган жинояти билан бунча нима қилиш бу адолат қарор топгани эмас. Асосий эътиборни жиноятнинг илдизига қаратиш керак. Аслида уларнинг кўпчилиги туман ҳокимининг топшириғини бажараман деб туриб жиноятга қўл уриб қўйган, дейди каттақўрғонлик врач Абдураҳим ака.

Ўз жонига қасд қилган амалдорнинг акаси айтганлари

Мавзуни ўрганар эканмиз, Интернет қаъридан 2010 йилнинг 21 июнида эълон қилинган мана бу хабарни топдик:

“Каттақўрғон тумани ҳокимлигининг Маданият бошқармаси бошлиғи Ҳамроқул Худойбердиев ўтган ҳафтада ўз жонига қасд қилди. Унинг ўзини ўзи осишига сабаб бўлган воқеа сифатида туман прокуратураси унинг устидан ноқонуний равишда жиноят иши қўзғатгани айтилмоқда”.

Хабар давомидан марҳум муҳожиратда яшаётган мухолифатчи Ҳазратқул Худойбердиевнинг укаси эканлиги маълум бўлдики, барибир туман билан алоқаси бўлса керак, деган умидда у киши билан ҳам боғландик:

Озодлик: Қанчалик хабардорсиз шу қама-қамалардан?

- Мен, албатта, доим алоқада бўлиб тураман. Қариндошларимиз ҳаммаси шу ерда туришади. Хабарим борки, прокуратура томонидан ҳақиқатан текширувлар бошланган. Аммо маҳаллий прокуратура эмас. Чунки маҳаллий прокуратуранинг ўзи ҳам ўша жиноятларга аралашиб кетган. Чунки кўзини юмиб келган йиллар давомида. Шунинг учун марказдан текширув юборилган ва ҳақиқатан шу иш давом этаяпти.

Озодлик: Каттақўрғон туман ҳокимлиги ҳақида гап кетаяпти-а?

- Тўппа тўғри. Каттақўрғон туман ҳокимлигидаги бўлган катта шунақа жиноий ишлар. Кўпинча иқтисодий ишлар. Иқтисодий жиноятлар демоқчиман.

Озодлик: Жавобгарликка тортилган амалдорлар сони ҳақида маълумотингиз йўқми?

- Афсуски, унақа деталларини, биласизми оддий халқ билмайди, матбуотда ëритилмайди, фақатгина ўша ерда ишлайдиган балки текширув органларига боғланиб сўраштирилмаса, оддий халққа бу нарсанинг чииқши қийин. Фақатгина миш-мишларни эшитиш мумкин. Ҳатто шуларни ҳам билиш қийин. Менинг билишимча, ҳозирча ўша ҳокиминг ўзи ҳам, ўшанинг атрофидаги иқтисод бўлимлари ва турли-туман бирга ишлаганларнинг ҳаммаси текширилган. Ундан олдинги бир нечта қамлаганлари ҳам бор. Яна қамалиши мумкин чамаси.

Озодлик: Ҳазратқул ака, шу қама-қамаларни қандай баҳолаш керак? Суюниш керакми? Шу маънодаки давлат ўзининг амалдорлари орасидаги жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашаяпти деб ëки бунга бошқача баҳо бериш керакми? Масалан, каттақўрғонлик бир врач “Бу қамалаëтганлар кўрсаткичлар кетидан қуваëтган марказнинг ўйинлари паккасига тикилган бир соққа” дейди. Сиз нима деб баҳолаган бўлардингиз?

- Бир томондан салгина бўлса ҳам хурсанд бўлиш керак. Қачонки давлат идораларида ўтирган жиноятчиларни ҳар ҳолда давлатнинг ўзининг текширув органлари томонидан қўлга олиниши, жазога тортилиши озгина бўлса ҳам халқда умид йуғотади. Қаерда бўлмасин диктатурами ëки демократик давлатми, монархиями Ўзбекистонда албатта катта жиноятларнинг оқимлари ва илдизлари узоқларга тортилиб кетган. Бош томир ўзи Тошкентда турибди. Тошкентдан тарқалиб кетган Самарқанду Бухоро, Андижону Наманган ҳамма жойда ўша тармоқ. Ўша сабаб ҳар бир туманда, Каттақўрғон туманида ҳам порахўрликлар авжига чиқиб кетган ва оддий ишчилар, бухгалтерлар, бўлим бошлиқлари бунақа ишларни эплай олмасдан балога қолиб, уларнинг раҳбарлари қилган жиноятлар оддий ишчиларнинг бўйнига юклатилган. Шунинг оқибатида кўп ходимлар ишдан бўшатилган, қамоқларга олинган, жонига жабр қилиш ҳоллари бўлган. Мана шу нарсалар инсонларнинг ҳаëтини жуда ëмон тушкунликка олиб келгани ўша туманда, дейди муҳожиратда яшаётган мухолифатчи Ҳазратқул Худойбердиев.

Каттақўрғон туман ҳокими ёрдамчиси жавоби

Биз Каттақўрғон туман ҳокимлиги билан ҳам боғландик. Ўзини “ҳоким ёрдамчиси Дилшод”, деб таништирган йигит саволларимизга тоқат билан жавоб берди. Ҳатто, жавобгарликка тортилган амалдорлар рўйхатини ўқиб ҳам бердик.

Ҳоким ёрдамчиси “Туманда амалдорлардан қарийб 10 нафари жавобгарликка тортилганмиш, шу ростми?” деган саволимизга аввалига жаҳл билан “Бўлмағур гап”, деб жавоб қилди. Қўлимиздаги рўйхатда исми келтирилган бир-икки кишининг ҳокимликда ҳеч қачон ишламаганини таъкидлаб ўтди.

Ҳамроев Карим исмли фуқаро тўғрисида рўйхатда бундай дейилган: “туман ҳокими ўринбосари 167, 205, 209 моддалар. 58 миллон сўм ундирилди, тергов кетяпти”.

Бу киши тўғрисидаги саволимизга ҳоким ёрдамчиси “Пича муаммоси бор. Лекин ишламаяпти, мазаси йўқ”, деб жавоб берди. “Тергов кетаяпти, деган информация бор, шу ростми”, деган саволимизга, "Бўлиши мумкин, лекин аниғини билмайман“, деди.

Ҳоким ёрдамчиси рўйхатда келтирилган яна бир-икки амалдорга оид саволимизга ҳам шундай мужмал жавоб қилди.

Қисман тасдиқланган, бироқ шубҳа ҳам уйғотган ҳужжат муаллифи билан суҳбат

Каттақўрғон тумани ҳокими ёрдамчисининг жавобларини Озодликка етиб келган ҳужжатдаги маълумотларнинг бир қисми тасдиғи сифатида қабул қилиш мумкин.

Лекин унинг жавоблари ҳужжатнинг воқеликни мутлақ тўғри акс эттирганига шубҳа ҳам пайдо қилди.

Шунинг учун жавобгарликка тортилган каттақўрғонлик амалдорлар рўйхатини тузган ташкилот – Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов билан боғландик.

Озодлик: Бу қанчалик ишончли ҳужжат?

- Маҳаллий аҳоли томонидан, маҳаллий шикоятчилар, ҳар хил материаллардан тўпланган ҳужжатлар, бу ерда исм-шарифлари келтирилган ва муайян даврларда, масалан кейинги бир-икки йил давомида турли даражада жавобгарликка тортилган раҳбар шахсларнинг рўйхати бу.

Озодлик: Бу фамилиялар, уларнинг лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар 100 фоиз ишончли эканлигига кафолат бера оласизларми?

- Энди албатта биз биринчи манба эмасмиз. Асосий манбалар Каттақўрғоннинг ўзининг аҳолиси. У ерда яшовчи одамларнинг мурожаатларидан олинган, келиб тушган шикоятлар, телефон қўнғироқлари ва ўзаро суҳбатларнинг натижасида туғилган кичик бир тадқиқотнинг натижалари.

Озодлик: Бу саволни бекорга таъкидлаб бермаяпман. Чунки Каттақўрғон туман ҳокими ëрдамчиси билан гаплашдим. У киши баъзи фамилияларга оид маълумотларни тасдиқлагандай бўлди, лекин баъзи фамилияларни “шу кунда ҳам ишлаяпти” деб ҳайрон бўлди.

- Энди масаланинг туб моҳияти мана шундан иборатки, жуда кўп одамлар жавобгарликка тортилганига қарамасдан ҳозир ҳам лавозимларида ишлаяпти. Чунки судланганлик даражаси айрим ҳолларда ўзининг лавозимларида ишлашга йўл қўяди. Ҳам ўша ерда ишлаб туриб ҳам жавобгарликка тортилганлар бор. Шунинг учун бу ердаги рўйхатда масалан тушуниш керак эмаски ҳамма жавобгарликка тортилганлар ишдан кетган деган маънони бермайди. Бу ерда умумий ўша жавобгарликка тортилганлар бизнинг мақсадимиз умуман ҳокимият одамлари бўлган шахсларни судланганлик нимасини кўрсатмоқчимиз. Судланганлик даражаси битта район тимсолида оладиган бўлсак, мамлакатда қанчаликка боради? Биз шунга урғу бермоқчимиз.

Озодлик: Рўйхатда келтирилган дастлабки 9 киши, баъзилари устидан тергов кетаëтганини ëзгансизлар, баъзилари устидан ҳукм чиққанини ëзгансизлар. Тўққиз киши битта туман ҳокимлигининг ходимлари ëки туман ҳокимлигига бўйсунадиган корхона, ташкилот раҳбарлари ëки етакчи мутахассислари. Бу тўққиз киши қанча муддат давомида жавобгарликка тортилган?

- Кейинги бир ярим йил давомида туман миқëсидаги раҳбарлар жавобгарликка тортилган. Айтаяпманку, бизга келиб тушган фактлар ва вазият бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Яъни раҳбар шахсларнинг жавобгарликка тортилгани ҳақидаги маълумотлар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Биз фақат жамиятимизга келган шикоятлар асосида ўрганган рақамларимиз бу ҳолат.

Озодлик: Битта тумандан бир ярим йил ичида 10 нафар атрофида лавозимли шахснинг жавобгарликка тортилиши бу жуда катта рақам. Менимча, катта рақам. Сиз ҳам шундай деб ўйлайсизми?

- Албатта.

Озодлик: Шунчалик катта экан Каттақўрғондаги бу ҳодиса фақат Каттақўрғон учун хос бўлган фавқулодда бир кўринишми ëки бир мисол тариқасида Каттақўрғонни олдингларми?

- Бу ерда ваизятни келтириб чиқарувчи жуда кўп омиллари бор. Мен ўзим ҳисоблайманки, кейинги пайтларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, айниқса ҳокимликларнинг структуралари жуда ҳам қисқартирилди ва уларнинг штатлари жуда кам. Мана шунга нисбатан оладиган бўлсак, Каттақўрғондаги бу вазият жуда ҳам аянчли. Иккинчидан, бутун мамлакат бўйлаб ҳокимликларда шунақа ҳодисалар бор. Масалан ҳокимлик вакилларининг бевосита ҳибсга олиниши бошқа, лекин бу ердаги даражада илдиз отиши бошқа туманларда нисбатан кам кузатилади. Вазиятнинг бундай етилишига сабаблардан биттаси Каттақўрғон туманининг аҳолиси жуда ҳам фаол, ўзларининг ҳуқуқларини таниган, халқ тилида ëзувчилар дейди, ўшаларнинг хизмати эвазига ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари мана шунча одамни жавобгарликка тортишга эришган.

Озодлик: Каттақўрғондгаи кўлам балки каттароқдир сиз айтгандай. Лекин кейинги бир-икки йилнинг ичида бошқа туманларда ҳам айниқса энергия ресурслари таъминотини амалга ошириш билан шуғулланадиган идоралар газчилар, электрчиларнинг орасида бундан ташқари туман ҳокимлари орасида ҳам қамалганлар бор. Шахсан сиз бундан суюнасизми ëки суюнадиган ҳодиса эмасми? Ҳар ҳолда давлат давлат амалдорлари ўртасидаги жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашаëтгандай.

- ...

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00
Бевосита линк


Сиёсатшунос нима деди?

Эшиттиришимизга яна бир самарқандликни, сиёсатшунос ва социолог
Камолиддин Раббимовни ҳам тортдик.

Кейинги бир-икки йилда коррупцияга қарши кураш байроғи остида ўрта бўғин давлат амалдорлари устидан нафақат Каттақўрғон туманида, балки бутун мамлакат бўйлаб ўтказилаётган судловларни назарда тутар эканмиз, Раббимовга бугунги эшиттиришимизнинг асосий саволини бердик.

Озодлик: Бу ниманинг аломати? Давлат амалдорлар орасидаги коррупцияга қарши курашаяпти деб суюниш керакми ëки бошқа бир ҳодисами?

- Биласизми мен бу тўғрисида ўйланганман. Мен ўйлайманки, қамалаëтганларнинг ҳақиқий кўлами бундан-да кўп. Гап шундаки, Ўзбекистон куч ишлатар тизимларида бир психология шаклланган ва уларда директива бор. Яъни газни тақсим қилиш соҳасида бўладими, электр токини тақсим соҳасида бўладими ëки туман, вилоят ҳокимияти пиллапояларида бўладими “улар ейди” деган тасаввур бор. Улар пулни жойига қўйиши керак яъни куч ишлатар тизимларга пулни бериши керак ëки қамалиши керак деган психология шаклланган. Ўзбекистон давлатчилигида бугунги кунда бир томондан жиноятнинг олдини олиш, иккинчи томондан ҳар битта одамни жамиятнинг ресурси сифатида қараш мавжуд эмас. Яъни бундай тасаввур мавжуд эмас. Жамиятда жуда ҳам кучли агрессивлик бор. Жамиятда бир-бирига нисбатан, ҳокимиятга нисбатан, жамиятга нисбатан ва уларнинг ўртасида бир-бирига нисбатан жуда ҳам катта нафрат бор. Мана шу катта энергия сифатида жамиятдаги қама-қама кампаниялари асосида ҳокимиятнинг жамиятга нисбатан нафрати ва ҳокимиятнинг бир-бирига нисбатан нафрати асосий сабаб бўлса керак. Лекин бу коррупциянинг илдизини йўқотмайди ва коррупциянинг кўламини пасайтирмайди. Чунки мана шу ердаги коррупция билан курашда ўзининг мантиғи бор. Бу ерда коррупцияни йўқотиш эмас коррупциопнерларни йўқотиш яъни битта ресурсни иккинчи томонга тортиб олиш ҳақида кетаяпти холос, дейди Камолиддин Раббимов.

Сиёсатшунос ва социолог Камолиддин Раббимов билан суҳбатга бир дақиқадан сўнг қайтамиз.

Ғалати "эксперимент"

Ҳозир эса, эшиттиришимиз бошида айтганимиз бир мулоқот тафсилоти.

Биз Самарқанд вилоят Адлия бошқармаси билан боғландик. Бу идорадан жавоб топишимиз эҳтимоли катта, деб ўйладик. Чунки бу вилоятда кейинги ойларда “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқдаки, вилоят ҳокимлиги расмий сайтида Адлия бошқармасининг жорий йил биринчи чораги бўйича ҳисоботи эълон қилинган. Бас, шундай экан, айнан шу бошқарманинг вилоятдаги вазиятдан хабари бордир, деб ўйладик..

Дастлаб боғланганимиз бир ходим саволимизни эшитгач, ҳамкасбининг телефонини берди. Ҳамкасб билан эса, мулоқотимиз қисқа бўлди.

Озодлик: Исмим Сарвар Усмон. Озодлик радиоси. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидгаи қонун лойиҳаси бўйича ўтказилаëтган ...

- Қайси радио?

Озодлик: Озодлик радиоси. Ҳуқуқий эксперимент. Бир-иккита савол бор эди.

- Овозингиз келмаяпти.

Озодлик: А?

- Ало.

Озодлик: Да да.

- Ало.

Озодлик: Гапираяпман, ало, ало.

- Ало.

Озодлик: Ало.

- ...

Шундай қилиб, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказаётган идора ходимининг бинойидек ишлаб турган телефони журналист билан гаплашаётганини тушуниши биланоқ ишламай қолди.

Мен бир нарсани ҳеч тушунолмаяпман. Бас, давлат ўз амалдорлари орасидаги жиноятчиларни жавобгарликка тортаётган экан, коррупцияга қарши курашаётган экан, бу ҳақда нега жар солмайди? Нега ҳар бир иш тафсилотларини матбуот орқали “дастурхон” қилиб, халққа мақтанмайди?

Сиёсатшунос ва социолог Камолиддин Раббимов билан суҳбатимизни шу саволлар улади:

- Бу ерда ҳокимиятнинг ўзининг маълум бир қўрқувлари ëки маълум бир манфаатлар рол ўйнайди. Сабаби агарки Ўзбекистонда қамалаëтган амалдорларнинг ҳаммасини эрталабдан кечгача айтаверадиган бўлса, марказий ҳокимият жиддий бир муаммога тўқнашади. Чунки уларнинг сони ҳаддан ташқари кўп деб тасаввур қиламан. Ўзбекистонда кейинги 5-10 йилдаги асосий тренд иккита куч ишлатар тизим ўртасидаги ...

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:05 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG