Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:56

Ўзбекистонда яна ер қимирлади


26 май куни Ўзбекистонда 6 магнитудали зилзила юз берди. Табиий офат натижасида талафот ёки моддий зарар кўрилгани ҳақида маълумот ҳозирча йўқ.

АҚШ Геология маркази 26 май куни Ўзбекистон шарқида 6 магнитудали ер силкиниши рўй берганини хабар қилди.

Зилзила эпимаркази Тошкентдан 194 километр жанубий-ғарбда, Самарқанд вилоятидаги Булунғур шаҳридан қарийб 27 километр нарида бўлган.

Талафот ёки моддий зарар кўрилгани ҳақида маълумот олинмаган.

Ер силкиниши зилзила марказидан 200 километр нарида жойлашган Тожикистон пойтахти Душанбеда ҳам сезилган.

Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти маълумотига кўра, зилзила якшанба куни маҳаллий вақи билан соат 11:08 да рўй берган.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, бугунги зилзила кучи Тошкентда 4 баллни, Самарқанд ва Жиззахда 5 баллни ташкил қилган.

Самарқандлик уй бекаси Саодат Озодлик билан суҳбатда ўзи яшаган жойда бундай кучли ер силкиниши бўлганини эслай олмаслигини айтди.

- Ер қимирлади. Соат 11 ларда қимирлади. Тахминан уч минут давом этди. Самарқандда ҳали бунақа ер қимирлаши бўлмаганди, - дейди Саодат.

Тошкентдаги кўп қаватли бинолардан бирида яшовчи Дилбар опа Озодлик билан суҳбатда 26 май кунги ер силкиниши бир кун олдингисига қараганда узоқроқ давом этганини айтди.

- Олдинги сафар кечаси бўлгани роса қаттиқ бўлганди. Бу гал қаттиқ бўлмадию, силкиниб, бир хилда тебраниб турди. Олдингисида кескин, қаттиқ-қаттиқ қимирлаган эди. Тебраниш вақти бу сафар кўп бўлди. Уч минутча тўхтамасдан қимирлади, -деди тошкентлик Дилбар.

Озодлик билан суҳбатда бўлганлар ер силкиниши натижасида биноларга жиддий зарар етмаганини қўшимча қилди.

25 май куни соат 03.18 да Тошкент шаҳри ва пойтахт атрофида зилзила содир бўлган эди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти зилзила кучи Тошкентда 5 балл, Олмалиқда 3 балл, Тўйтепа ва Пскент туманида 6 баллни ташкил қилганини, ер силкиниши оқибатида талафот кўрилмаганини билдирганди.
XS
SM
MD
LG