Линклар

Беш кундирки Стокҳолмнинг, асосан, муҳожирлар истиқомат қиладиган туманларида давом этаётган тартибсизликлар давомида ўнлаб автомобил ва шаҳар полициясининг идоралари ёқилди. Хабарларга кўра, шундай ҳаракатлар билан ёшлар сўнгги йилларда уларни қийнаб юборган ишсизлик ва ночор ижтимоий ҳимояга қарши норозилигини билдирмоқда.

Швеция пойтахти Стокҳолмдаги тартбисизликлар беш кун муқаддам шаҳарнинг 12 минг аҳоли яшайдиган Ҳусби туманида полиция томонидан қуролланган 65 ёшли қариянинг отиб ўлдирилишидан бошланиб кетди.

Кейинги бир неча кун ичида тартибсизлар шаҳарнинг бошқа туманларига ҳам кўча бошлади ва унда иштирок этаётганлар сафига 17-18 яшар ўсмирлардан тортиб, 30 ёшгача бўлган ишсиз ёшлар келиб қўшила бошлади.

Сўнгги хабарларга кўра, пайшанбадан жумага ўтар кечасининг ўзида шаҳарнинг бир неча туманида тўққиз автомобил, иккита мактаб ва бир полиция бўлимга ўт қўйилган.

Полиция шу кунга қадар камида 8 бузғунчи қўлга олинганини билдирди. Жароҳат олганлар ҳақида эса ҳозирча маълумотлар йўқ.

Стокҳолм марказига яқин Фитя туманидаги яшайдиган ўзбек муҳожир Муҳаммад у яшаб турган туманда ҳам аҳоли автомобиллари ва жамоат транспортига зарар етказилганини айтди.

- Мен яшаб турган Фитя туманида ҳам шунақа воқеалар бўлди. Бегуноҳ одамларнинг машиналарини ёқворишган, метроларнинг ойнакларини синдирворишган. Эрталаб ишга кетаётганда ҳар кун чиқадиган автобусим бор. Шу автобуслар қатнамай қўйди ҳозир. Бунинг асосий сабаби ишсизлик дейишяпти ҳозир, деди муҳожир ўзбеклардан бири Муҳаммад.

Стокҳолмда истиқомат қилаётган журналист - ТТ ахборот агентлигининг муҳаррири Виктор Олсон бу тартибсизликларнинг сабабларига тўхталди.

- Шаҳарнинг бошқа қисмидан ажралиб турадиган у туманларида ишсизлик даржаси жуда юқори. Ишсиз ёшлар жуда кўп. Нима қилишини билмай юришибди. Бундан ўша ердаги аҳоли ҳар доим ташвишда ва биринчи сабаб шу билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яна бир тахмин эса ўша ҳудудларда бекор юрган жиноятчиларнинг иши бўлиши мумкин. Ҳозирча бу тартибсизликнинг нега келиб чиққани сабаблари аниқ эмас, деди швед журналисти.

Журналист бундай ҳодисаларнинг аввал ҳам содир бўлганини эслатиб ўтар экан, бу галги тартибсизликнинг 5 кундан бери давом этаётгани фарқли жиҳат эканини урғулаб ўтди.

Айни пайтда ҳодисани шарҳлаётган аксар швед социологлари мамлакатдаги ишсизлик даражасининг юқорилиги, муҳожир ёшларнинг изоляцияда қолгани, ҳукумат томонидан ижтимоий нафақаларнинг қисқартирилганини тартибсизликларга омил яратгани ҳақида гапирмоқдалар.

6 йилдан буён Стокҳолмда яшаётган ва бир вақтининг ўзида 3-4та ишда ишлаётганини айтган Муҳаммад бу шаҳар ёшлари учун ишсизлик ҳақиқатда катта муаммо эканини айтди.

- Биз ўзбеклар ишлагани келганимиз учун ҳар қанақа иш бўлса, ишлайверамиз. Лекин, мени ўзим шунча ишда ишласам ҳам ҳали 8 соатлик тўлиқ иш топа олмадим. Меҳнат биржаларининг расмийлари ҳам иш йўқлигини айтишади. Бундан 3 йил олдин ҳам иш топиш бунчалик қийин эмасди. 5 йил олдин эса анча осон эди. Ҳозир жуда қийин, дейди Муҳаммад.

Қуйида Муҳаммад билан қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG