Линклар

“ВКонтакте” билан боғлиқ жанжаллар сони яна биттага кўпайди


vk.com Россиядаги энг йирик ижтимоий тармоқдир.

vk.com Россиядаги энг йирик ижтимоий тармоқдир.

Россиядаги 200 миллион фойдаланувчига эга бўлган “ВКонтакте” ижтимоий тармоғи болалар порнографиясини тарқатишда гумонланиб вақтинча тўсиб қўйилди. Бундан аввалроқ тармоқ асосчиси Павел Дуров халқаро қидирувга берилган, ижтимоий тармоқ эса Кремл билан тил бириктирган ҳолда мухолиф сиёсатчилар обрўсини тўкиш билан шуғуллангани айтилган.

Россиядаги машҳур “ВКонтакте” ижтимоий тармоғи хатолик туфайли жума куни тақиқланган сайтлар рўйхатига кириб қолган ва бунинг учун узр сўраймиз, деб билдирди жума куни Роскомнадзор вакили Владимир Пиков.

Хатолик натижасида ижтимоий тармоқ бир неча соат тўсиб қўйилган, аммо хато тўғрилангач, тармоқ яна ишлай бошлаган.

Маълумотларга кўра, дастлаб “ВКонтакте” болалар порнографиясини тарқатаётганликда гумон қилиниб ёпиб қўйилган. Бунга тармоқдаги болалар модасига оид саҳифада душда ювинаётган қизчанинг сурати илингани сабаб бўлган. Кейинроқ эса Роскомнадзор бу хато бўлганини айтиб, сайтдан тўсиқни олиб ташлаган.

“ВКонтакте” Россия интернет ҳудудидаги энг йирик ижтимоий тармоқ бўлиб ҳисобланади. Тармоқда рўйхатга олинган фойдаланувчилар сони 200 миллион кишини ташкил қилади. Ҳар куни мазкур тармоққа 40-50 миллион атрофида фойдаланувчи кириши айтилади.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқ билан боғлиқ турли жанжаллар юз бермоқда. Жумладан тармоқ асосчиси Павел Дуров федерал қидирувга берилган. У жорий йилнинг 5 апрелида йўл ҳаракати нозирига таҳдид қилганликда айбланмоқда. Дуров бир неча марта терговга чақирилган, лекин келмаган. У айни пайтда АҚШга қочиб кетган, деган тахминлар ҳам мавжуд.

Ўтган йили Павел Дуров Петербургдаги “Дворцовий” майдонида турли қийматдаги қоғоз пуллардан қоғоз самолётчалар ясаб учиргани билан матбуотнинг диққат марказига тушган эди.

Жорий йилнинг апрел ойи бошларида эса ижтимоий тармоқнинг матбуот котиби Владислав Циплухин тармоқ “ўз иш берувчисини ортиқча ғалвалардан сақлаш мақсадида Кремл билан ҳамкорлик” қилганини тан олган.

Бу мавзуда “Новая газета”да чоп этилган мақолада айтилишча, “ВКонтакте” ўз фойдаланувчилари ҳақидаги маълумотларни Федерал тергов бюроси, Ички ишлар вазирлиги ва президент маъмуриятига етказиб турган. Исбот тариқасида “Новая газета” мақолага Циплухиннинг 2011 йил июлидан декабригача президент маъмуриятига жўнатган мактублари скриншотларини илова қилган.

Мазкур хатлардан маълум бўлишича, “ВКонтакте” ижтимоий тармоғи Кремл топшириғи ва молиявий қўллови остида Россия раҳбарияти номақбул деб ҳисобловчи сиёсатчиларнинг обрўсини тўкиш ва сиёсий дискредитация билан шуғулланган. Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқ томонидан дискредитация қилиниши керак бўлган сиёсатчилар рўйхатида Россия собиқ молия вазири Алексей Кудрин ва бизнемен Михаил Прохоров ҳам бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG