Линклар


Ҳиндистон вице-президенти Ҳамид Ансорийнинг Самарқандга ташрифи пайти “Registan Plaza” меҳмонхонаси олдига Ҳиндистоннинг уч рангли байроғининг тескари илиб қўйилгани ҳинд матбуотида шов-шувга сабаб бўлди.

Ҳиндистонда чиқадиган “Daily India News” нашрининг ёзишича, 23 май куни вице-президент Ҳамид Ансорийнинг кортежи Самарқанддаги “Registan Plaza” меҳмонхонасига яқинлашганида¸ Ҳиндистоннинг зарғалдоқ, оқ ва яшил рангли байроғи тескари осиғлиқ турган.

Ҳиндистон делегацияси таркибидаги протокол хизмати ходимлари бу хато ҳақида ўзбек расмийларига билдирганларидан сўнг меҳмонхона ходимлари байроқни тўғирлаб қўйишган.

“Registan Plaza” меҳмонхонаси масъуллари Озодлик билан суҳбатда Ҳиндистон вице-президентининг ташрифи пайти мазкур мамлакат байроғи тескари осиб қўйилганини тасдиқлашди:

- Ҳиндистон байроғидаги зарғалдоқ рангли полоса тепада бўлар экану. Ёш ходимларимиз билмасдан байроқни тескари илиб қўйишибди. Пастдаги яшил полосаси тепада бўлиб қолибди. Биз зудликда уни тўғирлаб қўйдик. Меҳмонхонамиз раҳбарияти бунинг учун Ҳиндистон томонидан кечирим сўрайди, деди “Registan Plaza” меҳмонхонасининг ўзини Равшан деб таништирган менежери.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмийлари Ҳамид Ансорийнинг ташрифи билан банд эканликларини айтиб, бу юзадан изоҳ бера олмасликларини айтишди.

Эътиборсизлик туфайли давлат байроғининг тескари осиб қўйилиши билан боғлиқ ноқулай ҳолатлар дунё тажрибасида кўп учраб туради. 2010 йилда АҚШ БМТ Бош қароргоҳи олдидаги Филлипин байроғининг тескари осиб қўйилганига бу мамлакатдан расман узр сўраган эди.

Арзимас бир хатога ўхшасада, ҳарбий ишоралар тилида давлат байроғининг тескари осиб қўйилиши уруш ҳолатида таслим бўлишни англатади.

Ҳиндистон миллий байроғи бутун узунлиги бўйлаб ўтувчи зарғалдоқ, оқ ва тўқ яшил рангли уч рангдан иборат. Байроқнинг ўртасидаги оқ рангли эннинг ўртасига кўк рангли ғилдирак расми туширилган.

Мазкур байроқ мамлакат ўз мустақиллигини эълон қилган 1947 йилда қабул қилинган.

Ҳиндистон вице-президенти Ҳамид Ансорий Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюрмоқда. Ташриф доирасида Ансорий Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашди.

Ўзбек матбуотига кўра, музокаралар давомида икки томонлама алоқаларни кучайтириш, Афғонистондаги вазият, террорчиликка қарши кураш, иқтисодий ҳамокорлик ва бошқа масалалар муҳокама этилган.

Шунингдек Ўзбекистон-Ҳиндистон ўртасида тўғридан-тўғри қатновчи авиарейслар сонини ошириш масаласи ҳам музокараларда кўтарилган.

Ҳиндистон вице-президенти Самарқандга ташрифидан сўнг Бухоро шаҳрини зиёрат қилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ҳозирда 200 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Ҳиндистон Ўзбекистонга асосан дори воситалари ва фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG