Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:58

Ашхобод яна Гиннес китобига кирди


Туркманистон бешинчи марта Гиннеснинг рекордлар китобида тилга олинмоқда.

Бу сафар пойтахт Ашхободдаги оқ мармарли бинолар Гиннес китоби муаллифларини ўзига жалб этди.

Китобнинг бош муҳаррири Крейг Глендейл жума куни Туркманистон раҳбариятига Ашхобод дунёдаги оқ мармар билан қопланган бинолар энг кўп бўлган шаҳар, дея эътироф этилган махсус сертификатни топширди.

Гиннеснинг рекордлар китобида келтирилишича, Ашхободда сўнгги йилларда 543та оқ мармарли бино қуриб битказилган.

Оқ мармар билан қопланган бино деворларининг умумий кенглиги 4.5 миллион квадрат метрни ташкил этади.

- Ҳозирги вақтда дунёнинг ҳеч бир шаҳрида бунақа ҳажмда оқ мармарли бинолар қурилмаган, - деди Глендейл.

Туркманистон пойтахти бундан аввал ҳам бир неча марта Гиннеснинг рекордлар китобига кирган.

2011 йилда Ашхободдаги телеминоранинг қуёш энергияси таъсирида кечаю-кундиз ёниб турадиган улкан саккиз қиррали юлдузи инсон қўли билан ясалган дунёдаги энг катта юлдуз, деб тан олинди.

Баландлиги 211 метр бўлган минора мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида денгиз сатҳидан минг метр баланддаги Копетдоғ чўққисида қад кўтарди.

2009 йилда эса Туркманистон ўзининг энг катта гилами билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирган эди.

Гиламнинг катталиги 301 квадрат метр, оғирлиги 1200 килограмм бўлган.

Шунингдек, Ашхободдаги фонтан комплекси дунёдаги энг катта фаввора сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирган.

Узоқ йиллардан буён автократик бошқарув остида бўлиб келаётган Туркманистон дунёдаги энг коррупциялашган мамлакатлардан биридир.

Нефт ва газга бой мамлакатда президент табиий бойликлар сотилишидан кўриладиган даромад ҳақида халқига ҳисоб бермайди.
XS
SM
MD
LG