Линклар

logo-print

Шанбага ўтар кечаси Ўзбекистон шарқида 5,5 -6 магнитудали зилзила юз бергани қайд этилди. АҚШ Геология хизматининг маълум қилишича, зилзила Тошкент вақти билан соат 3.18 да бўлган. Унинг эпицентри Бўка шаҳридан 9 километр узоқликда , ўчоғи эса 15,8 километр ер остида бўлган. Озодлик суҳбатдошларининг айтишларича, аҳоли орасида "зилзиладан Тўйтепа атрофида, Бўкада деворлар, пахса уйлар қулаб тушибди" деган миш-мишлар бор. Бироқ бу гаплар ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

“Тошкент” сейсмик станциясидан олинган дастлабки маълумотларга таянсак, зилзила Тошкент шаҳри жанубидан 32 километр, Тўйтепа шаҳридан эса 7 километр олисликда юз берган. Зилзиланинг кучи Тошкентда ҳам кучли даражада сезилган.

“Тошкент” сейсмик станциясининг маълум қилишича, Тошкентда зилзила кучи 4-5 баллга, Олмалиқда 3 баллга, Самарқандда эса 2 баллга тенг бўлган.


-Биз ухлаб ётган эдик. Бирдан “қарс” этиб ердан кўтарилгандек бир овоз эшитилди. Ҳамма оила аъзоларимиз билан невараларимни олиб кўчага қочиб чиқдик. Кучли зилзила бўлди. Ҳозир қарасам, уйимизни у ер бу ерида шувоқлар кўчиб кетибди, дарвозани олдидаги девор ёрилиб қолибди, -деди Тошкентнинг Яккасарой туманида яшовчи Махсума опа.

Тошкентлик қолган суҳбатдошларимиз ҳам зилзила кучи Тошкентда сезиларли бўлганини, айрим эски ҳовлиларда сувоқлар кўчганини тасдиқлашди. Тошкентлик суҳбатдошларимизга кўра, кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг кўпчилиги зилзиладан қўрқиб, хонадонларидан қочиб пастга тушган. Уларнинг баъзилари тонггача уйларига қайтиб киришга чўчишган.

Тошкент вилоятининг Тўйтепа қишлоғидан бўлган Наримон ака эса бу ердаги айрим уйларга зилзила туфайли катта бўлмаган миқдорда зиён етганини айтиб берди:

-Тахминан саҳарги 3.20-3.25ларда зилзила бўлди. Ташқарига қочиб чиқаётсак, бир нарса “тўп” этиб тушди. Нима экан, деб қарасам, уйимнинг бир квадрат метрдан ортиқроқ жойидаги сувоғи кўчиб тушибди. Ошхонамнинг ғишт билан урилган қисмидан 20 тача ғишт қулаб тушибди. Қўшнимнинг томидаги бир нечта шифери ҳам ерга тушиб синиб кетган. Зилзила анчагина ваҳима уйғотди. Уйимиздан сал нарироқда дом бор эди. Домдагилар эрталб кун ёришгунча, соат-беш-олтигача уйларига киргани қўрқиб, кўчада тонг оттиришибди, -деди тўйтепалик Наримон ака.

Тўйтепалик суҳбатдошларимиздан айримларининг айтишларича, Тўйтепадан унча узоқ бўлмаган Куйбишев деган аҳоли пунктида “уйларнинг деворлари қулаб тушибди экан”, деган миш-мишлар тарқаган. Лекин мазкур аҳоли пунктида яшовчи Умидбек исмли автобус ҳайдовчиси бу миш-мишлар нотўғри эканини айтди:

-Зилзила кучли бўлди. Шиферлар томдан ерга тушиб кетди. Деворлар ёрилди. Бироқ қулаган деворлар, вайроналар йўқ. Деворлар ёрилган ҳолос. Аммо Бўкада деворлар қулаган, деган гапларни эшитдик, -деди Умидбек.
Бироқ бу малумот қанчалик асосли эканини ҳозирча расмийлардан ёки бўкаликлардан аниқлашнинг иложиси бўлгани йўқ.

“Тошкент” сейсмик станциясининг билдиришича, айни пайтда зилзила эпицентри бўлган туманга тезкор гуруҳлар жўнатилган. Ҳозирча вайроналар ёки зилзиладан кўрилган зарар ҳақида расмий ишончли маълумотлар йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG