Линклар

logo-print

Швед филмлари Гулнора Каримованинг Ўзбекистон ичкарисидаги имижига таъсир кўрсатадими?


Гулнора Каримова Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ қидирувга берилган Баҳодир Каримжонов (Баҳо шакар) билан хайрия тадбирларидан бирида.

Гулнора Каримова Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ қидирувга берилган Баҳодир Каримжонов (Баҳо шакар) билан хайрия тадбирларидан бирида.


Душанба¸ 27 май куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган жонли интерактив мулоқотимизда Ўзбекистон президентлигига асосий ворис деб кўрилаëтган Гулнора Каримовага нисбатан Ғарбда қўйилаëтган ҳужжатли айбловлар ва унга ўзбекистонликлар муносабатини ўргандик.

Швеция жамоатчилик телевидениеси мухбирлари ҳозирлаган “Москвадан келган чопар” ҳужжатли филми UCell эгаси TeliaSonera ширкати бошидаги булутларни яна қуюқлаштирди – 4 июн куни ширкат бошқаруви бу филмдаги айбловлар юзасидан парламент депутатларига ҳисоб беради. Бу филм муносабати билан ширкатда яна анча “калла”нинг кетиши кутилмоқда.

Ҳукумат ва парламент ўз фаолиятини жамоатчилик фикри асосида юритадиган демократик Швецияда журналистлар ўтказган тергов-суриштирув қуëшли кунда чақнаган чақмоқ каби акс-садо бермоқда.

Акцияларнинг 24 фоизи Швеция ҳукуматига қарашли бўлган TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш мақсадида Гулнора Каримовага қарашли ўта ношаффоф ва сирли оффшор ширкатлари билан келишиб¸ уларга юзлаб миллион доллар тўлаганига оид дастлабки айблов¸ ширкат бошқарувини остин-устун қилиб юборган эди.



“Вазифа: текшириш” журналистик суриштирув рукни доирасида тайёрланган “TeliaSonera – Ўзбек иши” филми 2012 йил сентябр ойида эълон қилинган эди. 2012 йилнинг декабрида эса Швеция жамоатчилик телевидениеси журналистлари филмнинг иккинчи қисми - “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” номли ҳужжатли филмни эфирга берди.



Бу филмларда катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Takilant воситачи фирмаси орқали Гулнора Каримовага жами 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддао қилинди.

Ҳужжатли филмларда илгари сурилган айбловлар Швеция прокуратурасининг TeliaSonera ширкати устидан расмий тергов бошлаши¸ ҳамда ширкат президенти Ларс Нюбергнинг истеъфоси ва бошқарув ҳайъати таркибининг тўла алмаштирилишига сабаб бўлди.

Жамоатчилик телевидениесининг айни гуруҳи ҳозирлаган ҳужжатли айбловларнинг учинчи қисми – “Москвадан келган чопар” филми эълон қилиниши билан Швеция парламенти TeliaSoneraнинг янги бошқарув кенгаши раисини янги айбловлар юзасидан ҳисоб беришга чақиртирди.

“Бугунга келиб¸ Ўзбекистон деган давлатнинг борлигидан ҳам бехабар яшаган шведлар¸ TeliaSonera ва Гулнора Каримова деган сўзлар бирикмасини бирга қўллайдиган бўлиб қолди ва парламентдаги ўз вакилларидан бу айбловларга ойдинлик киритишни сўрамоқда”¸ дейди швециялик журналистлардан бири.

Швед журналистлари ва жамоатчиликни қизиқтираëтган асосий жиҳат дунëда коррупциядан энг холи деб кўриладиган Швеция каби мамлакатдаги бир қисм акциялари ҳукуматга тегишли бўлган йирик ширкатнинг Ўзбекистон каби диктаторлик режими билан қайси бизнес ва ахлоқ қоидалари асосида фаолият юритаëтгани масаласидир.

Айни пайтда¸ танганинг иккинчи томонида Ўзбекистон ҳукумати ва ўзбек жамоатчилиги турибди.

Швецияда сентябр ойидан бери кетма-кет пайдо бўлган ҳужжатли айбловларга асосланган уч ҳужжатли филмга нима учун расмий Тошкент расмий муносабат билдирмаëтир?

Ўзбекистон Бош прокуратураси¸ Миллий хавфсизлик хизмати¸ Ички ишлар вазирлиги қошидаги коррупцияга қарши кураш бошқармалари Ўзбекистон бизнес муҳитининг мутлақ коррупциялашганига оид бу айбловлар юзасидан нима учун ўз текширувини ўтказмаëтир?

Швед филмларида Ўзбекистондаги бизнес муҳити устидан 30-йиллар мафияси услубида тўлиқ назорат ўрнатганликда айбланаëтган Гулнора Каримова ўзи уюштираëтган интервюларда нима учун бу ҳақда лом-мим демаëтир?

Ўзбек жамоатчилигичи? Бу ҳужжатли филмлар¸ уларда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига нисбатан қўйилаëтган ҳужжатли айбловлар¸ ўзбек жамоатчилиги диққатига етиб бордими?

Борган бўлса¸ уларнинг бу айбловларга муносабати қандай?

Бу филмлардаги айбловлар Гулнора Каримованинг ўзбекистонликлар ичидаги имижига қандай таъсир кўрсатмоқда?

Ҳужжатли филмлардаги ҳужжатли айблар Сизнинг Гулнора Каримовага оид тушунча ва қарашларингизни ўзгартирдими?

“Ўзбек маликаси”¸ отасининг тахтига ворис деб кўрилаëтган Гулнора Каримовага қўйилаëтган айблар¸ Ўзбекистон имижига қандай таъсир кўрсатмоқда?


OzodlikOnlineнинг 27 май куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган навбатдаги мулоқотида ана шу саволларга Сиз билан бирга ана шу саволларга жавоб излаймиз.

Агар ҳозирга қадар OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзилларимизга қўшилмаган бўлсангиз¸ марҳамат¸ дарҳол бу манзилларга сўров юборинг ва скайпдошларимиз сафига қўшилинг!






OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG