Линклар

logo-print

TeliaSonera раҳбари "ўзбек иши" бўйича швед парламентигa ҳисоб беради


TeliaSonera ширкати бошқарув кенгаши раиси Мария Ирлинг.

TeliaSonera ширкати бошқарув кенгаши раиси Мария Ирлинг.

Швеция жамоатчилик телевидениесида "Москвадан келган чопар" номли ҳужжат филм намойиш қилинганидан сўнг TeliaSonera ширкатининг раҳбарияти парламентга чақиртирилди. 4 июн куни парламентнинг ёпиқ эшиклари ортида ўтадиган йиғилишида ширкат раҳбари ҳужжатли филмдан сўнг парламент аъзоларида туғилган саволларга жавоб бериши лозим.

Швеция парламенти — Риксдагда 4 июн куни Бизнес ва савдо қўмитаси аъзолари иштирокида ўтадиган учрашувга TeliaSonera ширкатининг бошқарув кенгаши раиси Мария Ирлинг чақирилган.

Унга бир қатор кескин саволларни ҳозирлаб қўйганини айтган мухолифатдаги Яшиллар партияси раиси ўринбосари Йонас Эрикссон давлатга қараши ширкат раҳбарининг парламентга чақирилиш сабабларини шундай изоҳлади:

- Мария Ирлингни парламентга чақиришнинг икки сабаби бор. Биринчиси, Telia Sonera ўзбек режимига ўз фуқаролари устидан назорат ўрнатишда ҳануз ёрдам бераяптими-йўқми, шуни аниқлаш. Иккинчиси, ширкатнинг Ўзбекистонда Каримовлар оиласи билан олиб борилган коррупциявий алоқаларга оидми ёки йўқлигини аниқлаш, деди Йонас Эрикссон Озодлик билан суҳбатда.

Мухолифатчи депутат ширкат раҳбарияти билан бир неча ой аввал парламентда ўтган йиғилишда ҳам иштирок этгани ва ўшанда бу муаммони ҳал қилиш аниқ-тиниқ ваъда қилинганини эслади:

- Бунинг ўрнига коррупцияга оид қандайдир ҳаракатларнинг давом этаётгани ҳақида журналистлар аниқлаган маълумотлар мени лол қолдирди. Учрашувда шахсан мен шу масалага аниқлик киритмоқчиман, деди швед парламенти аъзоси.

Ушбу учрашувда, шунингдек TeliaSonera каби акцияларининг бир қисми ҳукуматга тегишли ширкатлар фаолиятини назорат қилувчи Молиявий бозорлар вазири Питер Норманнинг ҳам иштирок этиши айтилди.

Петер Норман ва айни пайтда TeliaSonera раҳбари Мария Ирлинг ҳам ўз лавозимида янги эканини алоҳида таъкидлаган яна бир парламент аъзоси - ҳукумат таркибида бўлган Либераллар партияси аъзоси Ева Флайборг швед парламенти бу можарога зудликда чек қўйиш ниятида эканини айтди:

- Коррупция - жамиятни ичдан емирган саратон касаллигига ўхшайди. Бу касаллик билан яшаб бўлмайди. Ҳозир полиция ўз терговини олиб борaяпти. Бундан ташқари, қўмитамиз ҳам, парламент ҳам ширкат теграсидаги жараённи жиддий эътибор билан кузатaяпти ва буни ширкатга ҳам билдирганмиз. Агар зарур бўлса, бу борада ширкатларга оид қонунчиликни ўзгартирамиз. Бу айбловлар эски ишларга боғлиқ бўлган ва яна юзага чиққан айбловлар. Нима бўлганда ҳам¸ бундай ишнинг яна содир бўлишига йўқ қўймаймиз, деб қўшиб қўйди Ева Флайборг.

Мария Ирлинг Швецияда катта обрў-эътибор ва таъсирга эга бўлган бизнес етакчиларидан бири ҳисобланади.

2006 йилда у Форбс журналининг дунё бизнес оламида таъсири кучли бўлган 100 аёл рўйхатига киритилган.

Бундан ташқари, у 2004-2006 йиллар оралиғида TeliaSoneraнинг Швециядаги фаолиятига президентлик қилган.

Швеция жамоат телевидениеси журналистларининг ўтган йил кузида тақдим қилган "TeliaSonera:Ўзбек иши" деб номланган илк ҳужжатли филми ортидан TeliaSonera бошқарувида жиддий ўзгаришлар бўлди ва Мария Ирлинг ширкат бошқарув кенгаши раиси этиб тайинланди.

22 май куни эълон қилинган "Москвадан келган чопар" ҳужжатли филмида TeliaSonera раҳбарияти бир неча ой муқаддам парламент аъзолари сўроқларига жавобан берилган ваъдаларни бажариш ўрнига Гулнора Каримовага алоқадор жамғармаларга пул ўтказиш¸ коррупцион келишувларни адо этаëтганликда айбланди.

Парламентдаги муҳокамалар самарасига билдирилган шубҳаларга жавобан мамлакатдаги энг йирик сиёсий партия — Социалистлар партиясининг Риксдагдаги вакили Енни Нилсон: "Қанчадир даражада чоралар кўрилди", деб жавоб берди.

- Мен айтиб ўтмоқчиманки, ширкат бошқарув кенгаши раиси Ларс Нюберг истеъфо берди. Парламент аралашувидан сўнг бошқарув кенгаши таркибида айрим ўзгаришлар бўлди. Аммо бу ўзгаришлар муаммони ҳал қилиш учун етарлими¸ ҳозирча бу маълум эмас ва айнан шу жуда қониқарсиздир, деди Енни Нилсон.

Telia Sonera ва Гулнора Каримова ўртасидаги ноқонуний олди-бердиларга оид иддаолар ҳозир полиция тергови остида экани таъкидлаган бу парламент аъзоси ҳам терговнинг якунини кутиш муҳимлигини алоҳида урғулади.

Мавжуд тартибга биноан, парламентнинг Бизнес ва савдо қўмитасида 4 июн куни бўладиган учрашувдан сўнг матбуотга ҳеч қандай расмий баёнот берилмайди.

Айни пайтда¸ можарога билдирилган жамоатчилик қизишини муҳим, деб билган парламент аъзолари Швеция нуфузига соя солаётган ширкат раҳбари билан сўроқ-савол якунини матбуотга етказишга ҳамиша ҳозирликларини билдирдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG